122
ХУЛОСА
1.ХIХ-ХХ аср бошларидаги Бухоро адабий муҳитининг ёрқин
забардаст вакили,
туркий ва форс-тожик тилида баравар қалам тебратган машҳур шоир Абдураҳмон
Тамкин ижоди бу давр адабиётининг зуллисонайинликка асосланган адабиёт мактаби
эканидан далолат бера олади. Шоир номи мумтоз манбаларда салоҳиятли ҳамда
зуллисонайн ижодкор мақомида тилга олинган. У ўзбек, тожик, араб тилларида ижод
қилган.
2. Абдураҳмон Тамкин Бухорий (1851-1852 йиллар атрофида туғилган ва 1915
йилгача яшаб ижод этган) ўз даврининг етук ва маҳоратли шоирларидан бўлган. Унинг
ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар, яратган асарлари ҳали ўзбек адабиёти тарихида
мукаммал ҳолда ёритилмаган. Тамкиннинг ҳаёт йўли, у яшаган тарихий шароит ва
адабий муҳит ҳамда ижод олами ҳақидаги
саволларга жавоб топиш, шоир
Бухорийларнинг адабий меросига оид манбаларни тарихий холислик билан қайтадан
кўриб чиқиш ҳамда уларни бугунги китобхонга етказиш ўзбек адабиётшунослигининг
долзарб вазифаларидан биридир.
3. Шоир “Тамкин” сўзини тахаллус сифатида танлар экан, унинг ботиний ва
зоҳирий маъноларини чуқур мушоҳада этиб, ўзининг нафақат тахаллуси, балки ҳаёт
йўлининг,
умр мазмунининг, ижод оламининг ибтидоси ва интиҳоси сифатида қабул
қилган ва ўзини замона кишиси сифатида ҳамда Халлоқи оламнинг қули сифатида
англаган. Шунинг учун у бутун умрини илмга, маърифат тарқатишга, ижодга ва шу
123
орқали Ҳаққа бағишлади. Шоирнинг камтарона ва ҳалимлик билан ўтган умри бунинг
ҳосиласидир.
4. Тамкин Бухорий ўзидан бой ва безавол маънавий мерос қолдирган. Иқтидорли
бу қаламкаш асарларидан тартиб берилган қўлёзма девонларни қиёсий ўрганишдан
аёнлашдики, унинг соҳир қалами туҳфа этган шеърий дурдоналар
олти минг мисрага
яқиндир. Уларда Тамкин адабий анъаналарни ижодий ривожлантирган, шеърларида
ўзига хос маъно ва мазмунни ифодалаган, айни пайтда
оригинал бадиий асарлар
яратишга муваффақ бўлган лирик шоирдир. Бу жиҳат замондошлари томонидан ҳам
эътироф этилган.
5. Абдураҳмон Тамкин ўтмишдан қолган маданий мерос замонавий муаммоларни
ҳал қилишда муҳим роль ўйнашини ўз давридаёқ чуқур идрок эта олган ижодкорлардан
бири эди. У ўтмишнинг улуғ шоирлари таълимоти ва анъаналари асосида инсон
қудрати ва қадриятини тушунишга даъват қилди ва ўз даври ҳокиму ҳозиқларини шунга
чақирди. Шоир мумтоз адабиётимиз анъаналарини муваффақиятли давом эттирди.
Замондош шоирлардан фарқли равишда айрим лирик жанларда ҳам баракали ижод
қилди. Жумладан, кўплаб чуқур маъноли рубоийлар ёзганлиги
фикримизнинг
далилидир.
6. Тамкин Бухорий шарқ халқлари адабиётининг ғазал, мухаммас, мусаддас,
мустазод, қасида, рубоий, қитъа, туюқ, таркиббанд, фард, муаммо, чистон,
маснавий
каби жанрларида ўз иқтидорини синаб кўрган. Тамкин девони романтик асосдаги
шеърлардан ташкил топган бўлса ҳам, у реалистик йўналишда романтик бўёқлардан
фойдаланиб ижод қилди. Шоир девонидан ўрин олган ҳаётий биографик асосга эга
ғазаллар ва ғурбат мавзусидаги туркум шеърият бу фикримизга далил бўла олади.
Шоир девонида пароканда байтлар умуман учрамайди, ғазалларнинг
аксари эса
тадрижли, якпора ва ғазал ҳикоя типидаги асарлардир. Тамкин девонидаги ҳикоятлар
диний-тасаввуфий, панд-насиҳат, ахлоқий-таълимий мавзуларда ёзилган. У ўз
ҳикоятларида ўқувчини инсон шаънини улуғлашга, Яратувчига итоат қилишга, камтар,
қаноатли, ростгўй бўлишга чақиради. Тама, кибру ҳаво, дилозорлик каби иллатлардан
йироқ бўлишга ундайди.
7. Тамкин Бухорий ўз асарларининг мавзу, ғоя, образлар кўламдорлигига алоҳида
эътибор қаратган. Асарларида замонасининг пешқадам ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-
124
маънавий, фалсафий-маърифий, илоҳий-ирфоний ғояларига таяниб, гўзал пандномалар
мерос қолдирган. Шоир ўз даврининг етакчи идеологик сиёсати, мафкурасидан четда
турмади. У ўзининг ҳамд ва наътлари, орифона ғазалларида бу соҳадаги дунёқараши ва
қизиқишларини, ихлос ва эътиқодини шоирона қудрат ва назокат билан баён этди.
8. Шоир яшаган даврда теран ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маънавий, фалсафий-
маърифий, илоҳий-ирфоний қарашлар чуқур илдиз отган эдики, айни жиҳатлар
Тамкиннинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатмай қолмади. Шундан бўлса керак, бу
мутафаккир
шоирнинг мисралари равон, зоҳиран содда бўлиб кўринса-да, уларнинг
замирида келадиган ботиний ғоялар ҳар қандай китобхоннинг ҳам эътиборини ўзига
тортади. Уларга маънавий завқ бағишлаб, ҳаётга бўлган иштиёқ ва муҳаббатини
қувватлантиришга ёрдам беради.
9. ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошлари Бухоро адабий муҳитининг эътиборли
томони шундаки, адабиётлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро таъсир авж олиб,
зуллисонайнлик анъанаси замирида ўзбек ва тожик тилларида
битилган муламмага
мурожаат қилиш янада кучайди. Тамкин ва унинг туркийгўй замондошлари сатрлари
қайси тилда бўлишидан қатъи назар, ўша дурдона мисраларда даврон жароҳатлари,
замондошларининг қувончу изтиробларини қаламга олиш ижод аҳлининг диққат
марказида турган.
10. Тамкин Бухорий ижоди ўта серқирра, мураккаб ва зиддиятлар билан тўла
даврнинг барча хусусиятларини ўзида акс эттирган. Шоир девонларида Алишер
Навоийнинг девон тузиш соҳасидаги бадиий-эстетик тамойилларига амал қилинган.
Тамкин уларни ўз бадиий иқтидори даражасида давом эттиришга ҳаракат қилган. Шоир
лафзий санъатларга нисбатан кўпроқ маъновий санъатлар истифодасига ўз эътиборини
қаратар экан, бадиий яратмаларнинг ғоявий-мантиқий қувватини оширишга
интилганлиги маълум бўлади. У машҳур салафий Алишер Навоийнинг ўгитларини
назарда тутиб, назокатли тил ва равон оҳанг, самимий ва халқона бадиий тасвир билан
шеъриятини зийнатлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: