3. ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида Хива хонлигининг давлат тузуми ва ижтимоий-сиёсий ҳаёти
Россия ўзининг протекторати сифатида Хивада қаттиқ назорат ўрнатди, Хива хони ички-ташқи сиёсатдаги арзимас ўзгаришларни Туркистон генерал-губернатори билан келишиб олиши лозим эди. Хива хони устидан назорат қилиш мақсадида 7 кишидан иборат Кенгаш (девон) таъсис этилган, унинг 4 таси рус ҳукумати вакили эди. Туркистон генерал-губернаторлигининг Амударё бўлими бошлиғи айни маҳалда Россиянинг Хива хонлигидаги вакили сифатида Хон устидан назоратни амалга оширар эди. Хива хонлиги қўнғирот сулоласи томонидан бошқариладиган монархия эди; қўнғирот уруғи хоннинг суянчиғи эди.
Хон чекланмаган маъмурий-судлов ва ҳарбий ҳокимиятга эга бўлиб, у мамлакатни ўзи мансуб бўлган қўнғирот уруғи зодагонлари, сарой аъёнлари ва олий руҳонийлар мададига таяниб бошқарган. Хоннинг мунтазам қўшин 1,5 минг кишидан иборат бўлиб, уни ясовулбоши бошқарган. Ҳарбий ҳаракат даврида халқ лашкари ва туркман отлиқ сипоҳийлари жамланган.
Хива хонлиги 18 та беклик, 2 та ноибликка бўлинган, энг йириклари Ҳазорасп, Урганч, Қиёт, Кўҳна Урганч, Хўжайли, Қўнғирот эди; уларга хон томонидан тайинланган бек ёки ҳоким раҳбарлик қилар эди. Хонликда 2 та кичик вилоятлар ҳам бўлиб, уларни хон ноиблари бошқарган. Хива шаҳри ва унинг тевараги Хоннинг тасарруфида бўлган. Меҳтар (бош вазир) ва Девонбеги (девонхона мутасаддиси) Хоннинг олий амалдорлари ва яқин маслаҳатчиси бўлишган. Хивада ҳокимиятга қарши арзимас қилмиш учун ҳам ўлим жазоси қўлланган.
Хива шаҳри Бухородан кейинги ислом дини маркази саналиб 160 дан ортиқ масжид ва 60 дан зиёд авлиёнинг даҳмаси мавжуд бўлган. Хонликда 1,5 мингга яқин мактаблар бўлган. Мактабни битирганларнинг айримлари олий (мадраса) ўқув юртига кириб 10 йилгача таълим олган, бунда асосий фанлар-араб грамматикаси, ислом ҳуқуқи ва фалсафаси; қўшимча-элементар арифметика ва геометрия ўқитилган. Мадраса талабалари имтиҳон топширганларидан сўнг бўшаб қолган қозилик, имомлик ёки бошқа бир нуфузли лавозимларни эгаллашлари мумкин эди.
Хивада қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи ғалла етиштириш бўлиб, асосан шоли, жўхори, сули кўплаб етиштирилган. ХIХ асрнинг 90-йилларидан Россия билан савдо ривожлангач Хивада пахта етиштиришга ихтисослашув ҳам жадаллашди. Хивада ерларнинг асосий қисми хон ва унинг амалдорларига тегишли эди. Хон ва унинг амалдорлари, қариндошлари солиқлардан озод этилган. Хива хонлари амалдор ва аъёнларга ҳақ сифатида давлат ерларини эҳсон қилишарди.
ХIХ аср сўнгги чорагида Хивада ер майдонларининг катта қисми диний муассасалар тасарруфида бўлган, жами суғорма ерларнинг 40 %и масжидлар мулки ҳисобланган, 64 та масжид ва мадраса 205 минг таноб ерга эгалик қилган. 4 минг руҳоний оиласи барча солиқлардан озод этилган. Ерларнинг катта қисми Россия тасарруфига (1873) ўтиши сабабли, хонлик маъмурияти эҳтиёжни солиқларни ошириш ёки янги солиқлар жорий этиш йўли билан қоплади.
Хива хонлигида мажбурият ва солиқларнинг қарийиб 25 тури бўлган. Деҳқонлар ер солиғи-солғут, закот, ўтлоқлардан фойдаланганлик учун-чўппули, турар жойлардан-ўтов солиғи тўлаган. Деҳқонлар солиқлардан ташқари яна турли мажбурият-бегорни бажаришга ҳам мажбур эдилар; суғориш тизими билан боғлиқ мажбурият улар ичида энг оғири бўлган, улар иш қуроли ва овқати билан келган. Мажбурий ишга чиқмаганлар хазинага маълум миқдорда маблағ тўлаши шарт бўлган. Хон фармонларини эълон қилувчи жарчи ўз фойдасига афанакпули йиғган, ишлар назоратчиси ва мутасаддиси ҳам ўз улушини олишга ҳаракт қилган.
Аҳолининг 90 %ини ташкил қилган деҳқонлар суғорма ерларнинг 5 %ига эгалик қилишарди. Ерсиз ва кам ерли деҳқонлар йирик заминдорлар ва вақф ерларида ижарачи сифатида ишлаб беришган. Деҳқонлар улушбай (чоракор) ёки ҳосилнинг тенг ярмига (яримчилар) меҳнат қилишган, ер эгасига ҳосилнинг 40-50 %ини беришган. Ери, асбоби, иш ҳайвони ҳам бўлмаган деҳқонлар ҳар қандай шарт билан ишлашга мажбур эди. Қарздор деҳқонлар ўз қарзини узиш учун маълум вақт давомида текин ишлаб бериши лозим эди. Ерсиз деҳқонлар сони ошиб, улар хонлар, беклар ва амалдорларга қарам бўлиб қолишган.
Do'stlaringiz bilan baham: |