Ҳуқуқ нормаси ва унинг элементларини изоҳланг.
Ҳуқуқ нормаси барча ҳуқуқ субъектлари учун мажбурий бўлган, давлат томонидан ўрнатилган ёки маъқулланган, ижтимоий муносабат қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида ифодалаган хатти-ҳаракат қоидаси, хулқ-атвор мезонидир. Демократик давлатларда ҳуқуқ нормаларининг мазмунида эркинлик, адолат, тенглик каби принциплар мужассам бўлади. Ҳуқуқ нормаси шахсларнинг бир-бири билан бўладиган ўзаро муносабатларида қандай хатти-ҳаракат моделига, намунасига риоя этишлари лозимлигини, яъни қайси ҳаракатларни содир этиш мумкин ёки қандай хатти-ҳаракатни содир этмаслик кераклигини кўрсатади. Шу маънода ҳуқуқ нормаси хулқ-атворнинг ҳуқуқий мезони сифатида майдонга чиқади. Унинг тартибга солувчи восита сифатидаги аҳамияти шундаки, муайян ҳуқуқ субъекти ўз ҳаракатида ҳуқуқ нормасида мустаҳкамланган қоидага риоя этади ёки бошқа ҳуқуқ субъектидан ҳуқуқ нормасида белгиланган тегишли хатти-ҳаракатни содир этишни талаб қилади.
Ҳуқуқий норма гипотеза, диспозиция ва санкция каби элементлардан иборат.
Гипотеза ҳуқуқ нормасининг дастлабки таркибий элементи бўлиб,
у ушбу ҳуқуқ нормасининг қандай шароитларда ҳаракатга келиши ва унинг диспозицияси қандай шароитларда амалга ошишини белгиловчи ҳаётий шарт-шароитларни ва мавжуд вазиятни кўрсатади, яъни ҳуқуқ нормасида белгиланган хатти-ҳаракат қандай шароитларда бажарилиши мумкин ва лозимлигини билдиради. Ҳуқуқ нормаларининг амал қилиши билан боғлиқ бўлган битта шарт-шароит акс этган гипотеза оддий гипотеза ҳисобланади. Масалан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 66-модда).
Диспозиция ҳуқуқ нормасининг асосий таркибий элементи бўлиб, унда ҳуқуқ субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади ва уларнинг бўлиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари вариантлари кўрсатилади. Диспозиция хулқ-атвор қоидасининг ўзи, юридик норманинг ўзаги. Аммо, ҳуқуқ нормаси фақат биргина диспозициянинг ўзидан иборат бўла олмайди. Фақат гипотеза ва санкция бирликда диспозиция атрофида жамлангандагина диспозиция ҳаётий кучга эга бўлади ва ўзининг тартибга солувчи хусусиятларини намоён қилади. Диспозиция бу ҳуқуқий хатти-ҳаракат моделидир. Юриш-туриш қоидасининг ифодаланишига кўра диспозициялар оддий, мураккаб ва муқобил ҳамда хулқ-атвор қоидаларини баён қилишнинг тўлалиги бўйича тавсифловчи, бланкет ва ҳавола этувчидиспозицияларга бўлинади.
Мисол сифатида оддий диспозиция хулқ-атвор,юриш-туришнинг конкрет вариантини унинг мазмунини тўла очиб бермаган ҳолда кўрсатиб ўтади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 10-моддаси мазмунига биноан, Ўзбекистон Республикаси халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин.
Санкция ҳуқуқ нормасининг бир қисми бўлиб, унда диспозицияда кўрсатилган талабларни бажармаганлик учун берилиши мумкин бўлган жазо ёки тавсия этилган ҳаракатни содир этганлик учун рағбатлантиришнинг тури ва ўлчови ифодаланган бўлади.
Санкцияларда ифодаланган салбий оқибатларнинг аниқлигига қараб, мутлақ аниқ, нисбатан аниқ ва кумулятив санкцияли нормалар ажратилади. Мутлақ аниқ санкцияли ҳуқуқ нормаларида давлатнинг аниқ битта мажбурлов чораси кўрсатилади. Масалан, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, 1281-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |