Ихтиёрий диққат диққатнинг олий тури сифатида меҳнат жараёнида таркиб топгандир. Ихтиёрий диққат агар киши фаолияти жараёнида ўз олдига маълум бир вазифа қўйган ва ҳаракат программасини онгли тарзда ишлаб чиққан бўлса юз беради. Унинг диққатини жалб этадиган объектларнинг алоҳида ажратиб кўрсатилиши ана шу ҳол билан белгиланади. Диққат анча янги, қизиқарли, мароқли бўлмаган нарсаларга қаратилмасдан, аксинча фаолиятнинг мақсади билан боғлиқ нарсаларга, уни амалга ошириш учун муҳим ва зарур бўлган нарсаларга жалб этилган шароитларда кўпинча иродавий куч-ғайратларни ишга солиш талаб қилинади.
Диққатни маълум объектга қаратиш учун иродавий куч-ғайрат сарфлаш зарурати ишга тушаётган пайтда, бинобарин, қийинчиликлар пайдо бўлганида, билишга оид қизиқиш сусайганида ва шунингдек, тўсиқлар (янги, кучли ёхуд ҳиссий жиҳатдан аҳамиятга молик қўзғатувчилар) мавжуд бўлган кезда аниқ-равшан намоён бўлади.
Ихтиёрий диққат жараёнида шахснинг фаоллиги намоён бўладики, бундай вақтда қизиқишлар билвосита хусусият (бу фаолият мақсади ва натижасининг эҳтиёжлари) касб этади. Ихтиёрий диққатнинг асосий вазифаси психик жараёнларнинг кечишини фаол бошқариб туришдан иборатдир. Киши айнан ана шу ихтиёрий диққатнинг мавжудлиги туфайли хотирадан ўзи учун зарур маълумотларни фаол тарзда, танлаб «ажратиб-олиш»га, муҳим ва жиддий нарсаларни алоҳида ажратиб кўрсатишга, тўғри қарорлар қабул қилишга, фаолият жараёнида пайдо бўладиган вазифаларни амалга оширишга лаёқатли бўлади.
Ихтиёрий ва ихтиёрсиз диққатдан ташқари унинг яна бир алоҳида турини – ихтиёрийдан сўнгги диққатни алоҳида кўрсатиш мумкин. Бу тушунча психологияга Н.Ф.Добринин томонидан жорий этилгандир.
Агар мақсадга йўналтирилган фаолиятда шахс учун диққатнинг ихтиёрий кўринганидаги каби фақат фаолият натижаси эмас, балки унинг мазмуни ва жараёнининг ўзи қизиқарли ва аҳамиятли бўлса, бу ихтиёрийдан сўнгги диққат тўғрисида мулоҳаза юритишга асос беради. Бу ҳолда фаолият кишини шу қадар қизиқтириб юборадики, у диққатни объектга қаратиш учун сезиларли иродавий куч-ғайрат сарфламаса ҳам бўлаверади. Шундай қилиб, ихтиёрийдан сўнгги диққат ихтиёрий диққатдан кейин намоён бўлган ҳолда унинг ўзидангина иборат деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бу диққат англанилган ҳолда илгари сурилган мақсад билан боғлиқ бўлганлиги сабабли у ихтиёрсиз диққатдангина иборат қилиб қўйилиши ҳам мумкин эмас. Масалан, юқори синф ўқувчиси имтиҳонга тайёрланаётиб, қийин китобнинг қисқача мазмунини ёзиб чиқаркан, олдинига ўзини диққат-эътиборли бўлишга, алаҳсимасликка мажбур қилади. Лекин кейинчалик у ишга шундай қизиқиб кетадики, оқибатда уни китобдан чалғитиш қийин бўлиб қолади. Даставвал иродавий куч-ғайратлар мададига таянган диққат ихтиёрийдан сўнгги диққатга айланади. Ихтиёрийдан сўнгги диққат бирор нарсага узоқ вақт давомида жуда ҳам барқарор қаратилиши билан белгиланади, кўпроқ юқори даражадаги жадал ва унумли ақлий фаолиятни, барча турдаги меҳнатнинг юксак унумдорлигини асосли равишда ана шундай диққат тури билан боғлиқ, деб ҳисоблайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |