Ҳаёт кечириши. Комсток қурти пўстлоқ тангачалари остида, дарахтларнинг кавагида, ўсимлик илдизларида, хазон орасида, девор ёриқларида тухумлик стадиясида қишлайди. Урғочи ҳашарот тухум қўйиш пайтида мумсимон оқ пар, яъни овисак чиқаради, тухумлар шу овисакнинг ичида тўп-тўп бўлиб туради. Вояга етган урғочилари ҳам, личинкалари ҳам қишгача қолади, аммо қора совуқда ва ёғингарчилик кўп бўлганда ўлиб кетади. Яхши ҳимояланмаган жойлардаги тухумларнинг талайгинаси ҳам қиш бўйи нобуд бўлади. Личинкалар тут дарахтининг куртаклари бўрта бошлаганда, мартнинг иккинчи ярми-апрел бошларида тухумдан чиқа бошлайди. Комсток қурти ҳаммахўр бўлиб, ёввойи ва маданий ўсимликларнинг 300 турида яшай олади, айниқса тут, катальпа, қора эрмон ва печакни хуш кўради. Комсток қурти ўсимликнинг ҳамма қисмларини: танаси, поялари, шохлари, барглари, куртаклари, шона, ғунчалари, гуллари, меваларини ва 5-6 см чуқурликдаги тупроққа кириб илдизларининг юқори қисмини сўради. Айрим ҳолларда эса 40 см гача чуқурликда учрайди. Қурт одатда баргнинг пастки томонидаги томирлар бўйлаб озиқланади. Бу зараркунанданинг урғочилари учта личинкалик ёшини ўтади, иккинчи ёшдаги личинка пўст ташлагандан кейин урғочиси тинчлик даврига киради, яъни ғумбакка айланади. Комсток қурти тахминан бир ярим ойда бир насл беради. Ёз бўйи учта, баъзан (айниқса жанубий Тожикистонда) тўртта насл беради. Урғочиси сўнгги пўст ташлашдан 10-30 кун кейин тухум қўя бошлайди. Ҳашаротнинг биринчи насли одатда 200-350 та ва кўпи билан 670 та, иккинчи насли 250 та, кўпи билан 435 та, учинчи насли эса 200 та, кўпи билан 350 та тухум қўяди. Урғочи қурт ҳаммаси бўлиб 15-36 кун яшайди. Вояга етган қуртлар ва личинкалар қоронғи жойларда яшайди; тик тушиб турган қуёш нурида 38° ҳароратда 3 минутда ўлиб қолади. Биринчи ёшдаги личинкалар («бродяжкалар») чиққан жойидан ҳар томонга ўрмалаб кетса ҳам, қурт дарахтнинг бир шохи ёки қўшни шохлари доирасидаги яқин масофадагина фаол ҳаракатлана олади, холос. Янги ўсимликларга асосан пассив йўл билан: тут кўчати, барги, чилпиндиси, ўтини, транспорт воситалари, кийим-кечак, ҳайвонлар жуни, қушлар (айниқса чумчуқлар) панжаси, ариқ суви билан тарқалади (комсток қурти сувга чўкмайди ва бир неча кунгача овқатсиз яшай олади), қурт қишлоқ хўжалиги асбоблари ва сабзавот ҳамда мевалар билан ҳам тарқалиши мумкин.
Марказий Осиёда комсток қуртини бир қанча йиртқичлар йўқ қилиб туради; улардан бон мушкаси (Lеuсорis bona Rohd.) нинг аҳамияти каттароқ, унинг личинкалари қишлаётган қуртнинг кўпинча 80-90 % ини ўлдиради. Бон мушкаси йилига 5-6 насл берса ҳам, кўкламда ва ёзда барибир кам бўлади ва ўсув мавсумининг охиридагина кўпайиб қолади. Комсток қуртини олтинкўзларнинг личинкалари (айниқса Сhrуsора vulgaris Schr.) ва тугмача қўнғизлар (Соссinellidae) ейди.
Чет элдан махсус олдирилган псевдафикус (Рsеudaрcus mаlinus Gаh.) деган паразит комсток қуртини йўқотишда ғоят катта роль ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |