5. Ўзбекистонда конфессиялараро муносабатлар
Динлараро бағрикенгликнинг шаклланиши. СССР даврида Ўзбекистонда 89 та масжид, 2 та мадраса бўлган. 2017 йилга қадар эса 2033 та масжид, Ислом университети, Ислом институти, 16 та диний конфессиялар фаолият юритиб келди. Ўзбекистон аҳолисининг 88 % ислом динига, 10 % дан зиёди бошқа динларга эътиқод қилади, 1,8 % ҳеч қайси динга эътиқод қилмайди. Рамозон ҳайити, Қурбон Ҳайити республика миқёсида нишонланяпти, диний журнал ва газеталар нашр этилиб, телевидение ва радиода диний мавзуларда махсус кўрсатув ва эшиттиришлар олиб бориляпти. Ўзбекистонда дин давлатдан, сиёсатдан ажратилган, аммо халқдан ажратилган эмас. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Дин ишлари бўйича қўмита” диндорлар эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашиб келмоқда. 2007 йилда Ислом Ҳамкорлиги ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалар бўйича тузилмаси – АЙСЕСКО томонидан “Тошкент – Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Бу Ўзбекистон давлатини динга бўлган муносабатининг натижасидир.
Аҳолиси кўп миллатли бўлган Ўзбекистонда исломдан ташқари христианлик, яҳудийлик, буддавийлик ва бошқа конфессияларга эътиқод қилувчи кишилар ҳам бор. Кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик соҳасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсати турли миллат ҳамда барча диний конфессия вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун мустаҳкам асос яратди. 1991 йил давлатнинг виждон эркинлиги ва динга оид сиёсатини белгилаб берувчи “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унинг қабул қилиниши ислом динига ва бошқа динларга эътиқод қилувчи фуқароларнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган қоида белгилаб қўйилган.
1992 йил Ўзбекистон Президентининг фармонига биноан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Дин ишлари бўйича қўмита” ташкил этилди. Қўмита таркибида диний конфессиялар билан ишлаш учун махсус ташкил этилган шўъба иш бошлаганидан сўнг, республика ҳудудида жойлашган ва диний фаолият юритаётган барча ташкилотлар ҳақида маълумотлар маълумотлар тўплана бошланди. 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Ушбу қонунга мувофиқ, “Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Бу қоиданинг бузулишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.
Ўзбекистон каби кўп конфессияли давлатда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, диний бағрикенглик мамлакатда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, 16 диний конфессия ўзаро тотувликда фаолият кўрсатмоқда.
Диний бағрикенглик тамойиллари. Ўзбекистонда қарор топган диний бағрикенглик қуйидаги омиллар билан белгиланади:
Биринчидан, республикада истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари ҳамда турли турли диний конфессиялар фаолиятида ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Иккинчидан, миллий ва диний бағрикенглик ўзбек маданияти ҳамда менталитетининг ажралмас қисмидир. Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасида олиб борилаётган сиёсат демократик ўзгаришларни ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни тезлаштиришга, бошқа миллатлар, динлар ва маданиятларга ҳурматсизлик ҳолларидан, экстремизм шаклларидан холи ҳақиқий демократик жамиятни қуриш омилиги айланишига, жамиятда миллатлараро ва динлараро аҳилликнинг сақланишига имкон туғдирмоқда.
Учинчидан, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунлик халқларнинг маънавий бойлиги манбайи ҳисобланади ва давлатларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Турли маданият ва дин вакиллари ўртасидаги мулоқотлар келишув ва ўзаро ишончга эришиш йўлларидан бири саналади.
Тўртинчидан, мутахассислар фикрича, бир-биридан фарқ қиладиган 2 хил бағрикенглик тушунчаси мавжуд: формал – ташқи кўринишдаги бағрикенглик ва ички – позитив бағрикенглик. Формал равишдагиси бошқа кишининг диний эътиқодига нисбатан тоқатлиликни, унга қарши киришмасликни англатса, ички – ижобийси эса бошқа динларни яхши билишни ҳам тақозо этади. Ўзбекистонда ҳар иккала кўринишдаги бағрикенглик амалда ўзининг тўлиқ ифодасини топган.
Турли дин вакилларига муносабат. Илмий манбалар ўлкамизда қадим замонларданоқ зардуштийлик, буддавийлик, яҳудийлик, насронийлик каби мураккаб идеологик тизимга эга динлар тинч-тотув фаолият олиб борганликларидан далолат беради. Бундай ҳолатни ҳозирги Ўзбекистондаги ислом, христиан, яҳудий динлари ва бошқа конфессияларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ноисломик конфессиялари турли эътиқодда бўлган фуқаролар ўртасида тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муайян мавқега эга. Айни пайтда Ўзбекистонда ислом дини билан бир қаторда: православлар, баптистлар, яҳудийлар, адвентистлар, католиклар, лютеранлар, кришнаитлар, буддистлар, пятидесятниклар, Иегова худоси шоҳидлари, янги ҳаворийлар, христиан-нресвиторианлар сингари бир қанча дин ва мазҳаблар мавжуд. Улардан ҳар бирининг ўзига хос мафкураси, талаб эҳтиёжлари мавжуд.
Ўрта Осиёдаги мусулмон ва бошқа конфессияларга мансублар ўртасидаги муносабатлар ҳам сиёсий, ҳам маиший даражада икки асосий хусусиятга асосланган, булар ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликдир. Бу муносабат ҳар хил динлар вакилларининг мураккаб тарихий жараёнлар синовларини мардонавор енгиб ўтишлари натижасида шаклланган. Мамлакатда тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик бўлишидан барча дин вакиллари манфаатдор бўлиб, баъзи конфессиялар вакиллари Ўзбекистонда ва хорижда ташкил этилаётган маънавий ва маърифий тадбирлардаги маърузаларида республикада диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳатларни қўллаб-қувватлашларини билдирмоқдалар. Бундай муносабат давлат томонидан ҳам тақдирланмоқда. Митрополит Владимирнинг “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани бунинг ёрқин далилидир.
Республикада диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда конфессияларнинг ҳам ўрни бор: 1) улар ўз фаолиятлари давомида аҳолида диний бағрикенглик маданиятини камол топтириш йўлида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келадилар. 2) мамлакатда динлараро тотувликни қўллаб-қувватлаш ҳамда турли низо ва мураккабликларни келтириб чиқарувчи миссионерлик каби хатти-ҳаракатларга қарши амалга оширилаётган тадбирларда фаол қатнашадилар.
Ислом дини ва диний таълимга эътибор. Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2238 та диний ташкилот – Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда. Уларда талабалар диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмларни олиш имкониятига ҳам эга. 1999 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг ташаббуси билан Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент ислом университетига асос солинди. Тошкентда 2013 йил қурилиши бошланган Минор масжиди 2014 йилнинг 1 октябрида, катта Қурбон ҳайити байрамида очилди. Масжид биноси анъанавий шарқ ва ўзбек услубида қурилган 2 минораси ва осмон ранг 1 гумбаз бор. Масжид 2400 дан ортиқ одамлар одамлар учун мўлжалланган.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида шундай деган эди: “Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман”. Президент Ш.Мирзиёевнинг бу нутқи нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё ва бутун дунёда ҳамжиҳатликка эришиш, динлараро тотувлик, тинчликни сақлаш йўлида муҳим дастуриламал бўлаётганини, бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топганини эътироф этди.
Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Самарқандда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. унинг таркибида ҳадисшунослик олий мактаби, ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тошкентда Ислом маданияти маркази ҳамда Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги фармони асосида Ўзбекистон Ислом Академияси ташкил этилди.
Конфессия (лот.- тан олиш, эътироф этиш) – Диний ишонч, эътиқод; шу билан бирга мазҳаб мазмунига эга тушунча.
Толерантлик (лот.- сабр-тоқат, чидам, бардош) – Ўзгаларнинг фикр-ғоялари, эътиқоди, ҳис-туйғулари, турмуш тарзи ва хулқ-атворига нисбатан сабр-тоқатли бўлиш, бепарво қараш; бағрикенглик.
Семинария – 1) Бошланғич мактаб ўқитувчилари тайёрлайдиган махсус ўқув юрти; 2) христиан черковлари учун руҳонийлар тайёрлайдиган ўқув юрти.
Do'stlaringiz bilan baham: |