Ёшларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши. Ўзбекистон аҳолисининг 60 % дан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки даврданоқ ёш авлод таълим-тарбияси, саломатлигига катта эътибор бериб келинмоқда. Бу долзарб масала давлат сиёсатининг энг муҳим устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, таълим соҳасидаги жаҳон андозаларига мос ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган ишларнинг замирида ҳам ана шундай муштарак мақсадлар мужассам. 1991 йил ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1997 йил Ўзбекистон Президентининг иқтидорли ёшларнинг чет элларга ўқишини қўллаб-қувватлаш бўйича “Умид” жамғармасини ташкил этиш тўғрисида фармони эълон қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2014 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши Ўзбекистонда юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қарор илм-фанни янада ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни, жумладан қизларни интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янада кенг шароитлар яратишга қаратилган.
Мустақиллик йилларида ёш иқтидорли қизларнинг адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида ўз истеъдодини, салоҳият ва қобилиятларини намоён этишларига имконият яратиб берган Ўзбекистон Президентининг 1999 йилда қабул қилинган “Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони жамият ҳаётида етук мутахассислар, етакчи ва иқтидорли қизларнинг шаклланишига замин яратди. 2017 йилга келиб 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган қизлардан иборат “Зулфия” мукофоти совриндорларининг сони 200 дан ошди. 80 нафарга яқин хотин-қизларнинг мумтоз қўшиқчилик, академик ижро, эстрада, опера, балет, чолғу ижрочилиги, анъанавий ижрочилик, рақс йўналишларида “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди.
Ҳарбий хизматнинг ёшлар учун мустаҳкам ҳаётий принциплар, ҳарбий хизматни тугатаётган ёшларни рағбатлантиришнинг аҳамиятини, уларнинг ўқишни давом эттириши ва мамлакат олий ўқув юртларига ўқишга кириши учун имтиёз ва шароитлар яратишни эътиборга олиб, 2005 йилда эълон қилинган Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар учун республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп балнинг 25 % миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз бериш белгиланди.
Истиқлол йилларида ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, 23 та қонун ва 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда. Бундан ташқари йилларга ном беришда ҳам ёшларнинг манфаатлари эътиборга олинди. Масалан, 2000 йил - Соғлом авлод йили, 2001 йил - Оналар ва болалар йили, 2008 йил - Ёшлар йили, 2010 йил - Баркамол авлод йили, 2014 йил – Соғлом бола йили, 2016 йил – Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниб, яхлит чора-тадбирлар дастурлари амалга оширилди.
Ёшларга эътиборнинг кучайиши. 2016 йил “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Унга кўра 30 ёшгача бўлган барча тоифадаги шахслар ёшлар эканлиги қайд этилган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, республикадаги барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Ёшларни янада рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлон” мукофоти таъсис этилди. 2017 йил сентябрда ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб (Ал-Хоразмий мактаби) ташкил этилди. Ушбу мактабга ўқувчилар 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади.
Президент Ш.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида шундай дейилади: “Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаравонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. ..Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвесияни ишлаб чиқишни таклиф этади”.
Do'stlaringiz bilan baham: |