2. Асосий воситалар ва номоддий активлар ҳисоби 2.1. Активни асосий восита сифатида тан олиш Корхоналарда асосий воситаларни ҳисобга олишда уларни актив сифатида тан олинган пайтини белгилаш, мазкур активларга нисбатан қўлланиладиган уларнинг баланс қийматини ва амортизацияни ҳисоблаш усулларини белгилаш, шунингдек асосий воситаларнинг баланс қийматидаги бошқа ўзгаришларни ва уларнинг чиқиб кетиши ҳисобига молиявий натижаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш муҳим йўналишлари бўлиб ҳисобланади. Шулардан келиб чиқиб корхоналарда асосий воситаларни бухгалтерия ҳисобининг вазифалари қилиб қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:
- активларни асосий воситалар сифатида қабул қилиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни шакллантириш;
- асосий воситаларни келиб тушиши, уларнинг корхона ичида ҳар хил таркибий бўлинмалар (цехлар, ишлаб чиқариш жойлари) бўйича харакатини ишончли ва ўз вақтида ҳужжатларда расмийлаштириш ва ҳисобда акс эттириш;
- асосий воситаларни техник кўрикдан ўтказиш ва техник хизмат кўрсатиш, реконструкция ва модернизация қилиш учун ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланишни назорат қилиш;
- амортизацияни тўғри ҳисоблаш ва бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттириш;
- асосий воситаларни сотиш ва бошқа чиқиб кетишидан молиявий натижаларни тўғри аниқлаш;
- асосий воситаларни сақлаш билан боғлиқ (техник кўрикдан ўтказиш, ишчи ҳолатида сақлаш ва бошқа) ҳақиқий харажатларни аниқлаш;
- бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган асосий воситаларни сақланишини назоратини таъминлаш;
- асосий воситалардан фойдаланишни таҳлил қилиш;
- молиявий ҳисоботларда очиб бериш керак бўлган асосий воситалар тўғрисидаги ахборотларни олиш.
Асосий воситалар корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар сифатида белгилаб ўтилган. Асосий воситалар активларни асосий қисмини ташкил қилади ва шунинг учун молиявий ҳисоботда унинг молиявий ҳолатини кўрсатишда катта аҳамиятга эга бўлади. Агар корхонага келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий фойда келиб тушишига ишонч бўлса ва актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлса асосий воситалар актив сифатида тан олинади.
Бухгалтерия ҳисобида узоқ муддатли мулкларни асосий воситалар сифатида тан олиниши учун уларни юқорида келтирилган аниқлашлар мос келиши камлик қилади. Асосий воситалар таркибига бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларга жавоб берадиган моддий активлар киритилади:
- бир йилдан ортиқ хизмат қилиш муддати;
- бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикаси (харид пайтида) белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.
Корхона раҳбари ҳисобот йилида буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун уларнинг энг кам қийматини белгилангандан пастроқ чегарасини белгилашга ҳақли. Корхона раҳбари буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини белгилашда корхонанинг ўзига хос хусусиятларига асосланиши мумкин. Масалан, корхонанинг 2021 йил учун ҳисоб сиёсатининг «Асосий воситалар» бўлимида «асосий воситалар таркибига бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларга жавоб берадиган моддий активлар киритилади: а) бир йилдан ортиқ хизмат қилиш муддати; б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикаси (харид пайтида) белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг миқдорининг 40 бараваридан ортиқ бўлган буюмлар» деб келтирилиши мумкин.
Бунда хизмат муддати ва қийматидан қатъи назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:
- махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни туркумлаб ва ёппасига ишлаб чиқариш учун ёки якка тартибдаги буюртмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган, мақсадли йўналтирилган асбоблар ва мосламалар);
- махсус ва санитария кийим-кечаклари, махсус пойабзаллар;
- кўрпа-тўшак анжомлари;
- ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган асбоблар ва бошқалар);
- ошхона анжомлари, шунингдек ошхона учун дастурхон-сочиқлар;
- тикланиши бўйича харажатлар қурилиш-монтаж ишлари таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул иншоотлар) мосламалар ва қурилмалар;
- камида бир йиллик фойдаланиш муддатига эга бўлган алмаштириладиган ускуналар;
- ов қуроллари (траллар, тўрлар, қармоқлар, матраплар, мережалар ва бошқалар).
Шунингдек қуйидагилар ҳам асосий воситалар бўлиб ҳисобланмайди:
- ўрнатишга берилган ёки ўрнатиладиган, йўлдаги буюмлар;
- капитал ва молиявий қуйилмалар.
Одатда корхоналарда асосий воситаларга қуйидагилар киради: бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар, ишлаб чиқариш линиялари, ишчи ва кучлантирувчи машина ва асбоб ускуналар, ўлчов ва бошқарув ускуналари ҳамда жиҳозлари, ҳисоблаш техникаси, транспорт воситалари, ускуналар, ишлаб чиқариш ва хўжалик инвентарлари ҳамда жиҳозлари, хўжалик ичидаги йўллар ва бошқалар.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки бозор иқтисодиёти шароитида марказлаштирлган режали иқтисодиётдан фарқли равишда бухгалтерия ҳисобида асосий воситаларнинг янги объект (тур) лари қонунчиликга мувофиқ корхона мулкдорлигига берилган ер участкалари сифати вужудга келади ва ҳисобга олинади.
Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлиги бўлиб инвентар объекти ҳисобланади. Бунда, асосий воситаларнинг инвентар объекти сифатида барча қурилмалари ва анжомларига эга бўлган объект ёки муайян мустақил вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида конструктив асосдаги буюм тан олиниши керак.
Икки ёки ундан ортиқ корхона улушли мулкдорлигида бўлган асосий воситалар ҳар бир корхона томонидан бошланғич қиймати бўйича шерикнинг асосий воситалар ва ўз навбатида мустақил инвентар объекти бўладиган унга тегишли умумий мулкдаги унинг улуши (умумий асосий воситаларнинг қисми) га тенг миқдорда ҳисобга олинади.
Асосий воситаларни бухгалтерия ҳисобини ва уларни сақланиши назоратини ташкил этиш мақсадида асосий воситаларнинг ҳар бир инвентар объектига уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилишда ва қабул қилишни бошланғич ҳужжатлари расмийлаштиришда тартибли-серияли тизим бўйича тегишли инвентар рақамлари берилади. Инвентар рақам инвентар объектнинг ўзида бўёқ, темир жетон, клейма ёки бошқа усуллар билан акс эттириладиган. Кўп йиллик ўсимликлар, ерни мелоратив ҳолатини яхшилаш бўйича капитал харажатлар ва ҳаказолар бундан мустасноликни ташкил этади. Бунда инвентар рақамларни биноларга 001 дан 099 гача, иншоотларга 100 дан 199 гача, узатиш мосламаларига 200 дан 299 гача, транспорт воситаларига 300 дан 399 гача ва хаказолар бериш тавсия этилади.
Ҳар хил фойдали ишлатиш муддатига эга ва алоҳида инвентар объекти сифатида ҳисобга олинган бир нечта қисмларга эга бўлган инвентар объектларининг ҳар бир қисмига алоҳида инвентар рақам берилади. Агар бир неча қисмлардан иборат объект бўйича объектлар учун умумий фойдали ишлатиш муддати белгиланган бўлса, у ҳолда кўрсатилган объект битта инвентар рақам билан ҳисобга олинади.
Асосий воситалар инвентар объектига берилган инвентар рақам унинг мазкур корхонада бўлган бутун даври давомида (шу жумладан объектни оператив ижарага топширишда, захирага чиқарилганда, капитал таъмирлашда, консервация қилинганда, реконструкция қилинганда ва ҳаказоларда) сақланиб қолади. Чиқиб кетаётган асосий воситалар инвентар объектларининг инвентар рақами чиқиб кетиш йили тугагандан кейин беш йил давомида бухгалтерия ҳисобига янгидан қабул қилинган инвентар объектларга бермаслик тавсия этилади.
2.2. Асосий воситаларнинг келиб тушиши ва баҳоланиши Мулкка эгалик, хўжалик юритуви ёки тезкор бошқарув ҳуқуқи асосида корхонага тегишли бўлган асосий воситаларнинг қиймати корхона балансига киритилиши лозим.
Асосий воситалар актив сифатида тан олинганда улар бошланғич қиймат бўйича баҳоланади. Бунда бошлағич қиймат бўлиб тўланган ва қопланмайдиган солиқларни (йиғимларни), шунингдек активни ундан мўлжал бўйича фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва исталган бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда, асосий воситаларни тиклаш (қуриш ва қуриб битказиш) ёки харид қилиш бўйича қилинган харажатларнинг қиймати тушунилади.
Амалиётда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати уларнинг келиб тушиш манбаидан келиб чиқиб аниқланади. Асосий воситалар корхонларга келиб тушиш манбаи бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- капитал қўйилмалар тугаганидан сўнг тикланган объектни қабул қилиш-топшириш;
- олди-сотди шартномаси бўйича сотиб олиш;
- таъсисчиларнинг устав капиталига қўйилмалари;
- текинга келиб тушиш (ҳадя шартномаси бўйича);
- айирбошлаш;
- товар-моддий захиралар таркибидан ўтказиш;
- молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олиш;
- қиймати аниқланган асосий воситаларга капитал қўйилмалар;
- ортиқча (ҳисобга олинмаган) асосий воситаларни аниқлаш;
- асосий воситаларни корхонанинг таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган корхонанинг мол-мулки таъсисчилари ўртасида тақсимланганда олиш;
- асосий воситаларга бўлган мулк, хўжалик юритиш ёки тезкор бошқарув ҳуқуқлари олинишига олиб келадиган бошқа операциялар ва ҳодисалар.
Асосий воситалар корхона балансига харид қилиш қиймати (етказиб берувчига тўланган сумма) ва асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олган бошланғич қиймати бўйича киритилиши лозим.
Асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ тегишли харажатлар амалга оширилган ҳолларда уларнинг бошланғич қиймати шу харажатлар суммасига кўпаяди.