Ўрик филчаси
Rhynchites auratus s. sp. ferghanensis Nev.
Зарари. Ўрик филчаси айрим ўрикзор боғларда баъзан ҳосилнинг ярмидан кўпига зарар етказиб, сифатини пасайтиради (Невский), шу билан бирга зарарланган данаклар истеъмол қилиш учун мутлақо ярамайди. Филча куртак ва гулларга ҳам зарар етказади, бунда ҳосил меванинг ўзи зарарлангандагига қараганда янада кўпроқ нобуд бўлади. Ўрикнинг қантак хашаки, сўнгра умча деган навларига филча кўпроқ, хурмойи ва мирсарнжали деган навларга камроқ зарар етказади (Невский). Дарахтлар қанча катта бўлса, филча ўшанча кўп зарар етказади, ёши 40 дан ошган дарахтларга филча айниқса кўп зарар етказади. Филча ўрикдан ташқари олча, гилос ва бодомга ҳам зарар етказади.
Тарқалиши. Ўрик филчаси Ўзбекистонда Фарғона водийси ғарбий қисмининг ҳамда Тожикистоннинг эндемик (шу жойларга хос) зараркунандаси ҳисобланади.
Таърифи. Ўрик филчаси олча филчасига жуда ҳам ўхшайди, 1928 йилдагина гавдасининг катталиги ва баъзи бир биологик хусусиятларга асосланиб айрим турча қилиб ажратилди. Филчанинг узунлиги хартумсиз 9,5-11,4 мм, хартуми 2,0-2,8 мм. Тухуми, личинкаси ва ғумбаги фақат катталиги билан олча филчасининг тегишли стадияларидан фарқ қилади.
Ҳаёт кечириши. Ўрик филчасининг ҳаёт кечириши олча филчасининг ҳаёт кечиришига асосан ўхшайди, аммо олча филчаси ҳеч қачон ўрикни емайди, ўрик филчаси эса олчани ҳам, гилосни ҳам ея беради. Қишни ўтказган қўнғизлар мартнинг ярмига яқин (ўрик куртаклари бўртишдан олдин) ва бодом куртаклари бўртаётган даврда тупроқдан чиқа бошлайди; бу жараён узоқ давом этиб, май ойида тугайди; ўрик гуллари тўкиладиган даврда қўнғизлар қийғос пайдо бўлади.
Қўнғизлар куртак гул ва ғўраларга зарар етказади. Бунинг натижасида куртак, гул ва ғўраларнинг аксари тўкилиб кетади. Филча гулларнинг тугунчасини еб қўяди. Ҳаво совуқ, шамол бўлганда ва ёмғир ёғиб турганда қўнғизлар озиқланмай, ерга ағнаб тушади ёки дарахт пўстлоқларининг пўстлари остига кириб яширинади.
Филча тушган меваларда нотўғри шаклли тешиклар пайдо бўлади. Бу ўрик тунламининг етказган зарарига ўхшайди, аммо ўрик тунлами йирикроқ ва юмалоқроқ тешик очади. Бир жуфт ўрик филчаси умрида 182 та мевага зарар етказиб, мева этидан тахминан 10 см3 ини еб қўяди. Меванинг зарарланган жойлари пробка тўқимаси билан қопланади, қантак ва хурмойи ўриклар ва бошқа баъзи навларининг зарарланган жойларидан елим чиқади. Ўрик филчаси апрел охири-май бошларида ёппасига тухум қўяди.
Урғочи филча ҳар бир мевага кўпинча биттадан, баъзан эса 2-3 тадан тухум қўяди; шу мевага баъзан бошқа филчалар ҳам тухум қўяди, аммо битта мевада учтадан ортиқ личинка пайдо бўлмайди, қолганлари нобуд бўлиб кетади, шу билан бирга личинкаларнинг камералари бир-бирига тегиб турмаганда ва тухум меванинг турли жойларига қўйилгандагина учта личинка пайдо бўлади.
Урғочи филча умрида ўрта ҳисоб билан 84 та, кўпи билан 150 та тухум қўяди; урғочи филчанинг тухум қўйиш даври ўрта ҳисоб билан 34 кун давом этади; бир суткада одатда 2-3 тухум қўяди. 8-12 кундан кейин тухумдан личинка чиқади. Личинкаларнинг ривожланиши 23-30 кун давом этади. Ўрик пишадиган даврда личинкалар мевадан чиқиб, пастга тушади ва ғумбакка айланиш учун тупроқ орасига киради. Уларнинг 90 фоизи мевадан кечаси чиқади. Териб олинадиган меваларда личинкалар 2 фоиздан ортиқ қолмайди.
Филчалар дарахт танасидан тахминан 1 м масофада кўпи билан 8 см чуқурликда ғумбакка айланади, аммо баъзи ғумбаклари дарахт танасидан 5 м га қадар масофада ётади. Пронимфалик (ғумбакка айланиш учун пўст ташлашга тайёрланаётган ва сегментлари яқинлашган личинка) стадияси тахминан икки ойга чўзилади. Августда ёппасига ғумбакка айланади. Ғумбаклик стадияси 18-20 кун давом этади. Қанот чиқарган қўнғизлар тупроқда ғумбак қобиғида қишлайди.
Олча филчасининг тухумларига паразит тушса, ўрик филчасининг тухумларига паразит тушмайди, чунки тухум йўли калта бўлганидан ўрикни данагигача теша олмайди. Ўрик филчаси йилига бир марта авлод беради, аммо озиқланишни тамомлаган ва тупроққа кўмилган личиикаларнинг тахминан 44 фоизи диапаузага кириб, келгуси йили куздагина ғумбакка айланади; шундай қилиб, ўрик филчаларининг бир қисми икки йилда бир марта авлод беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |