22.3. Тафаккур шакллари
Табиат ва жамиятни билиш ҳамда ўзгартиришнинг ижтимоий-тарихий тараққиёти жараёнида илмий билимлар ҳосил қилинади, ривожлантирилади ва тизимга солинади. Бошқача айтганда, билишнинг тил ёрдами билан қайд қилинган асосий ютуқ ва натижаларининг мажмуи сифатида таркиб топган фан тизими – физика, кимё, биология, социология, психология ва бошқа шу кабилар ҳосил бўлади ҳамда тўхтовсиз кўпайиб боради. Билишнинг мазкур тарихий тараққиёти ва бунинг натижасида ҳосил бўладиган билимлар тизими билиш назарияси, яъни фалсафанинг бир қисми бўлган гносеология ва логика предметини ташкил қилади. Билиш назарияси фалсафий предмет бўлиб, бутун билиш фаолиятининг энг умумий қонуниятларини, ўрганади, масалан, билиш назарияси инсоният тарихи давомида юзага келган «борлиқ», «материя», «онг», «сифат», «миқдор» каби категорияларнинг пайдо бўлиши ҳамда тараққиётини ўрганади. Билиш назариясининг фалсафий, ниҳоят даражада умумий принциплари асосида инсон тафаккури бир-бирини ўзаро тўлдирувчи иккита конкрет алоҳида фанлар томонидан, расман логика ва психология томонидан ўрганилади.
Логика тафаккурнинг мантиқий шаклларини – тушунчаларни, ҳукмларни ва хулосаларни ўрганади.
Тушунча шундай бир фикрки, унда воқеликдаги нарса ва ходисаларнинг умумий, муҳим, фарқ қиладиган (специфик) белгилари акс эттирилади. Масалан, «одам» тушунчасининг таркибига меҳнат фаолияти, меҳнат қуролларини ишлаб чиқариш, нутқ каби ниҳоятда муҳим белгилар киради. Ана шу барча зарурий муҳим хусусиятлар одамларни ҳайвонлардан фарқлайди.
Тушунчаларнинг мазмуни ҳукмларда очилади, ҳукмлар ҳамиша сўз шаклида, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, овоз чиқариб ёки ўз ичида ифодаланади. Ҳукм – воқеликдаги нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ёки уларнинг хусусиятлари ва белгилари ўртасидаги боғланишларнинг акс эттирилиши демакдир. Масалан «Металл қизитилганда кенгаяди» деган ҳукм ҳарорат ўзгариши билан металлар ҳажми ўртасидаги боғланишни ифодалайди. Тушунчалар ўртасидаги ҳар турли боғланишларни ва муносабатларни мана шундай йўл билан аниқлар экан, ҳукмлар нималар ҳақида нималарнидир баён қилувчи фикрлардир. Ҳукмлар воқеликдаги нарсалар, воқеалар ва ҳодисалар ўртасидаги қандайдир муносабатларни тасдиқлайди ёки инкор қилади. Масалан, биз «Ер Қуёш атрофида айланади» дер эканмиз, бунинг билан коинотдаги иккита жисм ўртасидаги маълум бир объектив маконий алоқа борлигини тасдиқлаймиз.
Ҳукмлар умумий, жузъий ва якка-ёлғиз бўлади. Умумий ҳукмларда мазкур гурухдаги, мазкур синфдаги ҳамма нарсалар тўғрисида нимадир тасдиқланади (ёки инкор қилинади). Масалан, «Ҳамма балиқлар ойқулоқлари (жабраси) билан нафас олади». Жузъий ҳукмларда тасдиқлаш ёки инкор қилиш ҳамма нарсага тааллуқли бўлмайди, балки айрим нарсаларга тааллуқли бўлади. Масалан, «Баъзи талабалар – аълочилардир». Якка-ёлғиз ҳукмларда тасдиқлаш ёки инкор қилиш фақат битта нарсага тегишли бўлади. Масалан, «Бу ўқувчи дарсни ёмон тайёрлаган».
Ҳукмлар иккита асосий усул билан ҳосил қилинади: 1) бевосита усул билан, бунда идрок қилаётган нарсалар ифодаланади; 2) бавосита усул билан, яъни хулоса чиқариш ёки мулоҳаза юритиш йўли билан. Биринчи ҳолда кўз ўнгимизда жигарранг столни кўрадиган бўлсак, масалан, «Бу жигар-рангли стол» деб оддийгина ҳукм чиқарамиз. Иккинчи ҳолда мулоҳаза юритиш ёрдами билан бир хил ҳукмдан бошқа ҳукм келтириб чиқарилади, ҳосил қилинади. Масалан, Д.И.Менделеев ўзи кашф қилган элементларнинг даврий қонунига асосланиб, соф назарий равишда, фақат хулоса чиқариш ёрдами билан, унинг даврида хали маълум бўлмаган химиявий элементларнинг айрим хусусиятларини келтириб чиқарган ҳамда олдиндан айтиб берган.
Тафаккурнинг ана шундай хулоса чиқарувчилик, муҳокама юритувчилик (жумладан, олдиндан айтиб берувчилик) ишида унинг бавоситалик характери ниҳоятда аниқ намоён бўлади. Хулоса чиқариш, мулоҳаза юритиш – буларнинг ҳаммаси воқеликни бавосита билишнинг асосий шаклидир.
Шундай қилиб, фикрлаш фаолиятининг нормал давом этиши учун силлогизм ва барча мантиқий формалар ниҳоятда зарурдир. Улар туфайли ҳар қандай тафаккур исботли, ишончли қарама-қаршиликсиз бўлади ва демак, объектив воқеликни тўғри акс эттиради. Унинг учун тафаккурнинг тушунча, ҳукм ва хулоса чиқариш каби формаларини махсус равишда ўрганувчи формал мантиқ, унинг билан бирга, фикрлаш фаолиятининг ғоят муҳим қонуниятларини ҳам ўрганади.
Формал логика предмети – тафаккурнинг ҳамма томонларини ўз ичига олмайди, балки унинг фақат бир томонини ўз ичига олади, у биз юқорида кўриб ўтганимиздек, тафаккурнинг ниҳоятда муҳим томонидир (тафаккурнинг мантиқий формалари). Формал логика фикрнинг аллақачон юзага келган, гўё тайёр томонларини – тушунчаларни, ҳукмларни ва бошқа шу кабиларни текширади ҳамда улар ўртасидаги маълум муносабатларни (формулаларни) ўрнатади. Силлогизм ана шундай муносабатлар ёки ана шундай формулалар мисолларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга формал логика бу фикрларнинг – тушунчалар, ҳукмлар, хулосаларнинг бевосита пайдо бўлиш ва ривожланиш шароитларидан четлашади, абстрактлашади.
Силлогизм шакли, формал логиканинг бошқа ҳар қандай шакли каби, тафаккур жараёнининг қандай боришини ифодалаб бермайди, мазкур фикрнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш жараёнининг конкрет суратда қандай содир бўлиши кўрсатиб бермайди. Масалан, силлогизмда одат бўйича, олдин катта, яъни умумий асос, ундан сўнг кичик, яъни жузъий асос туради, фақат ана шундан кейингина ҳар икки асосдан хулоса чиқарилади. Аммо бундан ҳаётий, ҳақиқий, реал тафаккур жараёнида олдин фақат умумий қоида (умумий ҳукм) кейинчалик қандайдир жузъий ҳукм келиб чиқади, деган маъно англашилмайди, албатта. Умумий ва жузъий ҳукмлар ҳам ажралмас ўзаро боғлиқликда намоён бўлади. Бундан ташқари, реал тафаккурда силлогизм асослари ёки истаган бошқа хулоса чиқариш асослари ҳеч қачон бирданига тайёр ҳолда берилган бўлмайди. Бу асосларни тафаккур ёрдами билан намоён қилиш, қандайдир йўл билан унга эга бўлиш, қисмларга ажратиш керак бўлади.
Формал логика у ёки бу фикрлар пайдо бўлиши ва тараққиётининг бевосита шароитларидан четлашади ва абстрактлашади. У, чунончи, тафаккурнинг ҳиссий билиш билан ўзаро боғланишидан тўла суратда четлашади. Бошқача қилиб айтганда, у психологиядан фарқли ўлароқ, бизнинг тафаккуримиз сезгилар, идрок ва тасаввурлар асосида конкрет қандай пайдо бўлишини ҳамда мазмунан бойишини асло тадқиқ қилмайди. Мантиқий формулаларда, масалан, силлогизмда гўё аллақачонлар қотиб қолган, бутунлай тугалланган, тўла, аниқ ва охиригача ифодаланган фикрлар, яъни тафаккурнинг тайёр маҳсулотлари, натижалари бир-бири билан солиштириб кўрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |