Ҳаёт кечириши. Полиз бургачалари ўсимлик қолдиқлари тагида, тупроқ ёриқларида, парник ромларининг тешик-ёриқларида қўнғизлик стадиясида қишлайди.
Эрта кўкламда уйғонган қўнғизларнинг жинсий ҳужайралари ривожланган бўлмай, улар қўшимча овқатга муҳтож бўлиб, бутгулли бегона ўтларга ёпишади; кейинчалик улар бутгулли экинларга, айниқса далага ўтқазилаётган карам кўчатига ўтади.
Қўнғизлар куннинг иссиқ вақтида серҳаракат бўлади, тунда эса тупроқ доналари остида ва ўсимлик барглари орасида қимирламай ётади. Қўнғизларга сал тегилса ҳам сакрайди, аммо одам бўйидан юқорига сакрай олмайди; қанотларидан кам фойдаланади.
Қўнғизлар баргларни кемириб, кичкина ўйиқчалар ҳосил қилади, ўсимликлар ўсган сайин бу ўйиқлар очилиб, тешик бўлиб қолади. Қўнғизлар кўплаб зарар келтирганда барг илма-тешик бўлиб кетиб, ёш ўсимликлар нобуд бўлади. Бу қўнғизлар уруғлик полиз экинлари ва бегона ўтларнинг қўзоқ ва шоналарига ҳам зарар етказади.
Полиз бургачалари ўсимликка кўплаб тушганда карам кўчати ерга ўтқазилгандан икки-уч кун кейин нобуд бўлади. Полиз бургачаларининг кўкламги қўшимча озиқланиш даври икки ойга чўзилади, сўнгра улар жуфтлашиб, урғочиси тухум қўяди.
Қора, кўк ва тўлқинсимон бургачалар тухумини тупроққа, биттадан ёки бир неча донадан 20 тагача ғуж қилиб қўяди. Бир неча кундан кейин тухумлардан личинкалар чиқиб, бутгулли ўсимликларнинг илдизлари билан озиқланади. Личинкалар тупроқнинг юза қатламида ғумбакка айланади.
Равшан оёқли бургача тухумини баргларга битта-биттадан қўяди. Тухумдан чиққан личинка барг ичига кириб, унинг эти билан озиқланади. Личинка озиқланиб бўлгандан кейин ғумбакка айланиш учун барг ичидаги кавакни ташлаб, тупроқ орасига кириб кетади. Бронза бургачанинг тухум қўйиш хусусиятлари ва личинкаларининг озиқланиш жойлари ҳали аниқланган эмас. Марказий Осиё шароитида ҳар хил бургачаларнинг йилига неча марта насл бериши ҳам аниқланган эмас. Марказий Осиёда равшан оёқли бургача йилига икки насл беради.
Кураш чоралари. Полиз бургачаларига қарши курашда маданий-деҳқончилик чоралари: ўғитлаш, бегона ўтларни йўқ қилиш, кузда далани ўсимлик қолдиқларидан расо тозалаш, чуқур шудгор қилиш ва зараркунанда тушган ерларни қишдаёқ суғоришдан иборат. Ўғит полиз ўсимликларининг ривожланишини тезлатиб, полиз бургачаларининг зарарини камайтиради.
Кундуз кунлари, қўнғизлар серҳаракат бўладиган даврда, уларни тутиш учун елим байроқчалар ва блохоловкалардан фойдаланиш тавсия этилади. Тожикистоннинг баъзи хўжаликларида карам кўчатларини ерга ўтқазишдан олдин баландлиги одам бўйидек келадиган настилларда сақлайдилар; бу чора карам кўчатларини ҳашарот тушишидан сақлаб қолади, чунки бургачалар одатда қанотларидан фойдаланмайди, шунинг учун бундай баландликка сакрай олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |