22.7. Мураккаб мантиқий масалаларни ечиш ва ижодий тафаккур
Тафаккур мақсадга йўналтирилганлик характерига эгадир. Қачонки ҳаёт ва амалиёт жараёнида киши олдида янги мақсад, янги муаммо, янгича вазият ва янги фаолият шароитлари пайдо бўлса, унда даставвал тафаккур қилишга зарурат туғилади. Масалан, врач қандайдир янги, шу пайтгача маълум бўлмаган касалликка дуч келиб, даволашнинг янги методларини топиб, ундан фойдаланишга интилганда ана шундай бўлади. Ўз моҳияти жиҳатидан олганда, тафаккур фақат шундай шароитларда зарур бўладики, янги мақсадлар туғилиб, бу мақсадларга эришиш учун фаолиятнинг эски, аввалги восита ва усуллари (гарчи улар зарур бўлса ҳам) етишмай қолади. Бундай вазиятлар муаммоли вазият деб юритилади. Муаммоли вазиятлардан бошланадиган ақлий фаолият ёрдами билан мақсадга эришиш ва эҳтиёжларни қондиришнинг янги усуллари ҳамда воситаларини яратиш, очиш, топиш, кашф этиш мумкин бўлади.
Тафаккур янгиликни излаш ва очиш демакдир. Ҳаракатнинг илгаридан маълум бўлган эски усуллари, эски билимлар ва малакалар билан чекланиш мумкин бўлган ҳолларда муаммоли вазият юзага келмайди ва унинг учун тафаккур ҳам мутлақо талаб қилинмайди. Масалан, II синф ўқувчисини «2х2 қанча бўлади?» типидаги савол фикр юритишга мажбур қилмайди. Бундай саволларга жавоб қайтариш учун бу ўқувчиларда бор бўлган эски билимларнинг ўзиёқ кифоя қилади. Бу ерда тафаккур ортиқчадир. Агар ўқувчи маълум масала ёки мисолларнинг янгича ечиш усулини яхши ўзлаштирган бўлса, лекин ўзига маълум бўлиб қолган бу бир хил типдаги масала ва мисолларни қайта ва қайта ечишга мажбур бўлган ҳолларда тафаккур фаолиятига эҳтиёж бўлмайди. Бинобарин, ҳаётдаги ҳар қандай вазият ҳам муаммоли вазият, яъни тафаккурни уйғотувчи вазият бўла бермайди.
Муаммоли вазият билан масалани фарқ қилиш зарурдир. Муаммоли вазиятда киши фаолият давомида кўпинча кутилмаганда, қандайдир, тушуниб бўлмайдиган нарсага, номаълум, ташвишли нарсаларга дуч келиб қолади. Масалан, учувчи самолётни бошқариб кетаётганда тўсатдан моторда қандайдир ўзгача, ноаниқ шовқинни пайқай бошлайди. Дарҳол учувчи фаолиятига содир бўлган ҳодиса маъносини очиш учун зарур бўлган тафаккур қўшилади. Шу тариқа юзага келган муаммоли вазият киши англаши мумкин бўлган, масалага айланади. Масала муаммоли вазиятдан келиб чиқади, вазият билан маҳкам боғлиқ бўлади, лекин вазиятдан фарқ қилади. Муаммоли вазият – анча хира, ҳали кўп жиҳатдан аниқ бўлмаган ва кам англанилган таассуротлардир. Муаммоли вазият бамисоли «нималардир кўнгилдагидек эмаслиги»дан, «нималардир кўнгилни хира қилиб турганлиги»дан гўё сигнал беради. Масалан, учувчи моторда қандайдир тушуниб бўлмайдиган ҳодиса рўй бераётганлигини пайқай бошлайди, лекин у моторнинг қайси қисмида, нима сабабдан, қандай ҳодиса рўй бераётганини ҳали аниқлай олмаган, бундан ташқари, у юз бериши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш учун қандай ҳаракат қилиш кераклигини ҳали билмайди. Мана шундай тарздаги муаммоли вазиятдан тафаккур жараёни бошланиб кетади. Тафаккур ана шу муаммоли вазиятнинг ўзини таҳлил қилишдан бошланади. Муаммоли вазиятни таҳлил қилиш натижасида соф маънодаги масала, соф маънодаги муаммо пайдо бўлади.
Масаланинг юзага келиши, муаммоли вазиятдан фарқ қилиб, гарчи олдиндан бўлса ҳам берилган (маълум) ва номаълум (қидирилаётган) нарсани тахминан бўлакларга бўлишга улгурилди деган маънони англатади. Бу бўлакларга бўлиш масаланинг сўз билан ифодаланган қисмида намоён бўлади. Масалан, ўқув масаласида унинг асосий шартлари озми-кўпми яққол қайд қилинган (нима берилган, нима маълум) ҳамда талаблар, саволлар берилган (нимани исботлаш, топиш, аниқлаш, ҳисоблаш талаб қилинади). Бу билан дастлабки яқинлашиш тарзида ва мутлақо тахминий равишда қидирилаётган нарса (номаълум нарса) белгиланади. Ана шу номаълумни қидириш ва топиш масалани ечиш натижасида қўлга киритилади. Бинобарин, масаланинг асосий, даставвалги ифодаланиши фақат минимал даражада ва жуда тахминий равишда қидирилаётган нарсани аниқлайди, Масалани ечиш давомида унинг тобора янги ва тобора муҳим шартлари ҳамда талабларини намоён қилиш жараёнида қидирилаётган (номаълум) томонлари ортиқроқ даражада аниқланади. Масаланинг характеристикаси борган сари мазмунли ва аниқ бўла боради. Масаланинг батамом ечилиши қидирилаётган нарсанинг топилганлигини, тўла равишда аниқланганини билдиради. Агар қидирилаётган нарса (номаълум нарса) масаланинг бошланғич ифодасидаёқ бутунлай ва тўла равишда аниқланган бўлса, яъни унинг асосий шартлари ва талабларининг ифодаланишида аниқланган бўлса, унда бу номаълумни қидиришга ҳеч қандай зарурат бўлмас эди. Номаълум нарса дарҳол маълум бўлиб қолар, яъни ечилиши учун тафаккур қилишни талаб этадиган ҳеч қандай масала юзага келмас эди. Аксинча, агар номаълумни қайси бир соҳада излаш кераклигини тахминан белгиловчи масаланинг дастлабки ифодаси бўлмаганида, яъни қидирилаётган нарсани минимал даражада олдиндан кўра билиш бўлмаганда, номаълумни топиш мумкин бўлмас эди. Номаълумни қидириш учун ҳеч қандай тахминий маълумот, бирор таянч, бирор мўлжал қолмаган бўлар эди, муаммоли вазият (худди халқ эртакларида айтилганидек: «У ёққа борай десам, қаёққа боришимни билмайман, бирор нарсани топай десам, нимани топишимни билмайман») каби азобли эсанкираш ва саросималик ҳиссидан ташқари ҳеч нарсани юзага келтирмас эди.
Масалани ечиш давомида тафаккур жараён сифатида айниқса яққол намоён бўлади. Тафаккурни жараён сифатида талқин қилиш, энг аввало фикр юритиш фаолияти детерминацияси (сабабий боғланиш)нинг ўзи жараён сифатида амалга оширилишини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, киши масалани ечиш давомида ўзига шу чоққача номаълум бўлган янги-янги шартларни ва талабларни намоён қилади. Булар тафаккур бундан кейин давом этишини сабабий жиҳатдан боғлаб тушунтириб беради. Бинобарин, тафаккур детерминацияси қандайдир абсолют тайёр ва аввалданоқ тугал бир нарса сифатида азалдан берилган бўлмайди. Тафаккур детерминацияси масала ечиш давомида ҳосил қилинади, аста-секин таркиб топтирилади ва ривожлантирилади, яъни жараён тарзида намоён бўлади. Жараённинг дастлабки пайтларида унинг бундан кейин содир бўлиш йўли илгаридан бутунлай ва тўла равишда дастурлаштирилмаган бўлади; масалани ечиш давомида уни амалга оширишнинг янги шартлари узлуксиз пайдо бўлиб ва тараққий этиб туради. Ваҳоланки, олдиндан ҳамма нарсани тўла программалаштириб бўлмас экан, фикр юритиш жараёни давомида (илгаридан тўла ҳисобга олиб бўлмайдиган янги шартларга жавоб тариқасида) доим тўғрилаб бориш, аниқлаб туриш лозим бўлади.
Фикр юритишнинг асосий механизмларини яхши аниқлаш учун, номаълумни фикран олдиндан кўра билишга қаратилган ва психологияда айтилган қуйидаги учта ўзаро қарама-қарши фикрни кўра билишига қаратилганини кўриб чиқамиз. Психологияда тафаккур жараёнига ҳар хил қарашларга боғлиқ ҳолда масалани ечиш давомида ўқувчиларда тафаккурни шакллантиришнинг турли йўлларини белгилаб беради.
Биринчи нуқтаи назар билиш жараёнининг ҳар бир олдинги босқичи («қадами») ўзидан бевосита кейин келаётган босқични бошлаб беришига асослангандир. Бундай тезис тўғри, лекин етарли эмасдир. Ҳақиқатда тафаккур давомида номаълумни минимал даражада олдиндан кўриш «бир қадамдан» кўра кўпроқ бўлади. Унинг учун ҳамма нарсани олдинги босқич билан бевосита ундан кейинги босқич ўртасидаги ўзаро алоқа билан тушунтириб бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, масала ечиш давомида фикран олдиндан кўра билиш ҳажмини ва даражасини камайтиришни баҳоламаслик мумкин эмас.
Иккинчи қарама-қарши фикр, аксинча, тафаккур жараёнида ҳали қўлга киритилмаган, намоён қилинмаган натижани (маҳсулотни), яъни ҳали номаълум қарорни олдиндан кўра билиш моментини орттириб, абсолютлаштириб ва ортиқ баҳолаб юборади. Олдиндан кўриш ҳамиша фақат қисман ва тахминан бўлади. Ундан сўнг дарҳол натижанинг (ечимнинг) тайёр ва тўла таърифига айланади. Бу фикрнинг хато эканлигини қуйидаги мисолда кўрсатиш мумкин. Ўқувчи қийин масалани зўр бериб ечишга уринади, лекин, табиийки, қандай қилиб ечишни у ҳали билмайди; ўқувчи масаланинг ечимини ўзининг тафаккур қилиш жараёни охирида, натижасида ёки хулосасида топа олади. Масаланинг ечимини аллақачон билган ўқитувчи ўқувчига ёрдам бера бошлайди. Тажрибали педагог ҳеч қачон масаланинг бутун ечилиш йўлини бирданига айтиб бермайди, ўқувчисига аста-секинлик билан ва керак бўлган пайтда озгина маслаҳат бериб, ишнинг асосий қисмини ўқувчининг ўзи бажариши учун имконият яратади. Фақат мана шундай йўл билан ўқувчининг мустақил тафаккурини таркиб топтириш ва ривожлантириш мумкин. Агар масала ечишнинг асосий йўлини ўқувчига дарҳол айтиб берсак, тафаккурнинг бўлажак натижасини маълум қилсак, ва шу тарзда ўқувчига «ёрдам» берадиган бўлсак, бу фақат фикр юритиш фаолияти тараққиётини тормозлаштириши мумкин. Агар ўқувчи масалани ечишнинг ҳамма йўлини бошидан охирги босқичигача билса, унинг тафаккури умуман ишламайди ёки жуда пассив, минимал даражада ишлайди. Ўқувчилар ҳамма вақт ўқитувчининг малакали ёрдамига муҳтож бўлади, лекин бундай фикр юритиш жараёнларини маълумотлар, олдиндан тайёр бўлган натижалар билан алмаштириб, уларнинг тафаккурини мутлақо четга суриб қўймаслиги керак.
Шундай қилиб, биз кўриб чиққан ана ўша нуқтаи назарлар гарчи улардан биринчиси фикран олдиндан кўришга етарли баҳо бермаса ҳам, иккинчисининг эса унинг ролини ошириб юборишига қарамай, номаълумни қидириш жараёнида фикран олдиндан кўришнинг борлигини тан олади. Учинчи нуқтаи назар бўлса, аксинча, масалани ечиш давомида олдиндан кўришни умуман инкор қилади.
Учинчи нуқтаи назар тафаккурга кибернетик муносабатнинг тараққиёти билан боғлиқ равишда жуда кенг тарқалгандир. Унинг маъноси қуйидагидан иборат: тафаккур жараёнида тегишли объектнинг унинг билан боғлиқ бўлган умумий қоидалари, теоремалари, ечиш вариантлари ва шу каби белгиларнинг ҳаммасини, жуда кўпини ёки айримларини бирин-кетин қаторасига саралаб қараб чиқиш (эслаб кўриш, ҳисобга олиш, фойдаланишга уриниб кўриш) лозим. Бунинг натижасида улардан фақат масалани ечиш учун заруринигина танлаб олиш лозим бўлади. Масалан, агар масаланинг асосий шартларида параллелограмм кўрсатилган бўлса, ундай пайтда масалани ўйлаш жараёнида мазкур объектнинг ҳамма хусусиятларини қаторасига эсга тушириб қараб чиқиш ва масалани ечиш унинг ҳар бир хусусиятидан навбатма-навбат фойдаланишга уриниб кўриш керак. Оқибат натижада бу хусусиятлардан қандайдир бирортаси, эҳтимол, мазкур ҳолат учун муносиб келиб қолар.
Таҳлил қилинаётган объект киришган алоқа ва муносабатлар тизимини очиш давомидагина одам бу объектнинг ҳали маълум бўлмаган янги белгиларини кашф қила бошлайди, таҳлил қилиб, уларни пайқай бошлайди. Аксинча, бундай алоқалар тизимини кишининг ўзи оча бошламагунча, у масалани ечиш учун янги ва керакли хусусиятга, ҳатто унга тўғридан-тўғри айтиб берилса ҳам ҳеч қандай эътибор бермайди.
Тасодифий айтиб бериш кўпинча бирор янгиликни кашф ва ихтиро қилишга ёрдам беради. Бироқ ана шундай айтиб беришдан фойдаланишда, тафаккур жараёнининг юқорида кўрсатиб ўтилган қонунияти намоён бўлади. Масалани ечиш устида зўр бериб ўйлайдиган кишигина «бахтли» фурсатни пайқаши ва ундан фойдаланиши мумкин. Ҳамма гап у ёки бу ташқаридан айтиб бериш бориб тушадиган замин, умуман ички шароит тизими қанчалик тайёрланганлигидадир. Бу ерда ҳам бошқа ҳамма ердаги каби, ташқи сабаблар фақат ички шароит орқали таъсир қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |