ТАНИҚЛИ ПСИХОЛОГ ОЛИМ
Ғ.М.Сайфуллаев,
биология фанлари номзоди, доцент
Бугун жаҳонда тобора кенг юз очаётган мустақил Ўзбекистонда маънавият ва маърифат ҳақида ёзиш кун сайин урф-одатга айланиб бормоқда. Чунки мамлакатимиз фуқаролар дунёқарашини маънавий-маърифий жиҳатдан ривожлантирмай туриб, туб ислоҳотлар жараёнини дилдагидек амалга оширишнинг имкони йўқлигини бугунги кундаги ўзгаришлар кўрсатиб бермоқда. Президентимиз И.А.Каримов ”Баркамол авлод Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” номли маърузасида, “Ақлий заковат ва руҳий маънавий салоҳият маърифатли инсоннинг икки қанотидир”,- деганда мавзунинг ана шу нуқталарини назарда тутган. Доимо давр мафкурасининг олдинги сафида туриб, унинг даъватларига ҳозиржавоблик кўрсатиб келаётган профессор Ш.Р.Баротовнинг илмий маъруза, мақола, китобларида миллий қадриятлар, маънавият ва маърифатнинг замон кун тартибига қўяётган муаммолари ечимига ташаббускорлик билан муносабат билдираётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Профессор Ш.Р.Баротов ҳақиқатан ҳам ёшлигидан инсон руҳиятини эъзозловчи, қадрловчи ўсмир бўлиб ўсди.Унинг отаси Рамазон бобо ҳам илмли, маърифатли инсон бўлиб, халқ достонлари, шеър ва термаларини ёд айтар эди. Падари бузрукворининг таъсири бўлса керак, кейичалик унинт ўзи ҳам адабиётга, шеъриятга ҳавас билан қарайди, баъзи –баъзида шеърлар ҳам битиб туради. Шеър ёзиш эса, менинг англашимча, кўнгил тиниқлиги ва мунавварлигидир.Шундай эса-да, у илмни севди, ардоқлади, илмпарвар инсон бўлди. Республикамизда таниқли ва истеъдодли олим сифатида машҳур бўлиб танилди.
1984 йилдан буён мен Ш.Р.Баротов билан университетда ишлаб келмоқдаман. Бу инсоннинг ўзига хос фазилатлари мавжуд. Инсон руҳиятини доимо қадрлайдиган, ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган, ҳар бир ишни тобига етказиб, майинкорлик билан пухта бажарадиган жиҳатларини атрофдаги кишилар яхши билишади. У ўртоқларига меҳрибон, дўстларни бирлаштириб, улар орасида кўприк вазифасини ўтайдиган, бағрикенг, уларнинг қадрига етадиган, шоир айтганидек, дўст бўлсанг ёнимда тур, дейдиган инсон. Ҳаётнинг бу йўлида унинг мураккаб синовларидан ўтиб тобланди; ўзи ҳам қадрдон ва садоқатли дўстлар орттирди. Хуллас, сабру сабот билан, меҳру оқибат билан яшамоқ илмини ўрганди. Шу илмга амал қилгани туфайли саодатли тақдир соҳибига айланди.
Табиатнинг иссиқ-совуқларига, шафқатсиз довулларига бардош берган ниҳоллар боғларда ўсишни давом эттиради, дарахт бўлиб мева беради, шунингдек, ҳаёт машаққатларини бирга енгган дўстлари бор инсонларгина ўз мақсадларига эришадилар. Айтиш мумкинки, мамлакатимизда эл назарига тушган, халқ таълими фидойиларидан бири, психология фанлари доктори, профессор Ш.Р.Баротов ана шундай самимий инсонлардан биридир.
Яқинда таниқли олим, жонкуяр раҳбар ва садоқатли дўстимиз Шариф Рамазонович Баротов таваллудига 55 йил тўлди. Шу муносабат билан биз жамоадошлари, ҳамкасблари ва дўстлари, унинг илмий-ижодий ишларига улкан-улкан зафарлар, оилавий ҳаётига сўнмас бахту саодат, педагогик фаолиятига чексиз муваффақиятлар ва умрига сокинлик ҳамда ҳамиша бақувватлик, соғлиқ – саломатлик тилаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |