Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда капалакларнинг бир жойдан иккинчи жойга тез кўчиш йули билан, пахта тойларига, айниқса ғумбакка айланган ҳолда қоп-қанорларга илашиб олиб тарқалади.
Аксари жойларда тиканли кўсак қурти қишки уйқуга кирмасдан йил бўйи урчий беради; ўзи яшайдиган минтақалар (Эрон) да эса бу зараркунанда ғумбаклик ёки пиллага ўралган қуртлик стадиясида қишлайди.
Капалаклари кечалари ҳаракатланиб, кундуз куни ҳар хил пана жойларга яширинади. Вояга етган капалаклар бир ойга яқин яшайди. Гулхайрилар оиласига мансуб ўсимликларнинг шоналари, кўсаклари, поя, шох учлари ва бошқа қисмларига битта-биттадан тухум қўяди. Бир урғочи капалак 100 тадан 230 тагача, ўрта ҳисобда 140 та тухум қўя олади.
Тухумларининг ривожланиши 3—12 кун давом этади. Тухумдан чиққан қуртлар шона ва кўсак ёки поя ва шох ичига кириб олади. Бу қуртлар бирмунча вақт барглар, хусусан ёш баргчалар билан ҳам озиқланиши мумкин.
Тиканли кўсак қурти шикастлаган шона ва тугунчаларнинг кўпчилиги тўкилади. Йирик кўсаклар вақтидан илгари очилиб чирийди. Поя ва шох учлари қурийди, бу қурт ёш ўсимликларга тушганида уларни нобуд қилади. Қуртлар серҳаракат бўлади ва ўзларининг ривожланиш даврида озиқланаётган жойларини бир неча марта ўзгартириб, бир неча шона ёки кўсакни шикастлайди. Бу қурт тешиб ўтган жойларда четлари кўтарилиб турган тешикчалар ҳосил бўлади. Қуртлик стадияси 15—28 кун давом этади.
Қуртлар ғумбакланиш учун ташқарига чиқади. Ўзлари яшайдиган шимолий минтақаларда охирги бўғин қуртлар тупроқ бетидаги ўсимлик қолдиқлари орасига, кесакчалар тагига, ёриқларга кириб пилла ўрайди. Ёзги бўғин қуртлар ҳам тупроқ бетида ва ўсимликларнинг ҳар хил қисмларида ғумбакка айланиши мумкин. Қуртлар кўсак ичидан чиқиши биланоқ ўша кўсак девори ва гулёнликлари ўртасига жойлашиб олади. Тиканли кўсак қурти бир йилда 4—5 марта авлод беради.
Кураш чоралари. Кимёвий дорилардан натрий фторид чангланади; лекин ДДТ ва гексахлоран дустларини чанглаш ҳам яхши натижа беради деб фараз қилишга асос бор.
Агротехника тадбирларидан чигитни эрта экиш, пахтанинг тезпишар навларини танлаш, ҳосилни йиғиб-териб олгандан сўнг далаларни ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, далаларни кузда шудгор қилиш масалаларига катта эътибор берилади. Шу билан бирга, бу зараркунандани жалб қилиш учун, экин далалари ёнига бомия экиб, унга тушган қуртларни механиқ йўл билан йўқотиш ҳам тавсия этилади.
Ниҳоят, қуртлар тешиб ўтган жойларида уларнинг қора доғ шаклидаги чиқиндилари равшан кўриниб турган поя, шох учлари ва кўсаклар юлиб олиниб, дарҳол йуқ қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |