V. ШОГИРД – ФАРЗАНДДЕК АЗИЗ
Ш.Р.Баротов
Дунёда шундай устозлар бўладики, уни қўллаб қувватловчи, унга чин дилдан эътиқод ва садоқат кўрсатувчи бирорта шогирди йўқ. Дунёда шундай шогирдлар бўладики, унинг эътиқоди, садоқати, меҳр-оқибатининг сохта эмаслигига ишонувчи ва унга чин дилдан меҳр қўйган бирорта устози йўқ. Албатта бу рамзий маънода айтилган бўлсада, унинг замирида ҳар бир инсоннинг ўзига хос табиати, тарбияси, хулқ-атворида ойнадек акс этиб турувчи олийжаноблиги ёки худбинлиги каби хислатларнинг мавжудлиги муҳим ўрин тутади.
Албатта, ҳар бир одам устоз ёки шогирд бўлишга ҳақли. У қанча йил яшамасин қайсидир маънода қайсидир соҳада кимгадир устоз, кимгадир шогирд бўлиб яшайди. Устоз-шогирдлик анъаналари эса бундан олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам давом этаверади. Лекин ҳақиқат шуки, қайсики устоз ёки шогирдда маънавият ва камолот асосидаги эзгулик илми мукаммал шаклланган бўлса, устоз ҳеч қачон шогирддан, шогирд эса устоздан тонмайди. Демак, ҳамма нарсани ҳар бир одамнинг ўзигагина хос индивидуал ички руҳиятида азалдан мавжуд бўлган ва барқарорлашган олийжаноблик ёки худбинлик, ҳаққонийлик ёки сохталик, самимийлик ёки мафаатпарастлик, ўз бурчига масъуллик ёки лоқайдлик каби хислатлари ҳал қилади. Қолаверса, устозлик ҳам, шогирдлик ҳам инсон учун берилган жуда катта бахт-саодатдир. Бу бахтни кўз қорачиғидай асраш, авайлаш фақатгина эзгу ниятли ва олийжаноб туйғулари жуда юқори бўлган қалб соҳибларига насиб этади. Шу маънода мен ўз шогирдларимни қадрлайман ва улар билан ҳамиша фахрланаман ва уларга ҳаётда ишда, илмда ва эзгулик йўлида юксак зафарлар тилаб қоламан.
ТАЪЗИМДАМАН УСТОЗИМ!
Ш.Э.Неъматов,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Бош назоратчиси
Устозим ҳақида сўз юритиш, шогирд учун катта маъсулият ҳиссини юкларкан. Мени илмга ошно қилган, илм олиш сирларидан воқиф қилган устозим ҳақида илиқ сўзлар айтишга, бу маърифатли инсоннинг менга берган сабоқлари, қилган панд насиҳатлари ва йўл–йўриқларига амал қилиб, унга муносиб шогирд бўла олдим-ми?
Теран ақл ва заковат эгаси, ўз соҳасининг билимдони бўлиш билан бирга, касбига ўз ишига юксак ҳурмат кўрсата олиш намунасини, биз шогирдларига кўрсата олган, илмий изланишлар йўлида меҳнатдан қочмасликка ва қийинчиликларга сабрли ва ва қаноатли бўлишга ўргатган бу инсон олдида, бир умр таъзимдаман.
Устозим 55 ёшга тўлган бўлсаларда, ҳали ҳам илк бор учрашганимиздагидек, ўша дамлардагидек ҳозир ҳам, куч ва ғайратга тўлган, тиниб-тинчимас, ўз соҳаси бўйича фидоий шахсни кўраман. Бугунга қадар, бир неча юзлаб китоблар ёзган бўлсалар ишонаманки, агар устозимни бир боғбонга қиёс қилсам, яратган боғнинг кўп йиллар яшнаб, гуркираб мева беришига, яъни халқимизга унинг фарзандларига кўплаб китоблар ёзиб ўз илму ирфонидан баҳраманд қилишларига ва биз каби шогирдларни сафини янада кенгайтириб юртимизда психология фанининг янада равнақ топишига ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонаман ва мен устоз Ш.Баротовнинг шогирдлари эканлигим билан фахрланаман.
Do'stlaringiz bilan baham: |