2.2. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари деганда ўз фаолияти давомида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат ва нодавлат органларини тушунамиз.
Давлат органларига Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, ҳукумат, маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда нодавлат ташкилотларини киритишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг конституциявий кафили16 сифатида аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги роли жуда каттадир. Бунга Президент томонидан 1997 йилни “Инсон манфаатлари йили, 1998 йилни “Оила йили”, 1999 йилни “Аёллар йили, 2001 йилни “Она ва бола йили”, 2002 йилни “Соғлом авлод йили” деб эълон қилиниши, мамлакатда аёлларнинг ижтимоий ролини оширишга оид қабул қилаётган фармонларини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, Президент ўз фаолияти давомида аёлларга катта эътибор қаратаётгани тўғрисида деярли ҳар кунги оммавий ахборот воситаларида бериб борилаётган ахборотлардан хулоса чиқаришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарининг бу соҳадаги фаолиятига қуйидагилар киради: аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ишлаб чиқиш ва такомиллаштириб бориш; аёллар ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш; аёллар ҳуқуқларига оид қонунларни ҳамда Ўзбекистон қўшилган халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан парламент назоратини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикасининг ҳукуматининг вазифасига парламент томонидан қабул қилинган қонунларни ижро этиш; аёллар ҳуқуқларига оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 2 мартида «Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида аёллар ролини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони эълон қилинди. Ушбу фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аёллар қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари мақомига тенглаштирилди. Бу қўмитанинг мақсади аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдир.
Ушбу фармон билан давлатда аёллар фаолиятининг доираси кўрсатиб ўтилди, уларнинг юқори фуқаролик мақоми белгилаб берилди. Бу фармон билан республиканинг аёллари ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиш масалаларини ҳал этишга жалб этилди, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки фаоллаштирилди17.
1991 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси қуйидагиларни ўз фаолиятининг асосий йўналишлари қилиб белгилади:
аёллар аҳволини, уларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги иштироки даражасини, хотин қизлар меҳнат шароитини, оиладаги маънавий шароитни, шунингдек, жамиятда аёллар ижтимоий муҳофазаси даражасини таҳлил этиш, ушбу соҳадаги муаммоларни ечиш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
хотин-қизлар фаол кадрларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар резервини тайёрлашда фаол қатнашиш, аёлларни актив меҳнат фаолиятига жалб этиш;
оила, оналик ва болалик манфаатларига тааллуқли масалаларда қонунлар яратиш ишида иштирок этиш18.
Маҳаллий ҳокимиятлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва ҳамда туманларда аёллар масалалари бўйича ҳоким муовинлари мансаблари жорий этилган. Уларнинг асосий вазифаси ҳудуддаги аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳалардаги аҳволини яхшилашдан иборатдир.
Маҳаллаларда маҳалла оқсоқолининг аёллар билан ишлаш бўйича маслаҳатчилари ўрни жорий этилди. Бу эса, бугунги кунда мамлакатда ижро ҳокимиятининг барча бўғинларида аёллар масаласи давлат сиёсатининг долзарб масаласи даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Юқоридагилар билан бирга аёллар ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланди.
Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда миллий институтларнинг роли ва аҳамияти каттадир. Бундай миллий институтларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Миллий марказини киритиш мумкин.