Белгиланган нафақалар бўйича харажатларга оид таърифлар
Хизмат кўрсатишга доир харажат қуйидагиларни қамраб олади:
(a) жорий хизмат кўрсатишга доир харажатни, бу харажат - ходимлар жорий даврда хизмат кўрсатишидан келиб чиқадиган белгиланган нафақа мажбуриятининг келтирилган (дисконтланган) қийматидаги кўпайишдир;
(б) олдинги хизмат кўрсатишга доир харажатни, бу харажат ходимлар олдинги даврларда хизмат кўрсатишидан келиб чиқадиган белгиланган нафақа мажбуриятининг келтирилган (дисконтланган) қийматидаги ўзгариш бўлиб, у тизимга ўзгартириш киритиш (белгиланган нафақа тизимига ўзгаришларни киритиш ёки чиқариб ташлаш) ёки уни қисқартириш (тадбиркорлик субъектининг тизим қамраб олган ходимлари сонини сезиларли камайтириш) натижасида юзага келади; ва
(в) ҳисоб-китоб қилинганда ҳосил бўладиган ҳар қандай фойда ёки зарар.
Соф белгиланган нафақа мажбурияти (активи) бўйича соф фоиз - бу давр мобайнида вақт ўтиши билан юзага келадиган соф белгиланган нафақа мажбуриятидаги (активидаги) ўзгаришдир.
Соф белгиланган нафақа мажбуриятини (активини) қайта баҳолашлар қуйидагиларни қамраб олади:
(a) актуар фойдалар ва зарарлар;
(б) тизим активлари бўйича даромад, бундан соф белгиланган нафақа мажбурияти (активи) бўйича соф фоизга киритилган суммаларни чегирган ҳолда; ва
(в) активнинг юқори чегараси натижасидаги ҳар қандай ўзгариш, бундан соф белгиланган нафақа мажбурияти (активи) бўйича соф фоизга киритилган суммаларни чегирган ҳолда.
Актуар фойдалар ва зарарлар - бу белгиланган нафақа мажбуриятининг келтирилган (дисконтланган) қийматидаги ўзгаришлар бўлиб, у қуйидагилар натижасида юзага келади:
(a) тажриба асосида киритиладиган тузатишлар (олдинги актуар фаразлар билан ҳақиқатда содир бўлган ҳодиса ўртасидаги тавофутларнинг таъсирлари); ва
(б) актуар фаразлардаги ўзгаришларнинг таъсирлари.
Тизим активлари бўйича фойда - бу тизим активлари бўйича ўзлаштирилган ва ўзлаштирилмаган фойдалар ёки зарарлар билан бирга, тизим активлари бўйича олинган фоизлар, дивидендлар ва бошқа даромадлардан қуйидагиларнинг чегирилганидир:
(a) тизим активларини бошқариш бўйича ҳар қандай харажатлар; ва
(б) тизимнинг ўзи томонидан тўланадиган ҳар қандай солиқ, бунда белгиланган нафақа мажбуриятининг келтирилган (дисконтланган) қийматини баҳолашда фойдаланилган актуар фаразларга киритилган солиқдан ташқари.
Ҳисоб-китоб - бу белгиланган нафақа тизими асосида таъминланган нафақаларнинг айрим қисми ёки ҳаммаси бўйича барча кейинги юридик ёки кўзда тутилган мажбуриятларни бартараф этадиган операциядир, бундан тизим шартларида қайд қилинган ва актуар фаразларда ҳисобга олинган ходимларга, ёки улар номидан, тўланадиган нафақалар истисно.
Do'stlaringiz bilan baham: |