3-машғулот
ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида Бухоро Амирлиги ва Хива хонлиги бошқаув тизими
1. Бухоро Амирлигининг давлат тузуми ва ижтимоий-иқтисоий ҳаёти
Россия билан 1868 йилги шартнома Бухоро амирлиги тақдирини тубдан ўзгартириб юборди; у сиёсий мустақилликдан маҳрум бўлиб, Россия протекторатига айланиб қолди. Бухоро амирлининг сиёсий фаолиятини назорат қилиш учун императорнинг 1885 й. фармони асосида “Россия императорининг сиёсий агентлиги” (1886-1917) ташкил этилган, у 1868 йилги шартнома шартлари бажарилишини назорат қилган. Бухоро амирлигининг ХIХ аср охирида ҳудуди Россия тасарруфига ўтган ҳудудлар ҳисобига қисқарган эди, аҳолиси 2 млн. киши атрофида бўлган. Аҳолининг асосий машғулоти ҳунармандчилик, деҳқончилик ва чорвачилик эди. Бухоро (пойтахт), Чоржўй, Китоб, Шаҳрисабз, Денов шаҳарлари йирик савдо ва ҳунармандчилик марказлари эди.
Давлат ишларини бошқарувчи олий амалдор - қўшбеги солиқлар йиғими назоратини бошқариш, маъмурий амалдорларга раҳбарлик қилиш, маҳаллий беклар билан ёзишмалар олиб боришга маъсул бўлган. Қўшбеги ҳар куни амирликдаги аҳвол тўғрисида шахсан ҳукмдорга маълумот бериб турар эди, барча амалдорлар қўшбеги томонидан тайинланган. Фақат олий амалдорларгина амирнинг ўзи томонидан тайинланар эди. Хазина ва закот йиғимини бошқарган Девонбеги лавозими аҳамияти ва мавқеи жиҳатидан қўшбегидан кейин турарди.
Судлов ва нотариал ишлари, таълим муассасаларини руҳонийлар бошқарган; Бош қози диний-судлов ишларига раҳбарлик қилган. Бош қозига бўйсувчи Раис жойларда қонунлар ижро этилиши, диний амалларнинг бажарилиши, ахлоқий мезонлар, бозордаги тарози ва ўлчовлар устидан назорат ишларини бошқарган. Бош раис - амир ва бош қози олдида маълумот бериш учун шахсан масъул бўлган. 3 та олий амалдор - қушбеги, девонбеги ва бош қози ҳар доим Бухорода бўлиши шарт эди.
Маҳаллий маъмурият - аминлар, оқсоқоллар ҳамда бекликлар вакиллари ва руҳонийлардан иборат эди; улар амир фармонларини сўзсиз ижро этиши шарт бўлган. Бухоро амирлиги бекликларга бўлинган, беклар шахсан амир томонидан тайинлар ва лавозимидан бўшатилар эди. Бекларнинг атрофида қариндошлари, яқин кишиларидан тайинланган улкан амалдорлар гуруҳи жамланган; Бекларни ва уларнинг мол-мулкини аскарлар қўриқлашган.
Давлатни ҳимоя қилиш учун амирнинг халқ кўнгиллилари ва қўшинлардан саралаб олинган хос лашкари бўлган. Лашкарга тўпчибоши (тўпчилашкар) раҳбарлик қилган; Бундай лашкарнинг бош мақсади зарур бўлганда Арк қаршисида сафга йиғиш эди. Лашкар тартиботи ХIХ аср бошидан бери ислоҳ қилинмаган бўлиб, ХIХ аср охирида шошилинч йиғиладиган, ёмон таълим олган деҳқонлардан иборат эди.
Бухоро деҳқонларининг кўпчилиги ночорликда кун кечирарди, чунки ер ва ерга ишлов бериш воситалари амир ва амалдорлар қўлида эди. Амир Абдулаҳад Петербургга, Қирим ва Кавказга борганида катта совға ва улкан сарф-харажат қиларди. Асосий солиқларни аҳолининг 90 %ини ташкил этувчи деҳқонлар тўлаган. Амир Музаффар (1860-1885) даврида ноҳақлик кучайди, солиққа тортишнинг натура шакли (маҳсулот кўринишида) ўрнига нақд пул кўринишидаги йиғимлар асосий ўринни эгаллаган эди.
Амирликда асосий солиқлар - хирож ва закот эди. Ердан олинувчи хирож солиғи миқдори айрим вилоятларда ҳосилнинг 40-50 % ига етарди; бу амирликнинг йиллик даромадининг ярмидан кўпини ташкил этарди. Яна кафсан, доруғайи музд, яъни хирмонларни хатга олгани учун амалдорга қўшимча маош ҳам ундирилган. Боғлар ва полизлардан олинган даромад учун алоҳида йиғим – тонобона тўланган; Деҳқоннинг солиқ тўлашга пули бўлмаса мол-мулки тортиб олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |