44. Фуқаролик жамияти нима ва унинг институтларини изоҳланг? Фуқаролик жамияти – ҳар бир инсон манфаатини устувор билувчи, ҳуқуқий анъана ва қонунларга ҳурмат муҳити шакллантирилган, умуминсоний қадриятлар эъзозланадиган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари сўзсиз таъминланадиган, давлат ҳокимиятининг самарали жамоатчилик назорати механизмлари вужудга келтирилган, инсоний муносабатлар чуқур маънавий-маданий қадриятларга таянадиган эркин демократик ҳуқуқий жамиятдир.
Фуқаролик жамияти институтларини қуйидаги мезонлар бўйича таснифлаш мумкин:
Иқтисодий соҳадаги манфаатларни қаноатлантирувчи тузилмалар: хусусий мулк асосида вужудга келадиган ва фаолият юритадиган нодавлат ташкилотлари; тадбиркорлар уюшмалари (палатаси) ва бошқалар.
Ижтимоий соҳадаги манфаатларни ифодаловчи тузилмалар: оила ҳамда унинг манфаатларини акс эттирувчи ташкилотлар; таълим-тарбия муассасалари (мактаб, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари); фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; мустақил ОАВ; диний ташкилотлар; миллий-маданий марказлар; ихтиёрий кўнгилли жамиятлар; жамоатчилик фикрини аниқлаш ва ўрганиш институтлари ва бошқалар.
Сиёсий соҳадаги манфаатларни акс эттирувчи институтлар ва тузилмалар: сиёсий партиялар; ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар ва бошқалар.
Ўз навбатида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:
аҳолини турли ижтимоий гуруҳлари манфаатларини ифода этади;
фуқаролар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлашда, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини оширишда, мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг кўламини кенгайтириш ва чуқурлаштиришда муҳим омил саналади;
улар давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб боришнинг асосий воситаси ҳисобланади;
жамият аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва миллий дунёқарашини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади;
бутун жамият аҳамиятига молик масалаларни ҳаётга тадбиқ этишда улар давлатнинг тенг ҳуқуқли ижтимоий ҳамкори ҳисобланади;
нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ривожланган тизими жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтиради ва мустаҳкамлайди.
45. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқда қандай муҳим масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси маълум қилинди?
Мамлакатни ривожлантириш бўйича Стратегия ишлаб чиқилгани ва унга асосан олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсад-моҳияти очиб берилди;
тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифа экани таъкидланди;
БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган дастур тўлиқ ижро этилиши лозимлиги уқтирилди;
Афғонистон муаммосини тинч, музокаралар йўли билан ҳал этишдан бошқа йўл йўқ эканига урғу берилди;
халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши таъкидланди;
бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олиш эканлиги айтилди;
БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Таъкидлаш жоизки Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг юқорида қайд этиб ўтилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди ва бу борада амалий чоралар белгиланди. Хусусан, 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” юзасидан берган таклифи бир йилдан ортиқ вақт давомида муҳокамалардан ўтгандан сўнг БМТга аъзо 193 давлат томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда 50 дан ортиқ мамлакатлар билан ҳаммуаллифликда тайёрланган резолюция қабул қилинди.
Ушбу резолюцияларнинг БМТда бир овоздан маъқулланиши ва қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юритаётган очиқ, оқилона ва конструктив ташқи сиёсати халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётганидан далолат беради.