БУХОРО ПСИХОЛОГИЯ МАКТАБИНИНГ “ЁРҚИН ЮЛДУЗИ”
Б. Р. Қодиров,
психология фанлари доктори, профессор
Мен Шариф Рамазоновичнинг илмий фаолияти ҳамда ҳаёт йўлини юксак баҳолайман.
Шариф Рамазонович томонидан докторлик ишининг муваффақиятли ҳимоя қилиниши Ўзбекистонда алоҳида ўзига хос психология мактабининг пайдо бўлишга асос бўлган эди.
Шу билан бирга Бухорода амалий психологлар йўналиши пайдо бўлди. Республикамизда бу йўналиш жуда зарур ва қимматли ҳисобланади ва мактабдан кўпгина истеъдодли, фанга садоқатли шогирдлар етишиб чиқди, Шариф Рамазонович уларга устозлик қилиб келмоқда.
Бухоро азалдан илмли авлиёлар, пирлар шаҳри бўлиб, бу ерда зиёли, маънавиятли инсонлар кўп бўлган. Шунинг учун ҳам Шариф Рамазоновичнинг психология фани тараққиётига катта ҳисса қўшиб келаётгани табиий кўринади.
Бухорода “Психология” журналининг пайдо бўлиши эса республикамизда психология фани вакиллари учун ниҳоятда қувонарли ҳолат бўлиб, шу соҳа олимларининг ҳамфикрлигини таминлайди, ёшларни янгиликлар билан таъминлаб, янги ғоя ва ихтироларни эълон қилади. Умуман, журнал тарихий нуқтаи назардан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мен Бухоро психология мактабининг ёрқин юлдузи Ш.Баротовга юксак зафарлар тилиб қоламан.
ИСТЕЪДОДЛИ ОЛИМ
Жабборов Азим Мейлиқулович,
Қарши давлат университети профессори, психология фанлари доктори
Шариф Рамазонович Баротов – психология фанлари доктори, профессор, таниқли олим, Ўзбекистонда психолог кадрлар тайёрлаш ва психологик хизматни йўлга қўйишнинг ташкилотчиларидан бири.
Ш.Р.Баротов психолог кадрлар тайёрлаш соҳасида катта ишларни амалга ошириб келмоқда. У кишининг саъй ҳаракатлари билан Бухоро давлат университети Психология кафедрасида замонавий моддий техник база яратилганлиги ва психология соҳасида илмий салоҳиятнинг барқарор ривожланганлигини эътиборга олиб, кўп йиллардан буён 5210200- Психология бакалавриат йўналишида, 5110900 - Педагогика психология бакалавриат йўналишида таянч олий маълумотли психологлар, 5А210201 – Психология (фаолият турлари бўйича), 5А 110902 - Психология (Таълим соҳаси бўйича) магистратура мутахассислиги, илмий кадрлар тайёрлаш учун психология ихтисослиги бўйича катта илмий ходим – изланувчилар, мустақил изланувчилар тайёрланаётганлиги бунинг ёрқин далилидир.
Ш.Баротов раҳбарлигида кўплаб ёшлар психология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган, ҳозирда эса 8 нафар психолог катта илмий ходим – изланувчи ва мустақил изланувчилар сифатида психологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган мавзуларида докторлик илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Бундан ташқари Ш.Р.Баротов сермаҳсул психолог олим бўлганлиги учун БухДУ психология кафедрасида республикамизнинг турли олий ўқув юртларидан юборилган психология фанларидан номзодлик ва докторлик диссертацияларига етакчи ташкилот сифатида тақризлар берган, кўпчилик диссертация муаллифларининг ҳимоясида уларга расмий оппонент сифатида қатнашиб, ўз муносабатларини билдирган. Айниқса, олимнинг кўп йиллар мунтазам психология фанлари бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш учун ташкил қилинган Ихтисослашган Кенгашнинг аъзоси бўлганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида Педагогика ва психология фанлари эксперт кенгашида кўп йиллар узлуксиз ишлаганлиги унинг илмий - педагогик фаолиятини нақадар кўламдор эканлигини, кўрсатади. Шунга асосланиб, Ш.Р.Баротовнинг шогирдлари республиканинг барча университет ва педагогика институтларида фаолият кўрсатмоқда, деб айтишимиз ўринли.
Сўнгги йилларда профессор Ш.Р.Баротовнинг илмий фаолияти йўналиши асосан олий таълим муассасаларида психология фанларини ўқитиш самарадорлиги ва амалийлигини таъминлаш, вилоят мактабларида, академик лицейлар ва касб – ҳунар коллежларида психологик хизматни ташкил этиш ва йўлга қўйиш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.
Олим томонидан Бухоро вилояти ва қўшни вилоятларда психологик хизматни ташкил этиш ва бошқаришнинг илмий асосланган тизими ва узоққа мўлжалланган дастури ишлаб чиқилган бўлиб, бу дастур ҳозирги замон психология фани ютуқлари ҳамда миллий, ҳудудий хусусиятларни эътиборга олган ҳолда узлуксиз такомиллаштирилиб борилаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир.
Бундан ташқари Ш.Р.Баротовнинг ташаббуси билан Ўзбекистонда “Психология” журналининг таъсис этилиши, Халқаро Психология фанлари академияси билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилганлиги, Ўзбекистонда Халқаро психология фанлари академиясининг бўлими очилганлиги ва бугунги Халқаро симпозиумни ўтказилаётганлиги, унда таниқли психолог олимларнинг ҳозирги бир пайтда тажриба алмашаётганлиги унинг психология фанидаги фаолиятини кўрсатувчи яна бир далилдир.
Республикамиз психология фани соҳасида кечаётган бундай катта тадбирлар психология фанининг ривожига, халқимиз психологик саводхонлигининг юксалишига, миллатимиз вакилларининг ўзлигини англашига муносиб ҳиссадир.
Республикамиздаги ҳамма психологлар Ш.Р.Баротовни фидойи олим сифатида жуда ҳурмат қиламиз ҳамда унинг амалга ошириб келаётган ишлари билан фахрланамиз. Кўпчилик Ш.Р.Баротовнинг ҳаёт йўли, илмий - педагогик фаолиятига ҳавас қиламиз. Чунки, Ш.Р.Баротов шахс сифатида ҳам, касбий соҳада ҳам баркамол шаклланган, қатъиятли, шижоатли, ташкилотчи ва истеъдодли олим. Бу даражада шаклланишига таъсир этган жисмоний – физиологик, ижтимоий – маданий ва тарбиявий омиллар ҳаммада ҳам бир ҳилда кечавермайди.
Биз Ш.Р.Баротовни 55 йиллик юбилей ёши билан чин қалбдан табриклаймиз, у кишини 100 ёшларга кириб, мамлакатимизда психология фанининг юксалишига, халқимизнинг психологик саводхонлигини юксак даражада кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиб юришини истаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |