Карам оқ капалаги, ёки карам капалаги
Рieris brassicat L.
Зарари. Карам капалагининг қуртлари карам ва бошқа бутгулли ўсимликларнинг баргларини еб қўяди.
Карам капалагининг қуртларига қарши кураш олиб борилмаса, улар баргларни баъзан тамомила еб битириб, йўғон томирларинигина қолдиради.
Тарқалиши. Карам оқ капалаги Марказий Осиёнинг асосан тоғлик ва тоғ олди минтақаларида учрайди (Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларида, Қорақалпоғистонда бўлмайди); Қозоғистонда шимолга, Семипалатиньск томонларга кенг тарқалиб боради; Россиянинг Европа қисмида шарққа ўтиб, Урал тизмасидан сал ошади; Кавказда ва Ғарбий Европада ҳам учрайди.
Таърифи. Карам оқ капалаги урғочисининг катталиги, қанотларини ёзиб турганда 7 см гача боради, одатда эса 6 см дан ошмайди, эркагининг катталиги, қанотларини ёзиб турганда 6 см гача боради, одатда эса 5,5 см дан ошмайди.
Капалак қанотларининг уст томони оқ; олдинги қанотларининг учи қора, шу билан бирга қанот чеккасидаги қора доғ кубитал томиргача давом этади. Олдинги ва орқа қанотларининг асоси сал-пал қорамтир. Орқа қанотларининг олдинги чеккасида биттадан қора доғ бор; бундан ташқари, урғочи капалакларнинг олдинги қанотларида иккитадан юмалоқ қора доғ ва биттадан узунчоқ, қора доғ бор.
Орқа қанотларининг пастки томони сарғиш, олдинги қанотларининг пастки томони оқ бўлиб, учи сарғиш, эркак ва урғочи капалаклар олдинги қанотларининг пастки томонида иккитадан қора доғи бор. Капалакларнинг мўйловлари булавага ўхшайди.
Тухуми чўзинчоқ, ўртасига яқин жойи сал-пал бўртган, ранги сариқ, узунлиги тахминан 1,3 мм келади; тухумнинг торайган учида жуфт-жуфт бўлиб қўшиладиган қобирғачалар шаклидаги бўйлама скульптураси бор. Қуртнинг узунлиги 4 см гача боради, ранги яшил ёки оч яшил-сариқ; биринчи ёшдаги қурт оч яшил бўлиб, узунлиги 1,75 мм ча келади.
Қурт гавдасида бир талай калта туклар, орқа томонида эса қора нуқтачалари бор; қурт ўсган сайин туклари ва доғчалари кўпаяди. Дастлабки уч ёшда қуртларнинг боши бир хил-қора рангда бўлиб, тўртинчи ёшда пешонасининг ўртасида равшан доғ пайдо бўлади, бешинчи ёшда бошининг икки ёни кул ранг тусга кириб, қора нуқталар пайдо бўлади.
Ғумбагининг катталиги тахминан 2,5 см узунликда бўлиб, ранги сариқ ёки сарғиш-яшил, қора нуқталари бор, бурчакли. Биринчи насл ғумбаклари келгуси наслларнинг ғумбакларидан анча йирик бўлади. Ғумбак танасининг ўртасидан ўраб олувчи ипак иплар ёрдамида ўткирлашган орқа учи билан нарсаларга ёпишиб олади, унинг бош томони ҳамиша юқорига қараган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |