1918 йил 22 февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган “тинчлик шартномаси” имзоланди. Ушбу шартноманинг 2-моддасида: “Аҳоли ўлка Халқ Комиссарлари Совети ҳокимияти ва барча маҳаллий совет ташкилотларини тан олади”, деб ёзилган эди. Ўққа тутилган, ўлдирилган, таланган ва таҳқир этилган қўқонликларнинг тирик қолган қисми совет ҳокимиятини тан олишга мажбур бўлди. Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун мавжуд бўлган бўлса ҳам, у халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. 1918 йилнинг эрта баҳорида аввал Фарғона водийсида, сўнгра бутун Туркистон минтақасида совет режимига қарши қуролли истиқлолчилик ҳаракати бошланди.
Дашноқлар (арман) – арман миллатчиларининг “Дашноқцутюн” (иттифоқ) партияси аъзолари.
Эшелон (фр.- зина, зинапоя) – махсус юк, техника, артиллерия, танк ва қўшинлар ортилган поезд ёки автоколонна.
3. Туркистон ўлкасида Совет ҳокимияти бошқарув тизими ва иқтисодий ўзгаришлар
Туркистон АССР ва Туркистон компартиясининг ташкил топиши. Большевикларнинг ўлкада юритган сиёсати. Большевиклар ва сўл эсерлар мусулмон аҳолининг ўлкани бошқаришга бўлган қонуний ҳуқуқини инкор қилиб, ҳокимият тўғрисидаги масалани келишиб ҳал қилиш имкониятини йўққа чиқариш ва шу билан Туркистон сиёсий ҳаётида миллий ва демократик кучларнинг келгусида мухолифатга ўтишини олдиндан муқаррар қилиб қўйди. Марказдаги большевиклар раҳбарлик қилган Совет ҳокимияти чекка ўлкалар, жумладан Туркистонда ҳам “совет автономияси” ўрнатишга киришди. Бу ишни бажариш учун совет Россияси пойтахти Москвадан кўплаб партия ва совет ходимлари Туркистон ўлкасига юборилди. Совет ҳокимиятининг раҳбари В.И.Лениннинг буйруғи билан болшевик Пётр Кобозев Ўрта Осиёнинг фавқулодда комиссари қилиб жўнатилди.
1918 йил 20 апрел - 1 майда Тошкентда Туркистон ишчи, солдат, крестян, мусулмон ва деҳқон депутатларининг V ўлка съезди бўлиб ўтди. Съезд депутатлари совет Россияси ҳукумати раҳбарлари В.И.Ленин ва И.В.Сталин кўрсатмаси асосида 1918 йил 30 апрелда “Россия Совет федерациясининг Туркистон Совет Республикаси ҳақидаги Низоми”ни қабул қилди. Ушбу низом РСФСР таркибида Туркистонда автоном республика – Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (Туркистон АССР) тузилганлигини эълон қилди. Съездда Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитети тузилди ва Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Советининг янги таркиби тасдиқланди.
1918 йил 17-25 июнда Тошкентда Туркистон большевик ташкилотларнинг ташкилий ўлка съезди бўлиб, унда Россия Коммунистик партияси – РКП (б)нинг таркибий қисми бўлган Туркистон Коммунистик партияси (ТКП) ташкилий жиҳатдан расмийлаштирилди. Съездда Иван Тоболин раислигида 7 кишидан иборат Марказий Комитет сайланди. ТКП МК таркибига маҳаллий коммунистлардан Низомиддин Хўжаев ҳам киритилди. Республика сиёсий ҳаётида Туркистон Коммунистик партияси етакчилик мавқейини эгаллади.
Do'stlaringiz bilan baham: |