ИСТЕЪДОДЛИ ОЛИМ, ТАЖРИБАЛИ РАҲБАР
С.Қ.Қаҳҳоров,
БухДУ ходимлар касаба уюшма қўмитаси раиси, профессор
Мен, Шариф Рамазонович Баротовни 1991 йилдан биламан. Москвадаги дунёга машҳур психолог олимлар раҳбарлигида аспирантурани битириб, ёш мутахассис сифатида билим даргоҳимизга ишга келган эди. Ўша вақтдаёк ишчан, изланувчан, иктидорли, ўз устида ишлайдиган, берилган топшириққа катта масъулият билан қарайдиган, хушфеъл ходим сифатида жамоатчилик назарига тушди.
1997 йилдан Бухоро давлат университети педагогика ва психология кафедраси мудири, 1998 йилда “Ўзбекистонда психологик хизмат ташкил этилишининг ижтимоий-психологик ва илмий асослари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёклади, 1999 йил университет илмий ишлар бўйича проректор вазифасини бажарувчи, 1999-2002 йиллар университет педагогика ва психология асослари кафедраси мудири, 2002-2005 йиллар Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими раҳбари, 2005-2011 йилларда университет “Психология” кафедраси мудири лавозимларида, 2011 йилдан университет Педагогика факультети декани лавозимида ишлаб келмоқда.
Ш.Баротовни 2005 йилда профессор унвони тасдиқланди. У илмий изланишлар давомида 200 дан ортиқ илмий мақолалар, 4 та дарслик ва ўқув қўлланма, 25 та илмий-услубий қўлланмалар, 4 та монография муаллифидир. 4 нафар фан номзодларига, 10 дан ортиқ магистрларга илмий раҳбарлик қилиб илмий-педагог кадрлар тайёрлашда салмоқли ҳисса қўшиб, Бухоро психологлари мактабининг яратилишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шарифжоннинг ташаббуси билан Ўзбекистонда ягона бўлган “Психология” илмий журнали ташкил қилинди ва у бош муҳаррири сифатида фаолият олиб бормоқда. 2013 йил “Халқаро психология фанлар академияси”нинг академиги, унинг Ўзбекистондаги худудий бўлими раҳбари сифатида фаол ишлагани учун “Человеческий фактор” медали билан тақдирланган.
Ш.Баротов факультет декани вазифасини бажариш билан бир қаторда ёш мутахассис кадрларни тайёрлашда, талаба ва магистрларга юқори савияда маъруза ўқиш, илмий тадқиқотчилар ва катта илмий ходим-изланувчиларга раҳбарлик қилиб фан сирларини ўрганишда катта ёрдам кўрсатмоқда. Турмушда камтар, ҳар қандай оғир ва масъулиятли топшириқни ишнинг кўзини билиб, тадбиркорона ижро этади. Унинг хушмуомалалиги, зиёлийлиги, муомала-мулоқотда маданийлиги, катталарнинг ҳам, кичикларнинг ҳам хурматини жойига қўйиш каби яхши хислатлари суҳбатдошни ўзига мафтун этади. Жамоада соғлом муҳит яратишга ва унга етакчилик қилишга илмий-педагогик салоҳияти ва инсоний фазилатлари мос келадиган инсон.
Мен университет касаба уюшмаси номидан Ш.Баротовга мустаҳкам соғлиқ ва юксак зафарлар тилайман.
Do'stlaringiz bilan baham: |