XVIII-БОБ. СЕЗГИ
Таянч тушунчалар: анализатор, сезги, туюш, интериоризация, экстериоризация, адаптация, синестезия, сенсибилизация, бинокуляр кўриш, дивергенция, монокуляр кўриш, статик сезгилар, мувозанат сезгилари.
18.1. Сезги ҳақида тушунча
Жаҳон психологияси фанида тўпланган маълумотларнинг кўрсатишича, сезиш оддий психик билиш жараёни ҳисобланиб, моддий қўзғатувчиларнинг муайян рецепторларга бевосита таъсир этиши орқали реал оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг айрим хусусиятларини ва шунинг билан бирга, инсон организмининг (унинг аъзоларининг) ички ҳолатларини акс эттиришдан иборат билишнинг дастлабки босқичидир. Сезги биосфера ва неосферада ҳаракатланувчи жамики нарсаларнинг, хоҳ микро, хоҳ макро тузилишидан қатъи назар, сезги органларига таъсир қилиш маҳсулининг содда образлар, тимсолларнинг айрим таркибий хусусиятлар тариқасида акс этишидир. Инсон атроф-муҳитдаги моддалар шаклини, ҳаракатлар кўринишини, уларнинг хоссаларини ўзига хос хусусиятларини сезги органлари ёрдамида, сезгилар орқали билади, холос.
Сезгилар тўғрисидаги илмий таълимотларга биноан нарсалар ва уларнинг хоссалари, таркибий қисмлари, хусусиятлари, шакллари, ҳаракати бирламчи ҳисобланиб, сезгиларнинг ўзи эса ташқи ва ички қўзғатувчиларнинг сезги аъзоларига таъсир этишининг маҳсулидир. Маълумотларнинг кўрсатишича, сезгилар моддий (объектив) борлиқнинг, воқеликнинг ҳаққоний тасвирини инъикос қилади, бинобарин, моддий олам қандай кўринишга, шаклга, хусусиятга эга бўлса улар худди шундайлигича ҳеч ўзгаришсиз, айнан акс эттириш имкониятига эгадир.
Психологияда сезгиларнинг физиологик асосини ва механизмларини қўзғатувчиларнинг ўзига мутлақ мос (адекват) бўлган анализаторлар таъсири натижасида юзага келувчи асаб (нерв) жараёни, унинг тизими, тузилиши ташкил қилади. Физиологлар ва психологларнинг таълимотларига кўра анализаторлар уч ўзаро узвий уйғунликка эга бўлган таркибий қисмлардан иборатдир. Содда қилиб талқин қилинганда мазкур таркиблар қуйидаги кетма-кетликдаги тузилишдир:
ташқи куч-қувватни (энергияни) асаб (нерв) жараёнига айлантириб берувчи периферия қисмдан, яъни рецептордан;
анализаторларнинг периферия қисмини марказий қисм билан боғловчи афферент (марказга интилувчи асаб толаси), ўтказувчи асаб йўлларидан;
периферия қисмларидан келувчи нерв импульслари (ҳаракатлари) қайта ишланувчи анализаторларнинг мия пўстидаги қисмларидан (участкаларидан) иборатдир.
Бошқача сўз билан айтганда, периферик нервларнинг учлари (кўз, қулоқ, тери, бурун кабилар), таъсиротни элтувчи (афферент), жавоб қайтарувчи (эфферент) нерв толалари, анализаторларнинг орқа ва бош мия марказлари анализаторни ташкил қилади.
Жаҳон психологияси фанининг сўнгги ютуқлари ҳамда атамаларига биноан сезгилар қуйидагича классификация қилинади (ушбу таснифланишнинг дастлабки кўриниши инглиз олими Ч.Шеррингтонга таалуқлидир):
ташқи муҳитдаги нарса ва ҳодисаларнинг хусусиятларини акс эттиришга мослашган ҳамда рецепторларга тананинг сиртқи қисмига жойлашган сезгилар, яъни экстериорецептив сезгилар (рецепторлар);
ички тана аъзолари ҳолатларини инъикос этувчи ҳамда рецепторлари ички тана аъзоларида, тўқималарида жойлашган сезгилар, яъни интерорецептив сезгилар;
танамиз ва гавдамизнинг ҳолати ҳамда ҳаракатлари ҳақида маълумот (ахборот, хабар) берувчи, мускулларда, боғловчи пайларда, мушакларда жойлашган сезгилар, яъни проприорецептив сезгилар.
Биринчи туркум сезгиларни кўриш, эшитиш, ҳидлаш, тери-туюш, таъм-маза, каби турлар ташкил қилади. Кўриш 380 дан 770 гача миллимикрон диапазондаги электромагнит нурлардан иборат жараёндир. Эшитиш эса тебраниш частотаси 16 дан то 20000 гача бўлган товуш тўлқинларидан иборатдир. Кўриш сезгилари бош мия пўстини тепа бурмасининг қисмида жойлашган бўдади. Тери-туюш, ҳаракат сезгилари мия пўстини марказий бурмасининг орқа қисмидан ўрин олгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |