2.17. Номоддий активларни чиқиб кетиши Номоддий активлар зарур ҳолларда бир корхонанинг ичида бир таркибий бўлинмадан бошқа бир тарбий бўлинмага ўтказилиши мумкин, шунингдек ҳар хил сабабларга кўра бошқа корхоналарга чиқиб кетиши мумкин.
Номоддий активлар корхонанинг таркибий бўлинмалари ўртасида ўзаро биридан иккинчисига ўтказилиши номоддий активларнинг чиқиб кетиши деб тан олинмайди ва бухгалтерия ёзувлари амалга оширилмайди, аналитик ҳисоб картотекасида инвентар карточкаси номоддий активлар фойдаланиладиган таркибий бўлинмадан берилган бўлинмага олиб қўйилади. Шунингдек номоддий акктивларни бериш бўйича операциялар чиқиб кетиш деб тан олинмайди ҳолларда қуйидагилар киради:
- гаровга бериш;
- корхонанинг шўъбаларига, вакалотхоналарига, бўлинмаларига ва бошқа ажратилган (ёки ажратилмаган) таркибий бўлинмаларига бериш;
- мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ишончли бошқарувчиларга бериш;
- биргаликда амалга ошириладиган фаолият шартномасига иштирокчининг улуши сифатида киритиш. Ушбу шартномага мувофиқ операциялар биргаликда амалага оширилади ва активлар биргаликда фойдаланилади;
- корхона раҳбариятининг тегишли кўрсатмасига асосан бир таркибий бўлинма томонидани бошқа таркибий бўлинмага бериш;
- фойдаланиш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ операциялар натижасида;
- активга эгалик ҳуқуқини бермаслик билан амалга ошириладиган операциялар.
Агар номоддий активлар маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга оширишда ҳар доим фойдаланилмаса, меъёрларда белгиланган фойдаланиш муддатидан олдин эскирса, шунингдек уларни модернизация қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса ва бошқа сабабларга кўра корхона уларни ҳисобдан чиқаради.
7-сон БҲМС га мувофиқ чиқиб кетаётган номоддий активларнинг қиймати балансдан ҳисобдан чиқарилади. Номоддий активлар қуйидагилар натижасида балансдан чиқарилади:
- тугатилиши;
- сотилиши;
- айирбошлаш;
-текинга берилиши;
- устав капиталига таъсисчининг улуши кўринишида берилиши;
- таъсисчи таъсисчилар таркибидан чиққанда. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40- ва 41 моддаларига мувофиқ акциядорлик жамиятларида акциядорлар томонидан ўзларига тегишли акциялар жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилинганда, жамият томонидан акцияларнинг қиймати номоддийф активлар билан ҳисоб-китоб қилиниши тушунилади;
- камомад фактини аниқлаш ва бошқалар.
Номоддий активларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) номоддий активларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қийматини, номоддий активларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлган билвосита солиқлар ва харажатларни чегириб ташлаш орқали аниқланади. Номоддий активларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) 9220 «Бошқа активларни чиқиб кетиши» счётида аниқланади.
Номоддий активлар чиқиб кетишидан молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда олдинги қайта баҳолашлардан ҳосил бўлган номоддий активларни баҳоси ўсиши суммасининг қолдиғи, яъни номоддий активлар ушбу объектининг аввалги баҳоси ўсиши суммаларининг бу объектни аввалги баҳосининг пасайиши суммасидан ошиши бошқа активлар чиқиб кетишини ҳисобга олувчи счётлар кредитига киритилиб, бир вақтни ўзида 8510 «Узоқ муддатли активлар қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счёти бўйича резерв капитал камайтирилади.