Диққатни тақсимлаш малакаси ўқув фаолиятини эгаллаб олиш жараёнида шаклланади, у машқ қилиш ва тегишли кўникмаларни орттириш орқали ривожлантирилиши мумкин.
Диққатнинг кўлами. Диққатнинг хусусиятлари қаторига айни бир вақтнинг ўзида аниқ-равшан идрок этиладиган объектлар сони билан белгиланадиган кўлами ҳам киради. Кўплаб содда объектлар (ҳарфлар, шакллар ва ҳоказолар) 0,07-0,1 сония вақт оралиғида идрок этилган тақдирда катта ёшдаги кишида диққатнинг кўлами ўртача 5-7 элементга тенг бўлиши аниқлангандир. Диққатнинг кўлами идрок этиладиган объектларнинг хусусиятларига боғлиқ бўлади. Жумладан, англанилган матн тақдим этилганда 14 ҳарфли сўзлар осонгина илғаб олинади. Шу билан бирга идрок этувчи субъект объектни умуман илғаб оларкан, унинг учун ҳам ундаги хатоларни пайқамаслиги мумкин. Кичик ёшдаги ўқувчилар диққатининг кўлами жуда ҳам чекланган бўлади. Ёш улғайган сари у кенгая боради. Идрок этилаётган материални мазмунига кўра гуруҳларга ажрата билиш, тизимга сола билиш, бирлаштира олиш малакаларининг шакллантирилиши диққатнинг кўламини кенгайтиришнинг асосий шарти ҳисобланади.
Тез ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар қилишни тақозо этадиган меҳнат фаолиятида диққатнинг кўчирилиши, тақсимланиши ва кўлами бир бутун, яхлит бўлади. Кўчиш таксимлашга айланиб қолиши, тақсимлаш ҳодисаси тездаёқ кўчиш билан тўлдирилиши ва алмаштирилиши мумкин. Кўлам, тақсимланиш, кўчиш ўртасидаги чегараларни амалда пайқаб олиш қийин, улар ягона диққат ҳодисасининг ҳар хил қирраларидир.
Диққатнинг бузилиши. Диққатнинг салбий жиҳатларидан бири паришонхотирликдир. Паришонхотирлик диққатни узоқ вақт давомида жадал бир нарсага қаратишга лаёқатсизликда, диққатнинг осонгина ва тез-тез бўлиниб туришида намоён бўлиши мумкин. Паришонхотирликнинг бу кўриниши кўпинча иш қобилияти сусайиб кетишининг ва хулқ-атвордаги уюшмаганликнинг сабабларидан бири ҳисобланади.
Паришонхотирликнинг сабаблари ҳар хилдир. Паришонхотирлик шахснинг барқарор хислати сифатида ихтиёрий диққатнинг сустлиги – кўрсаткичи ҳисобланади ва нотўғри тарбия натижаси (боланинг эркалатиб юборилиши, жазоланмасдан қолиши, таассуротларнинг ҳар хиллигига одатланиш ва бошқалар) бўлиши мумкин. Бу хилдаги паришонхотирликка қарши, аввало, шахсда иродавий фазилатларни шакллантириш йўли билан кураш олиб бориш керак. Доимо паришонхотирликни бола саломатлигининг яхши эмаслиги, нерв тизимининг умуман бузилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Паришонхотирлик ҳаддан ташқари, ҳиссий ҳаяжонланиш ёхуд чарчаш оқибати сифатида қисқа муддатли бўлиши ҳам мумкин. Сўнгги ҳолатда у кўпинча ўқиш куни ва ҳафтасининг охирида намоён бўлади. Педагогик иш тажрибасида диққатни тарбиялаш мақсадида паришонхотирликнинг барча сабаблари ва хусусиятлари инобатга олиниши шарт.
Қачонки, киши ишга берилиб кетиб, ўз ўй-хаёли, кечинмалари билан бўлиб, машғул бўлган ишидан бошқа ҳеч нарсани кўрмаётган ва эшитмаган ҳолларда ҳам «паришонхотирлик» ҳақида сўз юритилади. У, масалан, теварак-атрофдагиларга эътибор бермайди, ўзига қаратилган саволларга парво қилмайди. Бундай «паришонхотирлик» диққатнинг ёрқин ифодаланган ҳолдаги ташланганлигидан, унинг беҳад жамланганлиги ва жадаллигидан ҳосил бўлади. Диққатнинг энг кўп даражада жамланганлиги, юқорида қайд этиб ўтилганидек, фаолиятда муваффақият қозонишнинг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади.
Диққатнинг паришонхотирликдан ташқари бошқа хилдаги бузилишлари ҳам борлиги эътироф этилади. Диққатнинг ҳаддан зиёд ҳаракатганлиги, бир объектдан ва фаолият туридан бошқаларига доимий равишда ўтиб туриш ёки аксинча, ҳаракатсизлиги, диққатнинг суст ҳаракат қилиши, унинг тор доирадаги тасаввурлар ва фикрларга паталогик тарзда қайд этилиши шулар жумласига киради. Диққатнинг бу хилдаги бузилишлари миянинг баъзи бир органик касалликлари, энг аввало, унинг пешана қисмидаги касалликлари юз берган пайтларда кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |