Кураш чоралари. Симқуртларга қарши агротехник усулда курашилади, далалар яхшилаб ишланади, кузда шудгор қилинади ва ерга минерал ўғитлар солинади. Ерлар яхшилаб ишланганида симқурт (личинка) ларнинг кушандалари, айниқса Carabidae оиласига мансуб визилдоқ қўнғизларнинг иши осонлашади. Чопиқ талаб экинларни яхшилаб ишлаш тупроқни симқуртлардан тозалашга ёрдам беради. Ерга минерал ўғитлар солиш яхши натижа беришининг сабаби шуки, минерал ўғитлар солинганида тупроқ эритмасининг осмотик босими, тахминан тупроқда яшовчи симқурт ва кўпгина бошқа ҳашаротларнинг танаси ичидаги осмотик босимга тенг даражада ўзгаради. Тупроқ эритмасидаги тузларнинг концентрацияси ошганида ҳашаротларнинг танаси сувсизланади (Пятницкий). Бундан ташқари, ўғитлар таъсирида ўсимлик бақувват ва соғлом бўлиб ривожланади, шу йул билан ҳашаротларнинг шикастлашига бардош бериш кучини оширади. Симқуртларга қарши курашда далаларнинг ҳар гектарига 2—3 ц ҳисобидан аммиакли селитра ёки аммоний сульфат солиш энг яхши натижа беради.
Симқуртларга ва тупроқда яшовчи бошқа кўпгина ҳашаротларга қарши курашда далаларга гексахлоран солиш билан ҳам яхши натижаларга эришилади; бу дори ёппасига сочилганида ҳар гектарга 40—50 кг, уялаб солинганида эса—16 кг сарфланади. Шунингдек кўкламда уруғ экишдан олдин суперфосфатга 15 % гексахлоран аралаштириб солиш ҳам яхши натижа беради; бу дори ёппасига солинганида (далани бороналашдан олдин дала бетига сочилганида) ҳар гектарга 3 центнер ёки қатор ораларини биринчи ишлашдан олдин ҳар ўсимликка 3 грамм ҳисобидан сарфланади. Қатор оралари чопиладиган экинларга гексахлоран билан суперфосфат аралашмаси уялаб солинганида симқуртнинг 75 фоизи қирилади, хўжаликнинг симқуртдан зарар кўриши сезилмайдиган даражада бўлиб қолади. Гексахлоран ҳар қандай тупроқли ерларга солинганида ҳам яхши фойда беради, шу билан бирга ўсимликларга ҳамда чувалчангларга зарар қилмайди. Баъзи ўсимлик жумладан баҳори буғдой, сабзи, лавлаги уруғлари экишдан олдин гексахлоран кукуни билан дориланганида уларнинг униш даражаси назорат (дориланмаган) уруғларникига нисбатан анча ошади. Бироқ гексахлоранни картошкага ишлатиш ярамайди, чунки бу ҳолда симқуртлар қирилиб кетса ҳам, картошкага гексахлоран ҳиди ўтади.
Уруғларни экишдан олдин 12 % ли гексахлоран кукунига булғаб олиш ҳам яхши натижа берди. Бироқ, бу усул уруғлик чигитни симқуртга қарши дорилаш юзасидан ҳозирча синаб кўрилган эмас, аммо бошқа экин уруғлари учун давлат нав синаш комиссияси томонидан тавсия этилди (бунда 1 т уруғга 15—30 кг гексахлоран дусти сарфланади). Кемирувчи тунламларга қарши 1 тонна уруғлик чигитни 40 кг гексахлоран кукуни билан дорилаш яхши натижа берди ва бу дори ғўзанинг ривожланишига халақит бермади.
Do'stlaringiz bilan baham: |