Ҳаёт кечириши. Қора қўнғизлар қуруқ жойларни ҳоҳлайди ва қурғоқчил йилларда яхшироқ ривожланади. Кўпчилик қора қўнғизларнинг личинкалари тупроқнинг юза қаватида яшайди; узоқ вақт давом қиладиган очарчилик ва қурғоқчиликда ҳам нобуд бўлмайди. Урғочи қўнғизлар тупроқ орасига тухум қўяди ва бу тухумлардан чиққан личинкалар шу жойнинг ўзида ғумбакка айланади. Авлоди 1—1,5 йил давом қилади. Баъзи турларнинг личинкалари кўп ёшга киради, 12 мартагача пўст ташлайди. Вояга етган қўнғизлар бир неча йил яшаб, ўз умрида бир неча марта тухум қўяди. Қора қўнғизларнинг тухум қўйиш даври узоққа чўзилади, урғочи қўнғиз тухумлаш даврида бир неча юзтадан тухум қўяди. Баъзи турларининг вояга етган қўнғизлари ёруғликни яхши кўради, бошқалари эса кечалари ҳаракатланади. Вояга етган қора қўнғизларнинг кўпчилиги ўсимлик қолдиқлари, похол-сомон ва бошқа хас-чўп уюмлари тагида яшириниб яшашни ёқтиради.
Ғўза қора қўнғизи шохли қора қўнғизга қараганда ёруғлик камроқ бўлишини хоҳлайди; бу қўнғизларнинг иккаласи ҳам вояга етгандан сўнг кечалари ҳаракатланади.
Кураш чоралари. Далаларни яхшилаб ишлашдан ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг ўсимлик қолдиқларини йўқотишдан, чигитни эрта экишдан ва ерни ўғитлашдан иборат.
Личинкаларга қарши юқорида кўрсатилган симқуртлар учун белгиланган нормаларда гексахлоран ишлатиш мумкин.
Вояга етган қора қўнғизларни похол-сомон ёки ўт уюмчалари тагига жалб қилиб, сўнгра уюмларни ёндириб юбориш яхши натижа беради. Бу тадбирни кимёвий кураш усули билан биргаликда кўрса ҳам бўлади; кейинги ҳолда 1 кг кунжара ёки кепакка 30 г ҳисобидан натрий арсенит аралаштириб тайёрланган заҳарли емлардан уюмчалар тагига солиб қўйилади. Бундай заҳарли ем ғўза қатор ораларига ҳам сочилади.
Сариқ қанотли чангхўр
(Omophlus oilicollis Men.)
Марказий Осиёда экинларга зарар етказадиган чангхўрлар (Alleculidae) оиласига мансуб зараркунандаларнинг тур хиллари ҳали тўла аниқланган эмас. Ҳозирча сариқ қанотли чангхўр ғўзага, беда ва айниқса, Самарқанддан шимолроқда ва Бухоро вилоятида ғаллагулли ўсимликларга зарар етказиши аниқланди.
Зарари. Сариқ қанотли чангхўрнннг личинкалари қора қўнғизларнинг личинкалари билан биргаликда учрайди ва улар ҳам қора қўнғиз личинкалари сингари зарар етказади. Чангхўр Марказий Осиёнинг шимолий минтақаларида унчалик зарарли бўлмаса ҳам, лекин жанубий минтақаларида баъзан анча жиддий зараркунандадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |