5-машғулот
1.Ўзбекистонда маънавий ва тарихий мероснинг тикланиши
Тарихий хотиранинг тикланиши. Ўзбекистон мустақилликка эришгач долзарб муаммолардан бири – янги тарихий шароитда жамиятга муносиб кишиларни тарбиялаш эди. Ўзбекистон суверен давлат сифатида ижтимоий-сиёсий ҳаётда маънавий янгиланиш жараёнини амалга оширмасдан мустақилликни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбарияти истиқлолнинг дастлабки пайтиданоқ бу борада зарур чоралар кўрди.
Тарихий тафаккурнинг ривожланиши маърифат асосида, маърифатли бўлиш негизида содир бўлади. 1991 йили Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги кенг нишонланди. Бу тўйга республикада катта тайёргарлик кўрилди ва у халқнинг катта маданият байрамига айланди. Унинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўплами нашр этила бошланди. Юбилей олдидан Алишер Навоийнинг буюк сиймоси ифода этилган саҳна асарлари, кинофильмлар яратилди. Алишер Навоий номида Давлат мукофоти таъсис этилди. Адабиёт институтига Алишер Навоий номи берилди. Ўзбекистон пойтахти Тошкентда улуғ шоирнинг муҳташам ҳайкали қўйилдики, бу жой халқнинг муқаддас зиёратгоҳига айланди. Навоий ҳайкали Комсомол кўли деб номланган истироҳат боғига ўрнатилди ва боғ Алишер Навоий номидаги миллий боғ деб аталадиган бўлди.
1994 йилни ҳукумат қарори билан Улуғбек йили, деб эълон қилиниши, Улуғбекнинг 600 йиллигини Ўзбекистонда ва жаҳон миқёсида, хусусан ЮНЭСКО қароргоҳи Парижда кенг нишонланиши ҳам буюк алломалар қолдирган мерос умуминсоний қадриятга айланганлиги нишонасидир. 1996 йил Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ҳам кенг миқёсда нишонланди. Биринчи Президент И.Каримов “1996 йилни Амир Темур йили” деб аташ тўғрисида фармон қабул қилди. “Темур тузуклари” бир неча тилда чоп этилди. Ўша давр тарихий маданий ёдгорликларини тиклаб, ёзма адабиётлар илмий муомалага киритилди. Қисқа фурсатда Тошкентда Амир Темурнинг дунёвий шаъни ва шавкатига мос келадиган Амир Темур ва темурийлар даври тарихи музейи қурилди. 1993 йил Тошкентда, 1996 йил Самарқанд ва Шаҳрисабзда Амир Темур ҳайкали очилди. 1996 йил Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари “Амир Темур” ордени билан мукофотланди.
Ҳукуматнинг махсус қарори билан 1999 йил декабрда Хоразмда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги, Нукусда Ажиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 175 йиллиги, 1998 йил октябрда Фарғонада Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланди. Ислом оламининг буюк алломалари Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Имом Мотуридий ва бошқаларнинг илмий мероси ўрганилиб, кўплаб нусхаларда чоп этилмоқда. Имом Исмоил Бухорий, Имом Абу Исо Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбандийнинг 675 йиллиги, Хожа Аҳрор Валийнинг 600 йиллиги ва бошқа алломаларнинг юбилейлари кенг нишонланди.
Инсон хотираси боқий. 2017 йилда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг эътибори билан эл-юртга меҳнати сингган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Тошкент ва Самарқандда И.Каримов (2018 йил Қаршида), Наманган вилоятида И.Ибрат, Хоразм вилоятида К.Отаниёзов, Қорақалпоғистонда И.Юсупов, Фарғонада Э.Воҳидов, Қашқадарёда А.Орипов, Андижонда М.Юсуф хотираларини абадийлаштириш бўйича йирик тадбирлар ўтказилди. Уларнинг номи билан аталадиган марказлар, ижодий мактаблар ташкил этилди. Жиззах шаҳрида Ҳ.Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуаси очилди.
Юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланиши халқимизни қувонтирди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2017 йил 6 ноябр - Ш.Рашидов туғилган куни Жиззахда тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. Жиззах шаҳридаги тадбирда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Республика раҳбарлигига И.Каримов келгач, Ш.Рашидов шахсига барча туҳмат ва таъқибларни тўхтатди. Унинг пок номи оқланди. 1992 йил Ш.Рашидов таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланди. 2016 йил Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Жиззах туманига Ш.Рашидов номи берилди.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, И.А.Каримов ҳайкаллари Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига, И.А.Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрига ва И.Каримов биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрига ўрнатилди. 2018 йилда Президент Ш.Мирзиёев раҳнамолигида Самарқанд шаҳрида, И.Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида И.Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Шунингдек, бир қатор кўчалар ва йирик объектларга И.Каримов номи берилди. Президент фармони билан 2018 йил 30 январда И.Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди, 24 мартда Самарқандда халқаро конференция ўтказилди.
Ўзбекистонда расман 3 та хотира куни мавжуд: 1) 1999 йилдан бошлаб 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни; 2) 2001 йилдан эътиборан 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”; 3) 2017 йилдан бошлаб 2 сентябр - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов хотираси куни.
Миллий урф-одатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг тикланиши. Миллий-маънавий меросга янгича муносабат Биринчи Президент И.Каримов раҳбарлигида амалга оширила бошланди. Энг аввало миллий маънавиятимизга, жаҳон цивилизацияси тараққиётига буюк ҳисса қўшган боболаримиз - Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳмад Яссавий, Ал-Хоразмий, Ал-Фаробий, Ал-Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа аждодларимизнинг миллий ва маънавий мероси халқимизга қайтарилди. Ислом олами алломаларининг диний қарашлари, ижодий фаолиятлари ўрганилиб, таваллуд топган кунлари байрам қилинди.
Халқимизнинг севимли байрам “Наврўз” байрами халқимизга қайтиб берилиши мамлакат тарихида катта воқеа бўлди. 1991 йилдан бошлаб Президент Фармонига кўра 21 март - Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Совет тузуми даврида И.Каримов унутилмас тарихий ҳужжатга имзо чекди. 1990 йил 2 июн куни “Мусулмонларнинг Саудия Арабистонига ҳаж қилиши тўғрисида”ги фармонини эълон қилди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Дин ишлари бўйича қўмита” ташкил этилди. 1992 йил 27 мартда Ўзбекистон Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни, деб эълон қилиш тўғрисида” фармонига кўра, Қурбон ва Рамазон ҳайит кунларини доимий равишда байрам қилиш ва дам олиш кунлари, деб эълон қилинди.
Мустақиллик шарафоти билан “Ислом нури” ҳафтаномаси, “Ҳидоят” журнали ташкил қилинди, кўплаб диний-ахлоқий адабиётлар чоп этила бошланди. Жумладан, Имом Бухорийнинг 4 жилддан иборат, Имом Термизийнинг 1 жилдли ҳадис китоблари, бошқа алломаларнинг қатор асарлари юз минглаб нусхаларда чоп этилди. Қуръони Карим 8 марта, жами 1 миллион нусхада нашр этилди. Қуръони Карим юртимизда илк бор 1992 йил Алоуддин Мансур томонидан ўзбек тилига таржима қилинди ва 3 марта, жами 300 минг нусхада нашр этилди. 2004 йили Тошкент Ислом университетида Қуръони Каримнинг шайх Абдулазиз Мансур таржимасида изоҳли нашри тайёрланди ва чоп этилди. Ўзбекистон мусулмонлари ҳар йили ҳаж ва умра амалларини адо этиш имкониятига эришди. Агар совет даврида Ўзбекистон фуқароларидан 3-4 кишигина ҳаж сафарини адо этган бўлса, 2016 йилга қадар ҳар йили 5000 дан ортиқ фуқаролар ҳожи бўлиб қайтишди. Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси сони 5200 дан 7200 нафарга кўпайтирилди.
Маънавий-руҳий покланиш, қадриятларни тиклаш изчиллик билан иш олиб боришни талаб этади. 2000 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Имом Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги, “Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 (1200) йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорларни қабул қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |