Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) институти Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Олий Мажлиснинг 1- сессиясида ташкил этилди ва 1995 йил 6 майда ташкил этилди. Вакил ва Комиссия фаолияти Олий Мажлиснинг 1995 йил 29 август Қарори билан тасдиқланган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Низом билан тартибга солинган.
1997 йил 24 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг саккизинчи сессиясида “ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида” Қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилнинг ҳуқуқий ҳолатини, фаолият соҳаси ва тамойилларини, шунингдек, лавозимга сайланиш ва ишдан бўшатилиш тартибини, фуқароларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқишдаги ваколатлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялашдаги ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаб беради.19 Ушбу қонун парламент ислоҳотларини амалга оширилиши муносабати билан 2004 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинди.
Вакил ўз вазифаларини бажаришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилиги ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларга амал қилади.
Вакил кенг ҳуқуқий ваколатларга эга бўлиб, унинг фаолияти давлат ва фуқаро, жамият ва шахсга оид ижтимоий муносабатларнинг муҳим соҳасини ўз ичига олади. Ҳозирги замон жамиятининг ҳаёти ва фаолиятининг Вакилга тааллуқли бўлмаган бирорта соҳаси йўқ, чунки инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари Вакилнинг асосий диққат объекти ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан аёллар ҳуқуқлари масаласи Вакил фаолиятида муҳим ўрин тутади.
Бир томондан, Вакил зиммасига тарбиявий ва маърифий функциялар юклатилган: у инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий тизимлар қатори инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш заруратини ялпи тан олдириш ва тушунишга кенг кўламда кўмаклашади, жамиятга Ўзбекистон қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари, кафолатлари ва бурчлари ҳақида атрофлича ахборот беради.
Иккинчи томондан, Вакил фуқаролар ҳуқуқларининг беғараз ва инсонпарвар ҳимоячисидир, у инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқади ва текширади, айрим ташкилотлар ва мансабдор шахслар йўл қўйган хатоликларни тугатиш юзасидан тадбирлар тавсия қилади, фуқаролар ҳуқуқлари тикланишига ёрдамлашиб, инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига сабабчи шахсларни қонунга биноан жавобгарликка тортиш тўғрисида тавсия қилишга ҳам ҳақлидир.
Учинчи томондан, Вакил фаолияти чуқур таҳлилий иш билан боғлиқ: у мамлакатда инсон ҳуқуқларига қандай риоя қилинаётганлигини ўрганиши ва таҳлил этиши, инсон ҳуқуқлари бузилишини келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаши, Ўзбекистон ҳуқуқ нормаларининг шу соҳадаги халқаро шартномаларга қанчалар мувофиқлигини текшириши, инсон ҳуқуқларига амал қилишни таъминлайдиган дастурлар ишлаб чиқиши ва бошқа ташкилотлар тайёрлаган таҳлилий дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилишида иштирок этиши лозим.
Вакил фаолиятининг тўртинчи йўналиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида мавжуд чет эл тажрибасини ўрганиш ва шу билан бирга, жаҳон жамоатчилигини республикамиздаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоялаш аҳволидан хабардор қилиб туришдир.
Шундай қилиб, Вакил фаолиятининг асосий йўналишлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари умумий ҳолатининг яхшиланиши инсон ва унинг ҳуқуқларининг жамоатчилик томонидан ҳурмат қилинишига ҳисса қўшади, зеро мамлакатнинг муваффақиятли демократик тараққиётини сиёсат, иқтисод, экология ва маданият соҳасида жаҳон цивилизацияси томонидан тан олинган инсон ҳуқуқлари тантанасисиз амалга ошириш мумкин эмас. Жамиятда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларнинг ҳимояси муаммоси қанчалик самарали ҳал этилса, у шунчалик демократияга фуқаролик жамияти шаклланишига яқинлашади.
Аёллар ҳуқуқлари масаласи Омбудсман томонидан олиб борилаётган фаолиятда муҳим ўрин тутади, буни баъзи статистик маълумотлардан билсак ҳам бўлади. Омбудсман девонига келиб тушаётган мурожаатларнинг 60%дан кўпроғини аёллардан келиб тушаётган мурожаатлар ташкил этади20.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти. Ўзбекистон Республикаси Вазарлар Маҳкамасининг 15 январ 1997 йилда №29 Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарори чиқди. Ушбу институтнинг мақоми 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги институт мақомига ўзгартирилди.
Мониторинг – лотинча «monitor» сўзидан олинган бўлиб кузатиш, ўрганиш, эслатиш, баҳолаш, истиқболни белгилаш ва назорат қилиш демакдир.
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти дунёда биринчи ташкил этилган парламент институти бўлиб, унинг фаолияти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти – демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини халқаро нормаларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий нормаларга риоя этилиши устидан мониторинг ҳамда самарали назоратни таъминлаш мақсадида ташкил этилган давлат ташкилотидир.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази. 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра Республика инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ тузилди. Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази давлат идоралараро таҳлил, тушунтириш ва мувофиқлаштириш органи ҳисобланади, яъни мазкур орган инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат бошқарув органлари фаолиятини мувофиқаштиради, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар миллий режасини ишлаб чиқади, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича миллий маърузалар тайёрлайди, давлат хизматчилари учун эса инсон ҳуқуқлари муҳофазаси соҳасида ахборт базаси яратади, уларни ўқитади, маслаҳатлар беради, ташвиқот ишлари олиб боради21.
Марказнинг асосий мақсади – устувор вазифаларни ҳар томонлама ҳал этиш йўли билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий фаолият дастурини – ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя этишнинг кўп жиҳатли тизимини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш.
Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий механизмга мамлакатимизда ташкил этилган аёллар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари ҳам киради. Уларга Касаба ушмалари, сиёсий партиялар, “Соғлом авлод учун” нодавлат ташкилоти, “Ижтимоий фикр”, “Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқни ўрганиш маркази” каби жамиятнинг барча аъзоларини қамраб олувчи нодавлат ташкилотлари, “Меҳри” Хотин-қизлар жамияти, “Тадбиркор аёллар” нодавлат ташкилоти, Самарқанддаги «Сабр” ишонч маркази каби фақатгина аёллар ҳуқуқлари билан ихтисослашган нодавлат ташкилотларини киритишимиз мумкин.
Бундай нодавлат ташкилотларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти жуда каттадир. Чунки, аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эътироф этиш фуқаролик жамиятининг асосий талаби бўлса, бундай ҳуқуқларни амалга оширишга қаратилган нодавлат ташкилотлари эса фуқаролик жамиятининг таркибий қисми ҳисобланади.