АВВАЛО ЎРТАЧА ИШ ҲАҚИНИ БЕЛГИЛАЙМИЗ
Таътилга ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (бундан кейин - 133-сон Тартиб) 1-банди билан белгиланган тартибда ҳисобланади. Ҳисоб-китоб тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошига ҳисоблаш даврида белгиланган тариф ёки маошдан ошган сумманинг 1/12 қисмини қўшган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Тарифдан ортиқ тўловларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради. Бундай ҳисоб-китоб доимий тусда бўлмаган барча тўловларни (мукофотлар, иш вақтидан ташқари ишлар ва ҳоказо) ҳисобга олиш имконини беради, бу эса таътил пули суммасини кўпайтиради.
Иш ҳақи (лавозим маоши)нинг тариф қисмидан ошадиган тўловларни белгилаш учун ходим таътилга чиқишидан аввалги 12 ойга тенг ҳисоб-китоб даври инобатга олинади. Агар у ой бошидан эмас, масалан, 2014 йил 17 мартдан таътилга чиқса, ҳисоб-китоб даври жорий йилнинг февралидан ҳисобланиб, 12 ой орқага, яъни 2013 йил мартига қадар қайтилади. Таътил пули (тарифдан ташқари 1/12 қисм) суммаларини аниқлаш учун ҳисоб-китоб даври ҳар доим, таътил қандай давр учун берилишидан қатъи назар, бир хилда - унинг бошланишидан аввалги 12 ой учун ҳисобланади.
Биринчи йил ишловчилар учун ҳисоб-китоб даври 12 ойдан кам бўлиши мумкин, чунки биринчи иш йили учун таътил 6 ой ишлагандан кейин берилиши мумкин.
МИСОЛ. Ходимга корхонада 6 ой ишлагандан кейин меҳнат таътили берилди. Таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисоб-китоб даври бўлиб 6 ой ҳисобланади. 7 ой ишлаганда ҳисоб-китоб даври, тегишинча, таътил бошланишидан аввалги 7 ойни ташкил этади ва ҳоказо.
Шу тариқа, ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун қуйидагилар ҳисобга олинади:
тариф ставкалари, маошлар (мансаб маошлари)дан келиб чиққан ҳолда ишланган вақт учун ҳисобланган иш ҳақи;
ишбай нархлар бўйича бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
маҳсулотни реализация қилиш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш)дан олинган тушумдан фоизларда ҳисобланган иш ҳақи ёки воситачилик ҳақи;
пулсиз шаклда берилган иш ҳақи;
мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар. Бунда таъминот суммалари ва бошқа ўтказилган тўловларга ягона ижтимоий тўлов солинмайди, бироқ 2012 йил 1 августдан бошлаб фуқароларнинг суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланади;
илмий даража (агар уларни корхона тўласа) ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;
рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;
компенсация тўловлари;
ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш;
юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар.
СКнинг 172-моддасида юқорида саналган тўловлар солиқ солиш мақсадида меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади.
Ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун меҳнат ҳақига кирмайдиган ва суғурта бадаллари солинмайдиган тўловлар ҳисобга олинмайди (СКнинг 306-308-моддалари). Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ижтимоий суғурта бўйича бадаллар солинади (СКнинг 172-моддаси).
Суғурта бадаллари қуйидаги тўловларга ҳисобланмайди:
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича белгиланган миқдорлардан ортиқча олинган тўловлар;
олий ўқув юртини тугатгандан кейин таътил вақтида ёш мутахассисларга юридик шахслар ҳисобидан тўланадиган нафақалар;
қуйидагилар:
давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва хорижий ҳукумат ташкилотлари;
Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати белгилаган рўйхатга киритилган халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотлари томонидан;
Ўзбекистон халқаро шартномалари доирасида тақдим этилган грант маблағлари ҳисобига олинадиган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар.
Мулкий даромадлар (СКнинг 176-моддаси), моддий наф тарзидаги даромадлар (СКнинг 177-моддаси), шунингдек бошқа даромадларга (СКнинг 178-моддаси) ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди, шу боис ҳам улар таътил пули ҳисоб-китобига киритилмайди.
Таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (МКнинг 139-моддаси). Шу боис, ҳатто корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса ҳам, таътил 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Таътил пули ҳисоб-китоби ёки фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоб-китобида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисобида ўртача ойлик муддат 25,4 кун миқдорида қабул қилинади (Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг 15.12.1993 йилдаги 1312/12-05/652-сон 40 соатлик иш ҳафтаси ва иш вақти баланси ҳисоб-китоби тартибини жорий этиш бўйича тушунтиришлар). Тегишинча, таътил пули ҳисоб-китоби учун ўртача кунлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақини 25,4 га бўлиш йўли билан аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |