5. Ўзбекистоннинг минтақавий ташкилотлар доирасида
кўптомонлама ҳамкорлиги
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги мамлакатлар билан ўзаро тенг манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг диққат марказида бўлди. Чунки совет даврида ҳукм сурган бошқарувнинг марказлаштирилган маъмурий-буйруқбозлик усули, мустабидлик сиёсати собиқ иттифоқ таркибига кирган мамлакатларни иқтисодий жиҳатдан бир-бирига шундай боғлаб қўйган эдики, натижада улар ўзаро қарамлик домига тушиб қолган эдилар. Шунинг учун собиқ иттифоқ таркибидан ажралиб чиққан ёш мустақил давлатлар буни чуқур ҳис қилар ва мавжуд қийинчиликлар ҳамда иқтисодий инқироздан чиқишнинг, мустабид сиёсат асоратидан қутулишнинг бирдан-бир йўли бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилиш эди. Ана шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ғоясини қўллаб-қувватлади.
1991 йил 8 декабрда Белорус, Россия, Украина раҳбарлари Минскда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га асос солдилар. 1991 йил 21 декабрда Озарбайжон, Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Украина бошлиқлари Алматида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлиб кирдилар. Шу тариқа ХХ асрнинг муҳим воқеаларидан бири содир бўлди – МДҲ ихтиёрий иқтисодий уюшма юзага келди. Шундан буён МДҲнинг бир неча йиғилишлари ўтказилди, кўп ҳужжатлар қабул қилинди.
1993 йил январда Минскда МДҲ давлатлари бошлиқларининг навбатдаги Кенгашида МДҲнинг Низоми қабул қилинди. 1993 йил декабрда Ашхабод шаҳрида бўлган МДҲ давлатлари бошлиқларининг Кенгашида Грузия МДҲга аъзо этиб қабул қилинди. Натижада МДҲнинг таркиби 12 давлатга етди. 1994 йил октябрда Москвада ўтказилган МДҲ давлат бошлиқларининг Кенгашида Давлатлараро иқтисодий қўмитаси (ДИҚ) тузилди. ДИҚнинг штаб-квартираси Москва шаҳри деб белгиланди. 1996 йилда МДҲнинг байроғи қабул қилинди. МДҲнинг Раиси лавозими навбат билан бир давлат раҳбаридан кейинги давлат раҳбарига ўтади. МДҲнинг асосий мақсадларини амалга ошириш учун ҳамкорлик дастурлари ўзаро муносабатларида давлат суверенитетини ўзаро тан олиш ва ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, иқтисодий куч ёки бошқа тазйиқ услубларини қўллашдан воз кечиш каби қоидаларга риоя қилиш мажбуриятларини олганлар. 2004 йил сентябр ойида Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган МДҲнинг саммитида терроризмга қарши кураш бўйича МДҲнинг “Хавфсизлик Кенгаши”ни тузишга қарор қилинди.
2005 йил августда Туркманистон МДҲнинг расмий аъзоси даражасидан чиқиб, ҳамдўстликнинг ташкилий аъзоси - мақомини олади. 2008 йил август ойида Грузия МДҲдан чиқиш ҳақидаги истагини билдирди ва 2009 йилнинг август ойидан Грузиянинг МДҲга аъзолик мақомини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қилинди. Бугунги кунда МДҲнинг таркибига 10 та аъзо давлат: Россия, Украина, Белорусия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон, Молдова ва битта кузатувчи Туркманистон киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |