5. ХIХ аср ўрталарида Ўзбек хонликларининг маъмурий бошқарув тизими
ХIХ асрда Ўрта Осиёда 3 та мустақил давлат: Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари мавжуд бўлган. Бу давлатларда ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва савдо ривожланиб борган бўлсада, бироқ уларнинг тараққиёти илғор Европа давлатлари даражасидан паст эди.
1). Амирлик пойтахти Бухоро ислом дини марказларидан бири бўлиб "Бухоройи Шариф" (Муқаддас Бухоро) номига эга бўлган. Амирлик чегаралари жанубда Амударёнинг чап қирғоғидан бошланиб Сирдарёгача, шарқда Помир тоғларидан ғарбда Хива хонлигигача чўзилган. ХIХ аср ўрталарида Амирлик ҳудуди Эрон, Афғонистон, Қўқон ва Хива хонликлари ва Қозоқ жузлари ерлари билан чегарадош бўлган. Амирликнинг марказий қисми Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари жойлашган Зарафшон водийси ҳисобланган. Амирликда Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Қарши, Китоб, Ғузор, Термиз, Шеробод, Ҳисор, Кўлоб каби йирик савдо, ҳунармандчилик ва маданий марказлар ҳисобланган шаҳарлар мавжуд эди. Амирликка яна ҳозирги Тожикистондаги Вахш, Кофирниҳон, Панж водийси, Туркманистондаги Мурғоб воҳаси қарашли бўлган. Бухоро амирлиги ҳудудий жиҳатдан беклик ва туманларга бўлиниб, уларни амир тайинлаган беклар бошқарган, Амирликда 27 беклик бўлган.
2). Хива хонлиги ҳудуди ХIХ аср 2-ярмида жанубда Эрон, шарқда Бухоро амирлиги, ғарбда Касбий денгизи, шимолда қозоқ жузлари билан чегарадош бўлган. Хива хонлигининг маъмурий маркази Хива шаҳри бўлган, Хонликда Хива, Кат, Янги Урганч, Ҳазорасп, Қўнғирот, Хўжайли каби бекликларнинг марказлари бор эди. Хива хонлиги 18 та беклик, 2 та ноибликка бўлиниб, уларни хон томонидан тайинланган беклар ва тўралар бошқарган.
3). Қўқон хонлиги шарқда Шарқий Туркистон, ғарбда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан чегарадош бўлган. Бухоро хонлигидан 18 ХYIII аср бошларида асосан, Фарғона водийси ва Сирдарёнинг қуйи қисмигача бўлган ҳудудлар ажралиб, мустақил Қўқон хонлиги (1709) тузилади. Қўқоннинг жанубий чегаралари Қоратегин, Кўлоб, Дарвоз, Шўғнон каби тоғли ўлкалар учун Бухоро амирлиги билан тез-тез тўқнашувлар бўлиб турган. Қўқон, Тошкент, Андижон, Наманган, Марғилон, Ўзган, Ўш, Пишпак, Туркистон, Чимкент шаҳарлари маъмурий, савдо ва маданий марказга айланган. Қўқон хонлиги ҳудиди Бухоро ва Хива хонликларидан фарқли ўлароқ серсув дарёлар, сўлим водийлар, серҳосил ерларга бой бўлган. Қўқон 15 та бекликка бўлиниб, уларни асосан хоннинг ўз қариндошлари ва яқинлари бошқарган.
Хонликлар ҳудуди бугунги кундаги Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ерларининг бир қисмини ҳам ўз ичига олган. ХIХ аср ўрталарида Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари аҳолисининг этник таркиби бир-бирига яқин бўлиб, уларда асосан ўзбеклар, шунингдек тожиклар, қозоқлар, қорақалпоқлар, туркманлар, қирғизлар ҳам яшаган. Бухоро амирлиги аҳолиси 2 млн. атрофида бўлиб, этник таркиби асосан ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қорақалпоқлар, қозоқлар бўлган. Амирлик аҳолисининг асосий қисми серсув воҳаларда яшааб, манғит, сарой, қўнғирот, кенагас, қарлуқ, қалмоқ, найман, қипчоқ каби ўзбек уруғлари кўпчиликни ташкил қилган. Хива хонлиги аҳолиси 800 мингдан ортиқ бўлган, асосан ўзбеклар, шунингдек туркманлар, қорақалпоқлар, қозоқлар ҳам яшаган. Қўқон хонлиги аҳолиси 3 млн.га яқин бўлган, асосан ўзбеклар, шунингдек қирғизлар, тожиклар, қозоқлар ҳамда уйғурлар, яҳудийлар, ҳиндлар ҳам яшаган. Учала давлатда ҳам аҳолининг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилган, улар ўтроқ турмуш тарзида ҳаёт кечириб деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо билан шуғулланган. Қозоқлар, қорақалпоқлар, туркманлар ва қирғизлар кўчманчи турмуш кечириб, асосан чорвачилик билан шуғулланган.
1).Бухоро амирлигида олий ҳукмдор амир ҳисобланган; унинг ҳокимияти авлоддан авлодга мерос тариқасида ўтган. Амирликни манғитлар (1756-1929) сулоласига мансуб чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган ҳукмдорлар бошқарган. Бухоро шаҳри амирликнинг маъмурий маркази эди. Ижро ҳокимияти бош вазир-қўшбеги қўлида бўлган; вилоят ва туман ҳокимлари қўшбеги тавсияси билан тайинланган. Девонбеги молия ва хазина ишлари, солиқлар тўпланиши каби соҳаларни идора қилган; унга ташқи алоқаларни юритиш ҳам юклатилган. Девонбегига амирлик ҳужжатларини юритишга масъул бўлган мирзабоши бўйсунган. Мушриф-солиқларни ўз вақтида йиғиш ва уларни ҳисобга олиб боришга жавобгар бўлган. Додҳоҳ-халқнинг шикоятлари билан шуғулланган. Парвоначи-олий ҳукмдор (амир) фармонларини эълон қилган.
Шайхулислом-шариат қоидалари ва қонунлар ижроси, суд ишларини назорат қилишни бажарган; унга муфтий ва муҳтасиблар бўйсунган. Муфтий-диний-ҳуқуқий масалалар билан шуғулланган. Муҳтасиблар-шариат қоидаларининг бажарилиши ва амал қилиниши масалалари билан шуғулланган. Бухоро амирлигида суд бошлиғи Қозиколон, Раискалон ҳисобланган. Садр-вақф ишлари ва мулклари билан шуғулланган. Оталиқ-Амир қароргоҳи-аркда тахт вориси-валиаҳд тарбияси билан шуғулланган. Тўпчибоши-амир қўшинларининг бош қўмондони бўлган. Миршаббоши-амир соқчилари бошлиғи; у амирлик шаҳарларида тинчлик ва тартибни сақлашга масъул ҳисобланган. Кўкалдош-мамлакат хавфсизлиги, амирнинг яқинлари, дўстлари ва душманлари тўғрисида маълумот тўплаш билан шуғулланган. Бухоро амирлигида давлат бошқаруви: молия, суд, миршаблик ва ҳарбий ишлар амирнинг қариндошлари, яқин одамлари томонидан бошқарилган; улар катта ҳуқуқ ва имтиёзга эга бўлган.
2).Хива хонлигини қўнғиротлар (1770-1920) сулоласи бошқарган; олий ҳукмдор-Хон чекланмаган маъмурий, ҳарбий ҳокимиятга эга бўлган. Хон қароргоҳи Хива шаҳрида жойлашган; шаҳарда ички-Ичан қалъа ва мудофаа деворибилан ўралган ташқи-Дишан қалъа мавжуд бўлган. Хива, Урганч, Қиёт, Ҳазорасп, Қўнғирот шаҳарлари маъмурий, савдо ва маданий марказлар ҳисобланган.
Хонликда олий амалдор девонбеги эди; унинг ихтиёрида қушбеги, меҳтар, оталиқдан иборат Кенгаш фаолият кўрсатган. Миршаббоши -аҳолининг тинчлиги осойишталигига маъсул эди. Шайхулислом-диний ишлар ва шариат қоидаларига риоя этилиши ва амал қилиниши масалаларига масъул бўлган. Мироббоши-суғориш иншоотлари, сув таъминоти ва тақсимотига масъул бўлган. Хонликдаги тартиб-интизом ишларига хон қўшинларининг бош қўмондони-Ясовулбоши масъул бўлган. Ҳарбий бўлинмаларга-лашкарбошилар қўмондонлик қилган. Аскарлар солиқдан озод қилинган.
3).Қўқон хонлигида олий ҳукмдори Хон бўлган; хонликни минглар (1710-1876) сулоласи бошқарган ва маъмурий маркази Қўқон шаҳри бўлган. Қўқон хони ҳокимияти меросий ҳисобланиб, хон чекланмаган сиёсий, маъмурий ва ҳарбий ҳокимиятни ўз қўлида мужассамлаштирган. Энг юқори ҳарбий лавозим-амирлашкар бўлиб, у ҳарбий вазир ҳисобланган. Мингбошилар-хонликдаги алоҳида ҳарбий бўлинмаларга раҳбарлик қилган; улар кейинчалик бош вазир вазифасини бажарган. Меҳтар-хазина ишлари ва харажатларини назорат қилган. Ислом дини қоидалари асосида суд ишларини-қозиколон ва қозилар олиб борган. Муҳтасиб-раислар диний ишлар, шариат қоидаларига риоя қилиниши, савдо-сотиқнинг тўғри юритилишини назорат қилган. Миршаблар-хонликдаги тартиб-интизом ишлари билан шуғулланган.
ХIХ асрда Ўрта Осиё давлатлари аграр давлатлар эди. Аграр (лот. аграриус-ерга, далага оид) атамаси - қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиладиган ҳудудга, аҳолининг деҳқончилик билан бандлиги ва уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми устун бўлган жойга нисбатан ишлатилади. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ерга эгалик тартиблари тўланадиган солиқ ва тўловларнинг миқдори билан белгиланган. Ерларнинг асосий қисми, айниқса экин майдонлари хон, унинг қариндош ва яқинлари ҳамда катта ер эгалари қўлида бўлган. Аҳолининг аксарияти катта ер эгаларига тегишли экин майдонларида меҳнат қилган. Деҳқонлар ижарага олган ерлари учун ҳосилнинг бир қисмини (1|5 ёки 1|3 қисмини) хирож сифатида тўлаган.
Хива хонлигида ижарага ер олган деҳқонлар-яримчи деб аталган; улар ҳосилнинг ярмини ижара ҳақи қилиб тўлаган. Бухоро, Хива, Қўқон хонликларида ерга эгалик қилиш шакллари деярли бир хил эди; улар 3 турдаги ер эгалигидан иборат бўлиб: 1)амлок-давлат ерлари; 2)мулк-хусусий ерлар; 3)вақф-диний муассасалар ери бўлган. Давлат томонидан хонликлардаги йирик амалдорлар, ҳарбий саркардаларга ерлар инъом этилган. Мутавалли вақф ерларидан олинадиган фойда ҳисоб-китоби ва тақсимоти билан шуғулланган. Аҳоли солиқ ва тўловларни маҳсулоти ёки пул билан тўлаган. Аҳоли суғориш иншоотлари, йўллар, кўприклар қуриш ва уларни таъмирлаш каби мажбуриятни бажарган. Меҳнат мажбурияти - аҳолининг ишлаб бериши бўлиб, у бегар деб ҳам номланган. Аҳолидан: хирож, закот, сув, тегирмон, туз, мулк, томорқа, боғ солиғи йиғилган.
Хива хонлигида асосий солиқ солғут дейилган. Ҳарбий мажбуриятда ҳар бир эркак киши озиқ-овқати, қурол-аслаҳаси билан бирга қатнашиши керак бўлган. Чорвадор аҳоли чорва молларидан закот солиғи, яйлов ва сувдан фойдалангаи учун ҳам солиқлар тўлаган. Ҳунарманд ва савдогарлардан савдо пули, дўкон пули, тарози пули каби солиқлар олинган.
Ўрта Осиёда суғориш ва сув таъминоти соҳаси давлат аҳамияти даражасига кўтарилган. Хазинага тушадиган асосий даромадни деҳқонлардан йиғиладиган солиқлар ташкил қилган. Суғориш соҳасига аҳоли ва маъмурият вакиллари масъул ва жавобгар бўлган. Суғориш ишларини юритиш ва назорат қилиш билан шу соҳанинг мутахассислари-мироблар шуғулланган. Ўрта Осиёда қадимдан суғориш тизими ривожланган; суғориш ишларини халқ оммаси ҳашар йўли билан бажарган.
Аҳолиси асосан суғорма деҳқончилик билан шуғулланган Фарғона водийсида суғориш тизимига катта эътибор қаратилган. Фарғона водийсида Шахрихонсой, Андижонсой, Марғилонсой, Янгиариқ, Улуғнор, Қорадарё каби йирик суғориш иншоотлари бўлган. Сув чиқиши қийин жойларга чиғирлар ёрдамида сув чиқарилган. Сирдарё, Амударё сувлари экин майдонларига каналлар ҳамда унинг бўйларига қурилган тўғонлар орқали етказилган. Бу ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни асосан пахта ва донли экинлар ташкил қилган; шунингдек боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзовот маҳсулотлари етиштирилган.
Ҳунармандчилик Ўрта Осиё халқлари ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган, негаки деҳқонлар, чорвадорлар, савдогарлар ҳаёти ҳам бевосита ҳунармандчилик билан боғлиқ бўлган. Ўрта Осиё давлатларида ҳунармандчилик марказлари ҳунармандчилик соҳаларига ихтисослашган: Марғилонда-атлас тўқиш, дўппичилик; Риштонда-кулолчилик; Шаҳрихонда-пичоқчилик, дурадгорлик, дўппичилик; Чустда ҳам-дўппичилик, пичоқчилик; Қўқонда-темирчилик, дурадгорлик, заргарлик; Бухоро ва Самарқандда-заргарлик; Хивада-меъморчилик, ганчкорлик ривожланган. Бухоро амирлигида кулолчилик, темирчилик, мискарлик, зардўзлик, шишасозлик, кандакорлик, бадиий каштачилик соҳалари ҳам кенг тарқалган.
Хонликларда темир маҳсулотларига эҳтиёж катта бўлгани боис маҳаллий темирчилик ривожланган. Ҳунармандчилик хонадон ва касаначилик кўринишидаги майда устахоналардан иборат бўлган; унда асосан қўл меҳнатидан фойдаланилган. Ўрта Осиё савдогарлари Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Афғонистон, Россия, қозоқ жузлари билан савдо-сотиқ қилган. Ўрта Осиё ҳунармандларининг заргарлик маҳсулотлари, шойи ва атлас матолари, кулолчилик буюмлари хорижда юқори баҳоланган. Ўрта Осиёдаги ички ва ташқи савдонинг янада жадал ривожланишига 3 та давлат ўртасидаги келишмовчиликлар, ички низолар ва нотинчликлар салбий таъсир кўрсатган.
Do'stlaringiz bilan baham: |