Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 13 апрель,
ПҚ-3666-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
2. Вазирлик адлия органлари ва муассасалари фаолиятига умумий раҳбарлик қилувчи ва уни мувофиқлаштирувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади), фаолиятининг айрим масалалари бўйича эса бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.
Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисобланади.
3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ҳудудий ва таркибий тузилмалар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эгадирлар.
6. Вазирликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, қисқартирилган номи — Адлия вазирлиги;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Министерство юстиции Республики Узбекистан, қисқартирилган номи — Министерство юстиции ёки Минюст;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи — Ministry of Justice ёки Minjust.
7. Вазирликнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси, 5-уй.
Do'stlaringiz bilan baham: |