Ҳаёт кечириши. Пўстлоқ ости қўнғизлари дарахтларнинг шохларида, пўстлоқ тагида, пўстлоқ ости қаватидан очган йўлларида катта ёшли личинка стадиясида қишлайди. Личинкалар қишлайдиган жойларда мартнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғумбакка айланади, апрелда вояга етган қўнғизлар пайдо бўлади. Ҳар хил ёшдаги личинкалар қишлаган бўлганлигидан ғумбаклардан қўнғиз чиқиши узоқ давом этиб, июлгача чўзилади. Қўнғизлар дастлаб пайдо бўлган жойда-шохларнинг пўстлоғи тагида, пўстлоқ ости қатламида, кейинчалик шохларнинг учларида, ёш новдаларнинг асосида озиқланади; улар ярим доира каналлар очиб, шу билан новдаларни нобуд қилади.
Қўнғизлар пўстлоқ остидан чиқар экан, тўғри юмалоқ тешиклар очади, учиш тешиклари деб аталадиган бу йўллар зараркунандани аниқлаш учун жуда муҳимдир; данакли мева дарахтларида шундай тешиклардан кўпинча елим оқиб туради.
Пўстлоқ ости қўнғизлари нуқул қувватдан кетган дарахтларга тухум қўяди. Урғочи қўнғиз шундай дарахтларнинг шохларида кириш тешигини очади (олхўри қўнғизининг урғочиси бундан ташқари кичкина камера ясайди ва унинг ичида қўнғизлар жуфтлашгани учун «жуфтлашиш камераси» деб аталади), сўнгра пўстлоқ остидан канал очади, диаметри қўнғиз гавдасининг энидан сал ошадиган бу канал «оналик йўли» деб аталади. Урғочи қўнғиз пўстлоқ ости қаватини кемириб, “пармалаш уни” деган чиқитни ҳосил қилар экан, уни ташқарига чиқариб ташлайди; урғочи қўнғиз оналик йўлининг ёнларини кемириб, тухум камераларини очади, бу камераларни оналик йўлининг иккала томонидан бирдай масофада очади; урғочи қўнғиз шу камераларга биттадан тухум қўйиб кетади, сўнгра уларни пармалаш уни билан тўлдиради. Олхўри қўнғизининг оналик йўли 5-10 см узунликда, буришган қўнғизнинг очган йўли эса атиги 2-3 см узунликда бўлади. Олхўри қўнғизи бир оналик йўлига 100 тача, буришган қўнғиз эса 50 тача тухум қўяди.
Пўстлоқ ости қўнғизларининг тухумдан чиққан личинкалари пўстлоқ ости тўқимаси билан озиқланади, оналик йўлини ён томонга секин-аста кенгайтириб ва чуқурлаштириб, личинка йўлларини очади, личинка ғумбакка айланадиган пайтгача бу йўлларнинг узунлиги 7 см га қадар боради. Личинка ғумбакка айланишдан олдин ўзи очган йўлнинг охирини ўйиб, пўстлоқ ости қатламидан чўзинчоқ уялар тайёрлайди. Ўша йили ёзда ғумбаклардан қўнғизлар чиқиб, яна кириш тешиклари ва оналик йўллари очади-да, тухум қўя бошлайди. Олхўри қўнғизи билан буришган қўнғиз бир йилда икки марта урчийди.
Do'stlaringiz bilan baham: |