2-боб. Малака даражаси
6. Тегишли малака бўйича иш тажрибасига эга бўлмаган шахсларга малака даражаси лавозимга тайинлангандан кейин камида 6 ой ўтгач берилади.
7. “5- ва 6-даражали давлат хизматчиси” малака даражалари тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда давлат органи) биринчи раҳбарлари томонидан берилади.
8. “2-, 3- ва 4-даражали давлат хизматчиси” малака даражалари давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган тегишли давлат органларининг биринчи раҳбарлари томонидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан келишилган ҳолда берилади.
9. “1-даражали давлат хизматчиси” малака даражаси Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда берилади.
10. “Олий даражали давлат хизмати маслаҳатчиси” ҳамда
“1-, 2- ва 3-даражали давлат хизмати маслаҳатчиси” малака даражалари Агентлик директорининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
“Олий даражали давлат хизмати маслаҳатчиси” ҳамда
“1-, 2- ва 3-даражали давлат хизмати маслаҳатчиси” малака даражаларини беришда малака имтиҳонлари ўтказилмайди.
11. Агентлик Реестрда кўрсатилмаган давлат фуқаролик хизматчиси лавозимларини “2-, 3-, 4-, 5-даражали давлат хизматчиси” малака даражаларини ҳамда “1-даражали давлат хизматчиси” малака даражасини (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда) бериш мақсадида мавжуд лавозимларга тенглаштиришга ҳақлидир.
12. Ҳар бир малака даражасида бўлиш муддати:
6, 5, 4-даражали давлат хизматчилари учун — 2,5 йилни;
3, 2, 1-даражали давлат хизматчилари учун — 4 йилни ташкил этади.
Олий даражали ҳамда 1, 2 ва 3-даражали давлат хизмати маслаҳатчиси малака даражаларида бўлиш муддати белгиланмайди.
3-боб. Малака даражаларини бериш ҳамда маҳрум қилиш
13. Агентлик директори ва тегишли давлат органлари раҳбарлари (Агентлик билан келишилган ҳолда):
а) ишда алоҳида ўрнак кўрсатганлиги ёки хизмат бурчини намунали ижро этганлиги учун олдинги малака даражасида хизмат қилишнинг белгиланган муддати тамом бўлгунга қадар малака даражаси беришга;
б) изчилликка риоя қилмаган ҳолда, лекин ходим юқори лавозимга кўтарилаётганда эга бўлган малака даражасидан икки даража юқори бўлмаган малака даражаси беришга;
в) биринчи марта малака имтиҳонидан ўтаётган ходимларга улар эгаллаб турган лавозим бўйича назарда тутилганидан бир ёки икки даража паст малака даражалари беришга ҳақлидир.
14. Агентлик директори мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиларига “2-, 3-, 4-, 5-даражали давлат хизматчиси” малака даражаларини ҳамда “1-даражали давлат хизматчиси” малака даражасини (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда) эгаллаб турган лавозимига қарамасдан изчилликка ва малака даражасида бўлиш муддатига риоя қилмаган ҳолда бериш ҳуқуқига эга.
15. Бир малака даражаси учун белгиланган муддатда хизмат қилган, лекин хизмат фаолиятида ёки хулқ-атворида жиддий камчиликларга эга бўлган, малака ошириш курсларини мувафаққиятсиз тамомлаган ёки малака имтиҳони натижаларига кўра салбий хулоса берилган давлат фуқаролик хизматчиларига навбатдаги мартаба даражаси берилмайди.
16. Малака даражалари берилган давлат фуқаролик хизматчилари уларда умрларининг охиригача бўладилар ҳамда фақат давлат фуқаролик хизматчиси мақомига путур етказадиган номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги, ўз хизмат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги учун ишдан бўшатилган тақдирда улардан маҳрум қилиниши мумкин.
17. Давлат фуқаролик хизматчиси мақомига путур етказадиган номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган, ўз хизмат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузган, малака ошириш курсларини мувафаққиятсиз тамомлаган ёки малака имтиҳони натижаларига кўра салбий хулоса берилган давлат фуқаролик хизматчиларининг малака даражаси пасайтирилиши мумкин, лекин улар эга бўлган малака даражасидан икки даража паст бўлиши мумкин эмас.
18. Малака даражасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш малака даражаси бериш ҳуқуқига эга бўлган тегишли мансабдор шахслар томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бериладиган малака даражаларидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш бундан мустасно.
19. Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида белгиланган ҳолларда давлат хизматчиси содир этган жинояти учун малака даражасидан маҳрум қилиниши мумкин.
20. Давлат хизматчиси, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ҳолларда ҳам малака даражасидан маҳрум этилади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
21. Давлат фуқаролик хизматчилари давлат фуқаролик хизматига қайта қабул қилинган тақдирда уларга аввал берилган малака даражалари сақланиб қолинади.
22. Ходимнинг малака даражасида бўлиш муддатига унинг давлат органидаги иш стажи киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |