Назорат саволлари:
Шахс тушунчанинг моҳиятини изоҳланг?
Шахснинг психологик тузилиш моделлари таҳлилини изоҳланг?
Г.Айзенкнинг шахс типлари назариясини тушунтириб беринг.
Шахснинг асосий типлари қайсилар?
Хусусият ва типларнинг нейрофизиологик асослари нималардан иборат?
Шахс хусусиятларини қандай ўлчанади?
IV БЎЛИМ (МОДУЛ). КОГНИТИВ ПСИХОЛОГИЯ
XVII-БОБ. ДИҚҚАТ
Таянч тушунчалар: диққат, диққат турлари, ихтиёрий диққат, ихтиёрсиз диққат, ихтиёрийдан сўнгги диққат, диққатнинг фокуси, ориентрланган диққат, ички ва ташқи диққат, диққатнинг кўлами, диққатнинг барқарорлиги, диққатнинг йўналганлиги, фаол ва пассив диққат.
17.1. Диққат ҳақида тушунча
Диққатнинг таърифи. Диққат – киши фаолияти барча турлари, энг аввало меҳнат ва ўқув фаолияти самарадорлигининг муҳим ва зарур шартидир. Меҳнат қанчалик мураккаб ва масъулиятли бўлса, у диққатга шунчалик катта талаблар қўяди. Зийраклик кишига унинг кундалик ҳаётида – турмушида, бошқа одамлар билан муносабатга киришишида, спортда зарурдир. Ўқувчиларнинг диққат-эътибори ўқув-тарбия жараёнини муваффақиятли ташкил этишнинг асосий шартларидан биридир. Таълим олишда диққатнинг ролини таъкидларкан, буюк рус педагоги К.Д.Ушинский «... диққат айнан шундай бир эшикки, ташқи оламдан киши қалбига кириб келадиган жамики нарсаларнинг барчаси шу эшик орқали киради»10,– деб ёзган эди. Болаларни бу эшикни очиқ сақлашга ўргатиш биринчи даражали аҳамиятга молик иш эканлиги тушунарли. Бутун таълимнинг муваффақияти ана шу иш муваффақиятига таянади.
Билиш жараёнлари кечишининг энг муҳим хусусияти унинг танлайдиган, йўналтирилган тусдалигидан иборатдир. Теварак-атрофдаги оламнинг кўплаб таъсирлари орасидан киши ҳамиша ниманидир идрок этади, ниманидир фараз қилади, нима ҳақдадир фикр юритади, ўйлайди. Онгнинг бу хоссасини унинг диққат каби хусусияти билан ўзаро боғлиқ деб ҳисоблашади. Диққат билиш жараёнларидан фарқли ўлароқ, ўзининг алоҳида мазмунига эга эмас, у барча билиш жараёнларининг жўшқин жиҳатидир. Диққат индивиднинг ҳиссий, ақлий ёки ҳаракатлантирувчи фаоллиги даражасининг оширилишини тақозо этадиган тарзда онгнинг йўналтирилганлиги ва бир нарсага қаратилганлигидир.
Йўналтирилганлик субъектнинг эҳтиёжларига, унинг фаолияти мақсадлари ва вазифаларига мос келадиган объектларнинг танланганлигида, ихтиёрий ёки ихтиёрсиз танлашда, ажратишда намоён бўлади. Диққат-эътиборнинг бир хил объектларда кўринганлиги (концентрацияланиши) айни пайтда барча бегона нарсалардан чалғишни, бошқа объектларнинг вақтинча инкор этилишини тақозо қилади. Шу туфайли инъикос аниқ-равшан бўла боради, тасаввурлар ва ўй-фикрлар фаолият тугалланмагунга қадар, ундан кўзланган мақсадга эришилмагунча онгда сақланиб колади. Шу йўсинда фаолиятнинг назорат қилиб ва бошқариб борилиши таъминланади.
Олий шакллардаги диққатни психик жараёнлар ва кишининг англанилган хулқ-атвори кечишининг бошқарилиши билан боғлиқ деб ҳисоблашади.
Диққат сезги, хотира, тафаккур ва ҳаракат жараёнларида намоён бўлиши мумкин. Шу сабабли диққатни бирор нарсага қаратиш объектига боғлиқ ҳолда диққатнинг намоён бўлишининг қуйидаги шаклларини: сенсор (перцептив), ақлий ҳаракатлантирувчи шаклларини ажратиб кўрсатадилар.
Ҳозирги вақтда сенсор (кўриш ва эшитиш) диққати кўпроқ ўрганилгандир. Диққатга таъриф берадиган маълумотларнинг кўпчилиги амалда уни тадқиқ этиш натижасида қўлга киритилган. Диққат бамисоли билиш (идрок, хотира ва тафаккур) жараёнлари орасида намоён бўлиб, улар самарадорлигининг ошишига ёрдам беради. Жумладан, идрокнинг аниқ-равшанлиги ва тўлақонлилиги диққатга боғлиқ, диққатнинг сусайиши перцептив жараёнларнинг бирмунча даражада бузилишига ва шаклланаётган сиймонинг ўзгариб кетишига олиб бориши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |