Турли овқат моддалари истеъмол қилинганда меъда ости безидан шира чиқиши
Меъда ости безининг секрецияси овқат ейилгандан 3-5 минут кейин (бошланади ва овқат таркибига қараб 6-14 соат давом этади. Овқат ҳазм қилинмаётган пайтда, наҳорга меъда ости безининг шираси ҳазм йўлининг даврий ҳаракатига қараб вақт-бавақт чиқиб туради. Ширанинг миқдори ва ундаги ферментлар таркиби ейилган овқат моддасининг сифатига боғлиқ. Гўшт, нон ёки сут истеъмол қилингандан сўнг меъда ости безидан шира чиқиши характерли. Энг кўп шира меъда ости бези секрециясининг иккинчи соатида - гўштга, биринчи соатида - нонга ва учинчи соатида - сутга ажралади.
Одам ёғи кам гўштли овқат еганда меъда ости безининг шираси жуда ёғли овқат ейилгандагига нисбатан 2,5 баравар ортиқ чиқади. Узоқ вақт ёғли овқат ейилса, меъда ости безидан чиқадиган шира секин-аста, кундан-кунга камайиб боради. Ҳайвонлар устидаги тажрибаларда меъда ости безининг ширасидаги ферментлар таркиби овқат характерига қараб ўзгариши кўрсатиб берилган. Одамлар кузатилганда ҳам шунга ўхшаш маълумотлар олинган. Ёғларга бой овқат еб турилганда меъда ости безининг ширасидаги липаза кўпаяди; углеродларга бой овқат истеъмол қилинганда амилаза кўпаяди, гўштли овқатлар еб турилганда меъда ости безининг ширасида трипсин кўпаяди. Меъда ости безидан шира чиқиш эгри чизиқлари меъдадан шира чиқиш эгри чизиқларига солиштириб кўрилганда уларнинг ўхшашлиги аниқланган, бу меъда ости бези билан меъда безларининг функцияси бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади. Бошқа ҳамма безлар каби, меъда ости бези секрецияси секретор ҳужайраларнинг актив ишлаш оқибатидир. Унда энергия сарфланади ва оксидланиш процесслари кучаяди. Ишлаётган без кислородни 2-3 баравар кўпроқ истеъмол қилади ва без тўқимасининг температураси кўтарилади.
Меъда ости безидан шира чиқиши (панкреатик секреция)нинг бошқарилиши
Меъда ости бези секрециясининг сабаби иккита: нерв ва гуморал механизмлари бор. Адашган нерв меъда ости безининг секретор нерви эканлигини И. П. Павлов хроник ҳамда ўткир тажрибаларда кўрсатиб берган. Хроник тажрибаларда без фистуласи бўлган итнинг адашган нервлапидан бири бўйиндан қирқилиб периферик учи тери остига маҳкамлаб қўйилган. Шундан 4-5 кун кейин, нерв айний бошлагач, электр токи билан таъсирланганда бездан шира чиққан. Адашган нерв таркибида секрецияни қўзғатувчи толалар хам, тормозловчи толалар ҳам бор. Серецияни тормозловчи толалар тезроқ айнийди, нерв қирқилгандан бир неча кун кейин тормозловчи толаларнинг қўзғалиши серецияни қўзғатувчи толаларнинг таъсир кўрсатишига шунинг учун ҳам ҳалақит бермайди. Иккинчи (қирқилмаган) адашган нервга таъсир этиш секрецияни тўхтатади, чунки бунда толрмозловчи толаларни таъсирлаш эфекти кучлироқ бўлади. Бошқа нервларни, масалан, терининг сезувчи нервларини таъсирлаш ҳам секрецияни тўхтата олади. Меда ости безининг секрецияси бу ҳолда рефлекс йўли билан тормозланади.
Адашган нервга таъсир этилганда меъда оста безидан озгина шира чиқадию, унинг ферментатив активлиги юқори бўлади. Меъда ости безидан рефлекс йўли билан шира чиқиши (рефлектор механизм борлиги) мураккаб операция қилинган ҳайвонлар устидаги хроник тажрибаларда кўрсатиб берилган (А. В. Тонких). Бир томондан, овқатнинг ҳиди ва кўриниши, шунингдек уни ейиш билан боғланган бошқа турли таъсиротлар (шартли рефлектор таъсиротлар), иккинчи томондан, овқатни чайнаш ва ютиш (шартсиз рефлектор таъсиротлар) меъда ости безидан шира чиқишига сабаб бўлади. Овқат ейилганда ҳалқум ва оғиз бўшлиғининг рецепторлари таъсирланади, бу эса меъда ости безидан рефлекс йўли билан шира чиқартирадиган кучли таъсирловчидир. Бунда оғиз бўшлиғи ва ҳалқум рецепторларида пайдо бўлувчи импульслар меъда ости бези секрециясининг нерв маркази жойлашган узунчоқ мияга боради ва сўнгра адашган нервларнинг толалари орқали безга келиб, унинг секрециясида сабаб бўлади.
Панкреатик секреция овқат ейишдан 2-3 минут кейин бошланади. Бундай калта латент давр меъда ости безидан рефлекс йўли билан шира чиқишини исбот этадиган далиллардан биридир. Меъда ости безининг йўлида фистуласи бўлган одамга бериладиган овқат ҳақида гапиришганидан 1-3 минут кейин секреция бошлангани кузатилган. Панкреатик секреция бу ҳолда шартли рефлекс йўли билан қўзғалган. Ўн икки бармоқ ичакка хлорид кислота эритмалари ёки меъда шираси кириши меъда ости бези секрециясини қўзғатувчи кучли омилдир. Хлорид кислота ичак шиллиқ пардасининг ҳужайраларига таъсир этиб, секретин деган модда ҳосил қилишини, бу модда қонга ўтиб, меъда ости бези ҳужайраларига келишини ва уларнинг ишини қўзғатишини У. Бейлис билан Э. Старлинг аниқлаган.
Ўн икки бармоқ ичак шиллиқ пардасига хлорид кислотани таьсир эттириб тайёрланган экстракт қонга юборилганда меъда ости бези секрециясининг қўзғалиши бояги фактни тасдиқлайди. Меъда ости бези секрециясини қўзғайдиган бу актив модда ўн икки бармоқли ичак шиллиқ пардасида ишланадиган махсус химиявий қўзғатувчи, бошқача айтганда, гормондир. Ўн икки бармоқ ичакка меъда шираси билан ўтадиган хлорид кислота таъсирида просекретин деган инактив моддадан секретин хосил бўлади. Просекретин эса duodenum шиллиқ пардасининг ҳужайраларидан чиқади.
Шундай қилиб, меъда ости бези секрециясини бошқарадиган нерв: механизми билан бир қаторда гуморал механизм ҳам бор. Ҳайвонлар устидаги тажрибаларда меъда ости бези қорин бўшлиғидан кўчириб олиниб, тери остига ўтқазилган, без йўли эса теридаги жароҳатга тикиб қўйилган. Кўчириб ўтқазилган без бошқа органлар билан нерв алоқасидан маҳрум бўлиб, организмга фақат қон айланиши билан боғланганига қарамай, овқат ҳазм қилишнинг муайян пайтларида шира чиқарган. Бу тажриба ҳам меъда ости бези секрециясининг гуморал механизми борлигини исбот этади. Меъда ости бези секрециясининг гуморал механизми чалкаш қон айланиши билан ўтказилган тажрибаларда ҳам ўрганилган. Бунинг учун икки итнинг қон томирлари шундай уланганки, қон бир итдан иккинчисига ва аксинча ўтиб турган. Итлардан бирининг ўн икки бармоқ ичагига хлорид кислотаси юборилганда иккала итнинг меъда ости безидан шира чиқаверган. Ичакка хлорид кислота юборилганда ингичка ичакнинг юқори бўлимларида, асосан ўн икки бармоқ ичакда секретин хосил бўлади. Ингичка ичакнинг пастки бўлимларидаги шиллиқ пардада просекретин бўлмайди, Шунинг учун бу ерда секретин ҳосил бўлмайди. Просекретин анорганик ва аксари органик кислоталар таъсирида активлашиб, секретинга айланади. Ёғ кислоталарининг тузлари (совунлар) ҳам шундай таъсир кўрсатади. Ўн икки бармоқ ичак шиллиқ пардасининг экстрактидан секретин хлорид тузи кристалл ҳолида ажратиб олинган. Секретин молекуляр оғирлиги 3200-3500 бўлган полипептид эканлиги аниқланган.
Ўн икки бармоқ ичак шиллиқ пардасида меъда ости безининг икки хил функциясига таъсир кўрсатувчи иккита актив модда ҳосил бўлади, деган маълумотлар бор. Бу моддалардан бири - экскретин меъда ости безининг ташқи секрециясига, яъни ундан ҳазм ширасининг чиқишига таъсир этади (экскретин У. Бейлис билан Э. Старлинг кашф этган секретинга ўхшайди); иккинчиси - инкретин - меъда ости безининг ички секрециясига, яъни қонга инсулин гормонини чиқаришига таъсир этади. Ингичка ичак шиллиқ пардасидан тайёрланган экстрактлар ҳайвонга юборилганда меъда ости безининг ферментларга бой шира чиқариши кучаяди. Бу экстрактларда ҳужайрада ферментлар ҳосил бўлишига таъсир этмайдиган секретиндан ташқари, фермент ҳосил бўлишини стимулловчи бошқа модда ҳам борлиги кўрсатиб берилди. Бу модда панкреозимин деб аталди. Секретин юборилганда меъда ости безидан чиқадиган ширада ичак ширасидаги энтерокиназа таъсирида актив трипоинга айланувчи инактив трипсиноген бор. Адашган нерв таъсирланганда эса меъда ости безининг ҳужайралари актив трипсин ҳосил қилади, бу фермент энтерокиназа таъсирида активланмай туриб оқсилларни парчалай олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |