Экологик муаммолар. Трансчегаравий дарёлар. 1990 йиллардан бошлаб Орол фожиасининг ҳалокатини бошидан кечираётган барча мамлакатлар БМТ, шунингдек бошқа халқаро ва минтақавий ташкилот минбарларидан жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборини ушбу муаммога, уни минтақавий ва глобал хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқ эканлигига жалб этиб келишмоқда. Орол фожиаси ва уни бартараф этиш чораларини қидириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Президенти И.Каримов 1993 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида ва 1995 йил октябрдаги 50-сессияларида сўзлаган нутқларида жаҳон ҳамжамиятини Марказий Осиё минтақасидаги экологик ҳалокат бўлган Орол ва Оролбўйини қутқаришга кўмак беришга чақирди. Мазкур глобал муаммони БМТ шафелигида халқаро молиявий тузилмалар, ривожланган давлатлар кўмагисиз амалга ошириш мумкин эмаслигига БМТнинг эътиборини қаратди.
1993 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон таъсислигида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) ташкил этилди. 2010 йил “Ўрта Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммолари: уларни ҳал этишда халқаро ҳуқуқ механизмларини қўллаш” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда И.Каримов трансчегаравий дарёлар ва улардан фойдаланишда адолат тамойилига риоя этиш зарурлиги, акс ҳолда минтақанинг эко оламига улкан фожиаларни келтириши мумкинлиги ҳақида яна бир оммага маълум қилди. 2013 йилда Оролбўйи учун Амударё делтасидаги кичик сув ҳавзаларини ташкил этиш, шўрсизлантирадиган қурилмага эга сув чиқарниш иншоотларини қуриш, ҳимоя ўрмонини ташкил этиш каби лойиҳа ва тадбирларни молиялаштиришга маблағлар ажратиш режаси тасдиқланган. 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси ва ОҚХЖнинг ўша пайтдаги Президенти И.Каримов ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида “Оролнинг қуриши оқибатларига барҳам бериш ва Оролбўйи экотизими ҳалокатини олдини олиш тадбирлари Дастури” илгари сурилди.
Глобал миқёсда ва минтақамизда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашуви ва чучук сув тақчиллиги шароитида Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Маълумки, Марказий Осиёнинг икки асосий трансчегаравий дарёлари – Амударё ва Сирдарё тарихан минтақа халқларининг умумий бойлиги ва ҳаёт манбайи бўлиб келган. Айнан ушбу дарёларнинг қуйилиши ҳисобига Орол денгизи ҳавзаси сув билан таъминланган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари томонидан жаҳон миқёсида йирик андозадаги тўғонлар, Амударё юқори қисмида баландлиги 350 метрни ташкил этадиган Роғун ва Сирдарё юқори қисмида Қамбарота ГЭСларини қуриш бўйича олиб бораётган ҳаракатларига бефарқ қараб тура олмади. Ўзбекистон Амударё ва Сирдарёнинг табиий оқимига, атроф муҳитга ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига қандай таъсир этиши мумкинлигини англаш мақсадида БМТ шафелигида холис халқаро текширувдан ўтказилиши керак, деб ҳисоблади.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар трансчегаравий дарёларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг йўқлиги туфайли ҳамон мураккаб бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон И.Каримов даврида Роғун ГЭСнинг қурилишига қатъий қарши чиққан. Ўзбекистон ушбу ГЭСнинг қурилиши билан дарёлар суви камайиб кетишини маълум қилган. Шунингдек, ГЭС тўғони бузиладиган бўлса, экологик фалокат хавфи билан огоҳлантирган. Ш.Мирзиёев президент лавозимига киришгач, Ўзбекистоннинг Роғунга нисбатан позицияси ўзгарди. 2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Роғун ГЭС қурилишига қарши эмаслиги, фақат бу жараёнда Ўзбекистон миллий манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши лозимлигини маълум қилди.
Трансчегаравий – чегаралараро, бир неча давлат ҳудудидан ўтувчи. Дарёлар ва йўлларга нисбатан қўлланилади.