17.3. Диққатнинг физиологик механизмлари Диққатнинг физиологик асосларини тушуниб етишда буюк рус физиологлари И.П.Павлов ва А.А.Ухтомскийларнинг илмий ишлари катта аҳамиятга эгадир.
И.П.Павлов ва А.А.Ухтомскийларнинг ғояларига биноан диққатнинг ҳодисалари қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг ўзаро биргаликдаги ҳаракати натижасида муайян мия тузилишларининг қўзғалувчанлиги билан боғлиқдир.
И.П.Павловнинг ҳисоблашича, вақтнинг ҳар бир лаҳзасида мия қобиғида қўзғалиш учун анча қулай ва мақбул шароитларга эгалиги билан ажралиб турадиган бирон бир қисм мавжуд бўлади. Бу қисм нерв жараёнлари индукцияси қонунига биноан пайдо бўлади. Бош мия қобиғининг битта қисмида кўринган нерв жараёнлари шунга мувофиқ тарзда унинг бошқа қисмларида тормозланишга (ва аксинча) олиб келади. Қўзғалишнинг энг мақбул марказида янги шартли рефлекслар осонгина пайдо бўлади, табақаланиш муваффақиятли равишда юз беради. Мазкур ҳолда бу «катта ярим шарларнинг ижодий бўлмаси»дир. Энг мақбул қўзғалиш маркази ўзгарувчандир. И.П.Павлов шундай деб ёзган эди: «Агар бош суяк косаси орқали кўриш мумкин бўлганда ва агар энг мақбул қўзғаладиган катта ярим шарлар ўрни ёритилганда борми, бу ҳолда биз фикрлайдиган онгли одамда унинг катта ярим шарлари бўйлаб доимо ўзгариб турадиган, шакли ва катталиги ғалати кўринишга эга бўлган ҳамда ярим шарларнинг қолган барча бўшлиғида кўпроқ ёки озроқ даражадаги соя билан ўралган оч рангли доғнинг у ёқдан-бу ёққа қай тарзда кўчиб юришини кўрган бўлардик»11. Ушбу оч рангли «доғ» худди ўша энг мақбул қўзғалиш марказига мос келади, унинг «у ёқдан бу ёққа кўчиб юриши» диққатнинг жўшқинлигини таъминлайдиган физиологик шарт ҳисобланади. И.П.Павлов қўзғалиш марказининг бош мия пўстлоғи бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги қоидаси ҳозирги замондаги экспериментал тадқиқотлар (Н.М.Ливамовнинг маълумотлари) билан исботланди.
Диққатнинг физиологик механизмларини тушуниб етишда доминанта (наслдан-наслга ўтувчи асосий белги) принципи алоҳида аҳамиятга эгадир. А.А.Ухтомскийнинг фикрига кўра, мияда ҳамиша қўзғалишнинг устун ва ҳукмронлик қилувчи маркази мавжуд бўлади. А.А.Ухтомский доминантани «юксак даражадаги қўзғалиш марказлари» констелляцияси (мавжуд аҳволи) деб таърифлайди. Доминантанинг ҳукмронлик қилувчи сифатидаги хусусияти шундан иборатки, у қўзғалишнинг янги ҳосил бўладиган марказларини фақат тийиб қўя қолмайди, балки суст қўзғалишларни ўзига жалб этишга («тортишга») ва шу туфайли уларнинг ҳисобига янада кучайишга, улар устидан янада кўпроқ даражада устунлик қилишга ҳам қодирдир: Доминанта қўзғалишнинг барқарор маркази ҳисобланади. А.А.Ухтомский: «Доминанта» деган ном замирида юксак даражадаги қўзғалишнинг кўпроқ ё озроқ барқарор маркази тушунилади», деб ёзган эди. А.А.Ухтомскийнинг доминанта тўғрисидаги тасаввурлари узоқ вақт давомида диққатнинг ҳаракатлантирувчи механизмини тушуниш имконини беради.
Кейинги йилларда диққатнинг нейрофизиологик механизмлари тизимида катта ярим шарлар пўстлоғининг етакчи роль ўйнаши ҳақидаги тасаввурлар тобора кўпроқ ўрин эгалламоқда. Катта ярим шарлар пўстлоғи даражасида нейронларнинг алоҳида турлари мавжудлигини (диққат нейронлари – янгилик детектори ва қурилма тўқималари – кутиш тўқималари) диққат жараёнлари билан боғлайдилар.