ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТНИНГ ДОНИШМАНДИ ВА МАҲОРАТЛИ ТАРҒИБОТЧИСИ
Б.Қ. Хўжаев,
Педагогика фанлари номзоди, доцент
Инсон самимияти, қатъиятлилиги, талабчанлиги, илмга интилиш, мақсадга эришиш йулида ҳормай-толмай меҳнат қилиш, устозлар ишончини оқлаш учун тинмай изланиш тўғрисида сўз борганда, кўз ўнгимда психология фанлари доктори, профессор Халқаро Психология Фанлари Академиясининг академиги Шариф Рамазонович Баротов гавдаланади.
Олий мактаб даргохида ўқиб юрган пайтларида Шариф Рамазонович илмга чанқоқлиги, истеъдоди, психология фанига қизиқиши билан устозлар назарига тушди. Бу жараёнда у психология фанини зўр иштиёқ билан ўзлаштирар, олийгоҳда ташкил этилган психология тўгарагига фаол иштирок этар, институт илмий анжуманларда ўзининг илмий маърузалари билан қатнашиб барчани эътиборини ўзига қаратар эди. Бўлажак олимдаги бу интилишни пайқаган устозлари, уни институтда ишга сақлаб колдилар. Психология фанига қизиқиш Шариф Рамазоновични Москвадаги Педагогика Фанлари Академияси қошидаги «Умумий ва педагогик” илмий тадқиқот институтига етаклади. Бу ерда у психология фанидан номзодлик диссертациясининг мавзусини белгилаб олди ва уни муваффақият билан ҳимоя қилди. 1991-1992 ўқув йилида мен Шариф Рамазонович билан биргаликда Бухоро туманидаги 1-мактабда педагогика синфини ташкил этдик. Бу синфда ўқувчилар педагогика ва психология туркум фанлардан маълумот олиб педагогика институтига киришга тайёрланар эдилар. Бу синфнинг психологияга оид туркум фанларни Ш.Р.Баротов олиб борар эди. Айни пайтда у туман Халқ таълими бўлими тассаруфидаги мактаблардан психология фани ихлосмандларини тўплаб таълим-тарбия жараёнига психологик хизматни татбиқ этиш буйича уларга сабоқ берар эди. Бу тажриба унга Республика узлуксиз таълимининг барча бўғинларида психологик хизматни тадбик этиш учун илмий тадкикот ишларини олиб боришга даъват этди. Ш.Р.Баротов ўқувчи ва ўқитувчи фаолиятининг самарадорлигини оширишда амалиётчи психологнинг таъсири катта эканлигини инобатга олган ҳолда кенг миқёсда изланиш олиб борди ва бу билан олим ўша даврда мактабда психологик хизмат тизими зарурлигини исботлаб берди.
Маълумки, табиатдаги барча нарса ва ҳодисаларнинг моҳият-мазмунида муайян саралашлар мавжуд, бундан инсон хам мустасно эмас. Зеро, инсон табиатида хам муайян бетакрорлик мавжуд ва бу бетакрорлик эзгу максад сари йўналтирилса айни муддао бўлади. Бунда психологнинг роли катта бўлади. Мана шу психологик эхтиёжни қондириш ҳамда таълим-тарбияда болаларнинг руҳий-индивидуал, интелектуал салоҳиятини эътиборга олиш лозимлигини илмий далиллар асосида аниқлаган Шариф Рамазонович халқ таълими тизимида психологик хизматни амалга оширишнинг илмий-назарий ва амалий асосларини Республикада биринчилардан бўлиб ишлаб чиқди.
Ш.Р.Баротовнинг илмий салоҳияти ва серунум илмий раҳбарлик фаолияти Бухоро Давлат университети психология кафедраси мудирлиги жараёнида яққол кўзга ташланди. Ҳозирги кунда унинг ўндан ортиқ шогирдлари фан номзоди даражасига эришганлар. Кўплари Ш.Р.Баротов рахбарлигида докторлик диссертацияси устида тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.
Ш.Р.Баротов Республикада психология ихтисослиги йўналишида ягона нашр ҳисобланган “Психология” журналининг бош муҳаррири хамдир. Журнал ўз саҳифаларида Республикамиз ва МҲД да психология фанининг долзарб муаммолари бўйича илмий-назарий, амалий-методик соҳалардаги масалаларни кенг ёритиб келмокда.
Ш.Р.Баротовнинг университет маъмурияти, ҳамкасблари, дўстлари, қариндошлари серунум ва серғайрат илмий раҳбар, фаол кафедра мудири ва факультет декани, ғамхўр муррабий ва меҳрибон ота, ўз соҳасини мукаммал биладиган мутахассис сифатида яхши биладилар ва ҳурмат қиладилар ҳамда эъзоз билан тилга оладилар. Кўпчилик қатори мен ҳам Ш.Р.Баротовни 55 ёшлик таваллуд кунлари, 35 йиллик илмий фаолияти билан чин қалбдан муборакбод этаман. Дўстим ва ҳамкасбимга асрга тенгдош ёшни, серунум фаолиятни ва фарзандлари, неваралари камолини кўришни истаб қоламан.
Do'stlaringiz bilan baham: |