Таърифи. Пашшанинг катталиги 4,5-5 мм, боши оч кул ранг, хартумида сариқ ҳошияси бор. Кўзлари қизил, кўкраги ялтироқ; қора бўлиб, оч сариқ жилоси бор, елкаларида оқ халқалари бўлади, қорни оч сариқ туслидир. Қанотларида равшан чегарасиз кўндаланг қорамтир доғлари бор, қанотларининг олдинги чеккаси ва асоси қорамтирроқ. Оёқлари сариқ, урғочиларининг қорин учида хитинли тухум қўйгичи бор.
Тухуми оч сариқ, дугсимон, гунгурт oқ ёки сарғиш тусли бўлиб, узунлиги 0,7-0,9 мм дир. Личинкаси оқ, олдинги учи ингичкаланган бўлиб, кетга борган сари йўғонлашади, кейинги нафас тешиклари билан анал тешигининг орасида иккита дўмбоқча бор, узунлиги 9 мм гача боради. Сохта пилласи узунчоқ овал шаклида, тўқ қўнғир, баъзан сарғиш, узунлиги 4-5 мм ча бўлади.
Ҳаёт кечириши. Ўрта денгиз мева пашшаси янги жойларга мева ичида, асосан личинкалик стадиясида ўтади. Қишда қаттиқ совуқ бўлмайдиган, намгарчилик кўпроқ жойлар мева пашшасининг урчиши учун қулайдир. Бу ҳашарот 20-28° да яхши ривожланади, унинг ривожланиши учун паст ҳисобланган ҳарорат 12-13° дир. Қулай шароитда (масалан, Гавайя оролларида) пашша қишки уйқуга кирмайди ва йилига 16 тагача бўғин бера олади. Ҳозирги вақтда Ўрта денгиз мева пашшаси тарқалган шимолий чегарада, Париж яқинида бу ҳашарот йил бўйи икки марта урчийди, Жанубий Европада уч-олтита, Шимолий Африкада 8-9 та бўғин беради.
Вояга етган пашшалар мева шираси билан озиқланиб, 6-8 ой яшайди, шу вақт ичида урғочилари 600-900 та (кунига 4-6 тадан) тухум қўяди. Пашша овқатсиз қолса 3-4 кундан кейин ўлади. Тухумларини мева пўстининг остига қўяди, қулай шароитда тухумдан 1-2 кунда личинка чиқади, у мева эти билан озиқланади. 20-28° С ҳароратда личинкалар 5-10 кунда етилиб олади, шундан кейин мевани ташлаб, тупроқнинг юза қатламида ғумбакка айланади. Қулай шароитда ғумбаклик стадияси 8-10 кун давом этади. Янги бўғин пашшалар қанот чиқаргандан 4-10 кун кейин тухум қўя бошлайди.
Кураш чоралари. Ўрта денгиз мева пашшаси тарқалган жойлардан мева келтиришни таъқиқлаш энг асосий карантин чораси ҳисобланади. Шундай жойлардан мева келтириш зарур бўлиб қолган тақдирда у рефрижерацияланади. 1-20 С ҳароратда мевадаги пашша личинкалари 3 ҳафта ичида нобуд бўлади. Ўрта денгиз мева пашшаси тарқалган жойларда бу ҳашаротга қарши кураш учун ДДТ препаратлари ишлатилади (пашша учадиган даврда имаго стадиясига қарши, шунингдек мевадан чиқувчи личинкаларга қарши кураш учун тупроқда ДДТ чангланади).
Do'stlaringiz bilan baham: |