Қарағайнамолар (Pinales) қабиласи
Қабила битта қарағайдошлар (Pinaсеае) оиласига эга бўлиб, 10 та туркум ва 250 тага яқин турни ўз ичига олади.
Шимолий Евросиё ва Шимолий Америкада «Тайга» деб аталадиган ўрмонларни ҳосил қилади. Қарағайдошлар асосан доим яшил, қисман баргини тўкувчи дарахт, ҳамда айрим ётиб ўсувчи буталардан ташкил топган. Барглари игнасимон, тангачасимон, ингичка наштарсимон, турлича катталикда. Қарағайдошларнинг барглари асосан кўп йиллик 2-7 йилгача тўқилмайди. Қуббалари айрим жинсли. Эркаклик (чангчи) қуббасидаги микроспорофилларда 2 тадан микроспорангий (чангдон) жойлашган. Чанглар шамол ёрдамида тарқалишга мослашган. Урғочи (уруғчи) қуббасининг қоплағич тангача барглари қўлтиғида уруғ тангачалар ўрнашган бўлиб, уларнинг юзасида уруғ куртак жойлашган. Уруғлари қанотчали. Қарағайдошларнинг табиатдаги ва халқ хўжалигидаги аҳамияти беқиёс катта. Улардан қурилишлар учун ёғоч, мебеллар таёрлашда, қоғоз саноати учун хом ашё, смола, канифол, кипидар, глюкозидлар ва б. олинади. Кендрларнинг уруғи таркибида 59 % мой бор. Ундан озиқ-овқат саноатида ва техник мақсадларда фойдаланилади. Барглари С витаминга бой. Қарағайдошлар вакиллари манзарали дарахтлар сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қарағай туркуми (Pinus)-100 га яқин турга эга. Табиий шароитда Азарбайжон билан Грузияда ўсувчи (элдар қарағайи) қурғоқчиликка чидамлилиги учун Ўзбекистоннинг кўпчилик шаҳарларида манзарали дарахт сифатида ўстирилмоқда. Қарағай бир уйли доим яшил дарахт бўлиб, баъзан буталари ҳам учрайди. Қарағайнинг кўп тури қимматбаҳо ҳисобланади. У айрим жинсли ўсимлик ҳисобланади. Унинг кўпайиш органлари қубба шаклида, эркак қуббалар билан урғочи қуббалар ҳар хил тузилган. Эркак қуббалар жуда майда бўлиб, баҳорги новдалар асосида бошоққа ўхшаш чўзиқ, сариқ рангли тўпгулга йиғилган. Тўпгулда эркак қуббалар бир бирига тақалиб, зич жойлашади, ҳар қайси қуббанинг биттадан ўқи бўлиб, микроспорафиллар (чангчилар) унда балиқ тангачасига ўхшаб жойлашади. Тангачаларнинг пастки томонида иккита чанг халтачаси, яъни микроспорангий бўлиб уларда чанг ҳосил бўлади.
Тиним ҳолатида ҳар бир чанг доначаси цитоплазма ва ядродан иборат. чанг халтачалик вақтидаёқ ўлчами икки хил майда ва йирик ҳужайрага бўлинади. Йириги вегетатив ҳужайра дейилади. Майдаси кейин яна бир неча ҳужайрага бўлинади ва бу ҳужайралар устма уст тахланиб устун ҳосил қилади. Уларнинг юқоридагиси антеридий ҳужайрасидир. Чангнинг ташқи қобиғида икки томонда ичига ҳаво тўлган иккита пуфакча бор. Шунинг учун чанг жуда енгил бўлиб, уни шамол тез учириб кетади.
Қарағайнинг урғочи қуббалари якка ва эркак қуббаларга қараганда йирик бўлади. Улар баҳорги ёш новдаларнинг учида – шамол учириб келган чангларни тутиб қолиш қулай бўлган ерда жойлашади ва биринчи йили қизғиш рангда бўлади. Урғочи қубба ташқи ва ички тангачалар билан қопланган калта ўқдан иборат. сиртқи тангача юпқа бўлиб, пардага ўхшайди. Бу тангачалар қўлтиғида йирик ва серэт тангалар ривожланиб, улар уруғ тангачаси (макроспорафилл) дейилади. Қарағай гуллаганда қизил рангли урғочи қуббаларнинг тангачалари бир бирига зич тақалиб турмайди, улар орасида тирқиш ҳосил бўлиб, чанг тирқиш орқали қубба ичига киради. Уруғ тангачаси асосида овал танача шаклида иккита уруғкуртак ҳосил бўлади. Уруғкуртакка тушган чанг кейинги йилгача сақланади ва баҳорда ўсиб найча ҳосил қилади. Бу вақтда найчанинг учида иккита сперма ривожланади. Найча чанг йўли орқали уруғкуртак ичига ўсиб киради ва учи эриб кетиб, уларнинг бири ҳужайранинг ядроси билан қўшилади, иккинчиси нобуд бўлади. Тухум ҳужайра уруғлангандан кейин ундан уруғ муртаги ривожланади. Уруғкуртак эса бутунлигича уруғга айланади. Қарағай уруғи икки йил давомида етилади. Бу пайтда қубба жуда ўсиб кетади, уруғ етиладиган вақтда қуббанинг тангачалари қуриб, жигарранг тусга киради, тангачалар ораис бироз очилади ва уруғ осонгина тўқилиши мумкин бўлиб қолади. Шундай қилиб, қарағайнинг гуллашдан то уруғи етулгунча бўлган тўлиқ жинсий кўпайиш цикли икки йилга чўзилади. Бу вақт ичида қуббаларнинг морфологик тузилиши ва ранги анчагина ўзгаради. Қарағайда ҳар йили қуббаларнинг уч хилини 1)чангланиш жараёнида ҳосил бўладиган қизил рангли, майда қуббалар, 2) уруғланиш жараёни борадиган яшил рангли, бирмунча йирик қуббалар 3) уруғ етиладиган жигарранг қуббаларни учратиш мумкин. қарағай уруғлари қанотсимон бўлиб, юпқа ўсимталари бор, улар шу ўсимталар ёрдамида шамолда узоқ жойларга тарқалади.
Оддий қарағайдан ташқари писта қарағай (Pinus sibirica) ҳам учрайди. Писта қарағайнинг урғочи ғуддалари йирик, қаттиқ пўстли, серёғ уруғли бўлади. Улар “кедр ёнғоғи” деб аталади ва овқатга ишлатилади. Ўзбекистонда ва Ўрта Осиёда бошқа республикаларида қарағай ёввойи ҳолда ўсмайди. Лекин баъзи турлари экиб ўстирилади.
Ел (қизил дарахт) туркуми (Picea) га 30-50 га яқин тур киради, улар соясевар ўсимликлар бўлиб, Шимолий, Шарқий Европада, ғарбий ва Шарқий Сибирда, Кавказда, Ўрта Осиё тоғларида, Шимолий Америкада тарқалган.
Ел турларининг айримлари 50-60 м дан то 80 м гача баландликка эга. Улар 500-600 йил яшайди. Ўрта Осиёнинг Тияншан ва Жунғор Олатоғида ҳамда Хитой чегарасигача бўлган худудларда Шренк ели ўсади. Ел дарахти шохлари январ ойида ўтказиладиган янги йил арча байрамида безатиш учун ишлатилади.
Қора қарағай (Picea excelsa) Европа ўрмонларида кенг тарқалган. У Ўрта Осиё тоғларида (Жунғория Олатови, Тянь - Шанда) тянь – шан қорақарағайи ўсади. Бу дарахтнинг бўйи 40 м, диаметри 2 м келади. Шох шаббаси ингичка конуссимон бўлиб, пастга эгилиб туради ва тоғларни ювилишдан сақлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |