2.Туркистон Мухторияти – туб ерли халқлар давлатчилиги
тарихида янги босқич
Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ташкил топиши. 1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Бутунтуркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Туркистонни бошқариш шакли тўғрисидаги масала қурултойнинг диққат марказида турди. Бу масала муҳокамасида сўзга чиққанларнинг кўпчилиги Туркистоннинг мухтор республика деб эълон қилиниши ўлка аҳолисининг ижтимоий мақсадларидан келиб чиққани ва унга мос тушишини уқтирди. Мухторият ва мустақиллик эълон қилиш фикрини ҳамма қўллаб-қувватлади.
Қурултойда 27 ноябр куни қабул қилинган қарорда шундай дейилади: “Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан Мухтор деб эълон қилади, шу билан бирга мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис Мажлисига ҳавола этади”. 28 ноябрда таркиб топаётган мазкур ҳукуматнинг номи аниқланиб, Туркистон Мухторияти деб аталадиган бўлди. Қурултой 28 ноябрдаги йиғилишда Бутунроссия Таъсис Мажли чақирилгунга қадар ҳокимият Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллат) Мажлиси қўлида бўлиши керак, деб қарор қабул қилди. Мухториятнинг маркази Қўқон шаҳри деб белгиланди.
Қурултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан 8 нафар кишидан иборат таркибда Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилди. Ҳукуматнинг Бош вазири ва ички ишлар вазири этиб Муҳаммаджон Тинишбойев сайланди. Ислом Султон Шоаҳмедов - Бош вазир ўринбосари, Мустафо Чўқай - ташқи ишлар вазири, Убайдулла Хўжаев - ҳарбий вазир, Ҳидоятбек Юрғули Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, Обиджон Маҳмудов - озиқ-овқат вазири, Абдураҳмон Ўразаев - ички ишлар вазири ўринбосари, Соломон Герцфельд - молия вазири лавозимларини эгаллашди. Ҳукумат таркибда кейинчалик айрим ўзгаришлар юз берди, Мустафо Чўқай Бош вазир лавозимини бажаришга киришди.
Мухторият ҳукумати вазирларининг аксарияти олий маълумотли, юқори малакали мутахассислар бўлган. Масалан, Муҳаммаджон Тинишбойев темирйўл муҳандиси, Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов, Мустафо Чўқай, Убайдулла Хўжаев, Абдураҳмон Ўразаев, Соломон Герцфельдлар ҳуқуқшунос, Ҳидоятбек Юрғули Агаев аграном, Обиджон Маҳмудов тоғ-кон саноати мутахассиси бўлган. Совет ҳокимиятининг большевик комиссарларидан фарқли равишда мухторият ҳукумати вазирларининг аксарияти олий маълумотли ҳуқуқшунос эканлиги уларнинг билим даражасининг нақадар юқори эканидан далолат беради. Қурултой тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистондаги барча аҳоли: ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий эътиқодларидан қатъи назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |