МАЪНАВИЯТИ ЮКСАК УСТОЗИМ
Ҳ.Х.Жабборов,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Психология кафедрасининг катта илмий ходим-изланувчиси
Маънавияти юксак устозим психология фанлари доктори, профессор Баратов Шариф Рамазоновични 2004 йилдан ҳозирга қадар танийман. Шу йиллар давомида устозимдан қатъият билан соғлом мақсад қўя олиш, қунт билан билим олиш, эгалланган билимларни амалётга татбиқ қила олиш, тинимсиз кучли ирода асосида меҳнат қилиш, қўлдан келгунича инсонларга тўғри йўл кўрсатиш, ёрдам бериш, шахсий намуна кўрсатиш, ватанга, устозларга, ота-онага, оилага, шогирдларга, дўстларга ва жамики инсонларга садоқатли бўлиш каби бир қанча сифатларни ўргандим. Устозимни илмий фаолиятларига, педагогик тактларига, бошқарув услубларига, шахс сифатидаги имиджларига, ҳаётга, ватанга, илмга, касбга ва инсониятларга бўлган муносабатларига доим ҳавас қилганман.
Устоз доим шогирдларига чуқур билим олиш, юксак маънавият эгаси бўлиб инсонларга зиё тарқатувчи фидокор инсон бўлишларинг керак, чунки сизлар бўлажак зиёлилар сизлар, жамият сизлардан маънавий ибрат олиши керак деб уқтирадилар. Устозни яна бир илмга бўлган садоқатлари доим илмий изланишда бўладилар. Шахсан ўзим неча бор гувоҳи бўлганман, устоз қанақа вазиятда бўлишидан қатъий назар доим китоб варақлар, нималарнидир ёзардилар ва эртаси куни бу ишларини бизга айтиб бу борасида илмий изланишимиз кераклигини уқтирардилар. Устоз тартибга, интизомга, илмга ўта талабчанлар. Устозим биз шогирдлари учун доим жонкуяр, фидокор, бағри кенг садоқат ва юксак маънавиятли мураббийдирлар. Устозим республикада соҳа вакиллари ичида жуда катта ҳурматга ва илмий салоҳиятга эгадирлар.
Келажакда устозимни психология фани тараққиётига янада салмоқли ҳисса қўшишларига, соҳа вакиллари учун ўзларини илмий салоҳиятларини мерос қилиб етказишларига куч-қуват, умри боқий соғлиқ тилаб қоламан.
ИЛМГА УНДАГАН УСТОЗ
Г.Худойқулова,
БухДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси
Илм − бу кашфиёт, яратиш завқи, ўз-ўзини англаш, намойиш қила билиш, бутун бир муҳитни ўзгартиришга интилиш, олам ва одамни чуқур билиш қудрати. Кучли шахсгина ўзгартириш, янгилик киритиш ва яратишга қодир. Бундай инсонлар ҳақиқат йўлини топганлар, шубҳасиз, иродали ва жасоратли, фавқулотда истеъдод эгаларидир.
Умумбашариятнинг тараққиёт ва таназзулида шахслар етакчи куч ҳисобланар экан, уларни ичдан руҳлантириб, қудрат, сабр- бардош, шижоат ва илҳом бериб турган манба бўлиши табиий. Бу, сўзсиз, устоздир. Бу сўзнинг қиёфа, мезон, мукаммаллик деган маъноларни бор. Устоз – улуғ шахс, истеъдоди, алоҳида қобилияти, имконияти, кучи, иродаси, қатъияти, мукаммал илми билан ушбу даражага эришган ва устоз ҳуқуқини олган. Эзгуликни амал қилиб олган бундай мукаррам зотлар дунёни тўкис, инсонни комил ва бахтли кўриш орзусида яшаб, умрлари давомида ўзларини устоз деб билган шогирдларига беминнат яхшилик қилишдан асло чарчамайдилар.
Шундан номга, мартабага лойиқ инсон устоз Шариф Баротов бўладилар. Устоз Шариф Рамазонович ўз мактабини ярата олди ва Психология илмида муносиб ўрин эгаллай олди. Бунинг учун устоз ўзоқ ва машаққатли мураккаб, масъулиятли, муросасиз ва мазмунли йўлни босиб ўтди.
Инсон сифатида устоз ўзларига қанчалик талабчан бўлса, шогирдларига ҳам шунчалик талабчан, қаттиққўл, фидоий ва жонкуяр. Бизни ҳаёт учун курашга, машаққатларга сабр- бардош билан чидашга ўргатадилар. Ҳаётда майда ва катта , жиддий ва ножиддий воқеа- ҳодисаларни теран нигоҳ билан кузатадилар , ҳамда ҳаётнинг узлуксиз оқимида илғанавермайдиган, кундалик турмуш ташвишлари пойгасида диққатимизни жалб этолмаган оддий ҳаётни воқеа- ҳодисаларга ҳушёр ва оқилона назар ташлашга ундайдилар.
Устознинг иродаси, куч- ғайрати, шижоати, сабр- бардоши, меҳнатсеварлиги олдида ожиз қоламиз ва устоздан ҳали жуда ҳам кўп хислатларни ўрганишимиз лозимлигига юз карра амин бўламиз. Аслида инсон умрининг мазмуни ҳам шунда. Инсон азал-абад ўз қалби, руҳий олами, имкониятини англашга ҳаракат қилади. Ҳиссий, ақлий билиш, теран мушоҳада, нарса ва ҳодисалар, воқеликнинг сабаб ва оқибатини чуқур идрок этиш устознинг характерига хос хусусиятдир. Чунки билим, куч-қудрат, яратувчилик ва жасорат шундай хусусиятларни яратди. Инсонинг инсонлиги ҳам унинг ўз атрофига онгли муносабатда бўла олишида, бунёдкор ҳатти- ҳаракатларида, оқиллигида ва тадбиркорлигида кўринади. Устоз ҳаётининг мазмуни, яратган китоблари, илмий изланиншлари, устоз кўрган мактабнинг давомчилари бўлмиш шогирдлари ва фарзандлари учун намуна ва ифтихор туйғусига айланиб улгурган.
Шундай савобли, сермашаққат ва ибратли йўлда устозга куч- қувват, сабр ва матонат ёр бўлишини истаймиз ҳамда илм уммонида жуда кўплаб янги кашфиётлар қилишларига тилакдошман.
Do'stlaringiz bilan baham: |