3-мавзу. Туркистонда Россия мустамлака бошқарув тузуми
1-машғулот
1.Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиши
Ўрта Осиёнинг Оренбург генерал-губернаторлигидан узоқлиги ва келгусида босиб олинадиган ерларни ҳам бирлаштириш мақсадида Александр 2 буйруғига кўра босиб олинган ҳудудда генерал-губернаторлик ташкил этилди. Туркистон генерал-губернаторлиги 1867 й. ташкил қилинди, маркази қилиб Тошкент шаҳри белгиланди, шу билан бирга Туркистон ҳарбий округи ҳам тузилди. Туркистон ҳарбий округи таркибига 1847 йилдан бошлаб босқинчилик юришларида иштирок этган ҳамма ҳарбий қисмлар киритилди; ҳарбийлар сони 40 минг эди. Туркистон генерал-губернатори яна ўлкадаги ҳарбий қўшинлар қўмондони, Еттисув казаклари қисми қўмондони, бош судя ҳам ҳисобланган. Туркистон генерал-губернаторлигига 1867 й. Россия императори фармонига кўра генерал-адютант К.П. фон Кауфман (1867-1881) тайинланди, у бир вақтнинг ўзида Туркистон ҳарбий округи қўмондони ҳам эди.
Туркистон генерал-губернаторлиги яна Туркистон вилояти ва Семипалатинск вилоятининг жанубий қисмини ҳам ўз ичига олди. Туркистон генерал-губернаторлиги дастлаб 2 та вилоятга: Сирдарё (маркази-Тошкент) ва Еттисув (маркази-Верний) вилоятларига бўлинган. Сирдарё вилоятининг ҳудудига асосан собиқ Туркистон вилоятига (1865) тегишли ерлар ва Қўқон хонлигининг босиб олинган шимолий ҳудудлари кирган. Еттисув вилояти Семипалатинск вилоятининг Сергиопол, Копол ва Олатавск округи ерлари ва собиқ Туркистон вилоятининг бир қисмидан ташкил қилинди.
Кейинчалик босиб олинган ҳудудлар ҳисобига: 1868 й. Бухоро амирлиги ерларида Зарафшон округи (маркази-Самарқанд); 1873 й. Хива хонлиги ҳудудида Амударё бўлими (маркази Петро-Александровск-Тўрткўл); 1876 й. Фарғона вилояти (маркази Янги Марғилон-Скобелев-Фарғона); 1881 й. Каспийорти вилояти (маркази-Ашхобод) ташкил қилинган.
Кауфман тайинланишидан олдин Россиянинг Ўрта Осиёдаги ерларини кенгайтириш тўғрисида кўрсатма олди; у 1881 йилгача бу кўрсатмаларни амалга оширди. Туркистон ўлкасидаги вилоятларнинг ҳудуди Россиянинг айрим марказий губернияларининг ҳудудидан ҳам катта бўлган. Туркистондаги вилоятларнинг ҳудудий жиҳатдан энг кичиги Самарқанд вилояти бўлган, майдони 2000 кв. верст (1 верст-1,066 кв.км.га тенг) бўлиб, у Саратов губерниясидан, Сирдарё вилояти Москва губерниясидан катта бўлган.
Туркистон генерал-губернатори 1867 й. "Низом" лойиҳасида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, мустақил фаолият олиб боришда катта ҳуқуқларга эга бўлган. Россиянинг бошқа губерния бошлиқларидан фарқли Кауфманга Туркистонда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва геосиёсий мақсадларни амалга оширишда катта ваколатлар берилган, шунинг учун у халқ орасида "ярим подшо" номини олган эди. Туркистонда Россия мустамлакачилик сиёсати тўлиқ амалга оширилиши ва ҳукмронлиги мустаҳкам бўлиши учун Туркистондаги истилочи амалдорларга кенг ваколатлар берилди.
Туркистон генерал-губернаторлигининг марказий бошқаруви: Туркистон генерал губернатори-Генерал губернатор кенгаши-Генерал губернатор маҳкамаси-Махфий сиёсий полициядан иборат бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |