Давлатнинг миллий иқтисодиётни тартибга солишдаги
роли хақидаги назарий қарашлар
Миллий иқтисодиётнинг самарадорлигига кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Айниқса, унинг даражаси кўп жиҳатдан иқтисодиётдаги давлат ёки бозор тизимининг тутган ролига боғлиқ. Чунки миллий иқтисодиётнинг юқори самарадорлигига асосан қуйидаги йўллар орқали эришилади:
1) иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор усулларини қўллаш;
2) иқтисодиётни фақат давлат томонидан марказлашган ҳолда бошқариш;
3) такрор ишлаб чиқариш жараёнига давлатнинг аралашуви ва бозор усулларини уйғунлаштириш. Ҳозирги даврда Ўзбекистоннинг миллий иқтисодиёти ривожи учун кўпроқ учинчи йўл хусусиятли ҳисобланади.
Давлатнинг иқтисодиётдаги роли масаласи илмий асосда биринчи марта А.Смит томонидан кўриб чиқилган. Унинг «Халқлар бойлигининг табиати ва сабабларини тадқиқ қилиш ҳақида» (1776) номли асарида иқтисодиётнинг бозор усуллари орқали ўзини-ўзи тартибга солишининг зарурлиги таъкидлаб ўтилган. А.Смитнинг фикрича, хусусий товар ишлаб чиқарувчилар бозори давлат назоратидан тўлиқ озод бўлиши зарур. Ана шундагина истеъмолчилар талабига мос равишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш имкони мавжуд бўлади. Бунда бозор воситасида тартибга солиш, хар қандай четдан аралашувсиз, ишлаб чиқарувчиларни бутун жамият манфаатлари учун харакат қилишга мажбур қилади.
А.Смит давлатнинг иқтисодий жараёнларга хар қандай аралашуви охир оқибатда фақат вазиятни ёмонлаштиради деб хисоблайди. Масалан, давлат томонидан белгиланган ташқи савдо тартиб-қоидалари миллий истеъмолчиларга фақат зарар келтириши мумкин. Хақиқатдан хам импортга бой тўлови миллий ишлаб чиқарувчиларга устунлик бериб, уларнинг чет ел шерикларига нисбатан рақобатлашув қобилиятини оширади. Аммо бу охир оқибатда ишлаб чиқаришнинг анча юқори харажатлари ва паст сифатини сақланиб қолишига олиб келади. Бундан паст сифатли ва нархи қиммат товарларни сотиб олишга мажбур бўлган миллий истеъмолчилар зарар кўрадилар.
А.Смитнинг «Тинч қўйиш» назарияси, 1929-1933 йилларда бозор иқтисодиётига асосланган деярли барча мамлакатларни қамраб олган иқтисодий инқироз даврида танқидга учради. Иқтисодий таназзул ва оммавий ишсизлик давлатнинг иқтисодий жараёнларга аралашувини кучайтиришни тақозо қилди.
Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини ошириш масаласи Й.М.Кейнснинг «Иш билан бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси» (1936) номли асарида ўз аксини топди. Унда муаллиф давлат фискал (хазинавий) ва кредитли тартибга солиш воситаларидан фойдаланиб, жамиятнинг ялпи талабини рағбатлантиришни ва ахолининг иш билан бандлигини таъминлаши зарурлигини исботлайди.
Амалда гап давлатнинг узлуксиз равишда инқирозга қарши сиёсат ўтказиши, иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларини тугатиш ва саноат иклининг ўзгаришини бартараф етиш хақида кетади. Кейнс назарияси анча тугал шаклда АҚШда амалга оширилди.
Урушдан кейинги даврда Кейнс назариясидаги кўрсатмалар у ёки бу даражада бозор иқтисодиёти амалда устун бўлган барча мамлакатларда фойдаланилди. Шу билан бирга давлатни иқтисодиётдаги ролининг янада кўпроқ ошиб бориши рўй берди. Хозирги даврда давлат томонидан тартибга солишнинг мухим мақсади сифатида нафақат циклга қарши тартибга солиш ва иш билан бандликни таъминлаш, балки иқтисодий ўсишнинг юқори даражасини ва яхлит такрор ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштиришни рағбатлантириш тан олинади.
Иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибланиши ва бошқарилишнинг асосий мақсади иқтисодий мувозанатга эришиш ва шу асосда тушкунлик ва тангликни олдини олиш, ижтимоий ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлаш, миллий иқтисодиёт равнақи учун имкониятлар яратиш, шунингдек аҳолининг турли табақалари ўртасида ижтимоий мувозанатга эришишдан иборатдир.
Иқтисодиётни давлат томонидан тарибга солишда бозор механизмини самарали ишлаши учун шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда давлат рақобатни рағбатлантириш орқали бозор тизимини сақлашни ўз зиммасига олади. Бунда давлат қўйидаги механизмлардан фойдаланади:
иқтисодий субъектларнинг фаолият қоидаларини белгилашдан;
аҳолини бозор шароитлари, иқтисодиётнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотлардан хабардор қилишдан;
иқтисодиёт субъектлари ўртасидаги мунозара, баҳс зиддиятларни ҳал қилишда кумаклашиш чора тадбирларини кўради.
Давлатнинг иқтисодиётни тартиблаш механизмида жамиятда сиёсий, ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида аҳолининг иқтисодий жиҳатдан ночор яшаётган гуруҳларини ижтимоий ҳимоялаш мухим ўрин эгаллайди.
Шу мақсадда давлат даромадларини қайта тақсимлашни амалга оширади. Ундан ташқари жамиятда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳам иқтисодни тартиблашнинг муҳим механизми ҳисобланади. Бу механизм ёрдамида иқтисодиётда руй берадиган циклик ўсиш салбий оқибатларини енгиб ўтишга кўмаклашади. Иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишда қўйидагилар муҳим аҳамият касб этади.
Давлат ўз мулкига таянган ҳолда бошқа мулк субъектлари сингари тадбиркорлик билан шуғулланиш, ҳеч қачон монопол мавқэга эга бўлмаслиги лозим. Демак, давлат мамлакат ишаб чиқариш воситаларининг бир қисмига эга сифатида бевосита ишлабчиқариш жараёнини ташкил қилади, режалаштиради ва уни назорат қилади. Ушбу фаолият орқали бошқа секторларнинг ривожланишига кўмаклашади, чунки у янги техника – технолгия, фан-техника инқилобини амалга ошириш имкониятига эга, шу орқали мамлакат иқтисодиётини самарали ривожланиши учун имконият яратишга хизмат қилади. Бунга имкон берадиган асосий тармоқлар, яъни ер ости бойликлари. Ресурслари – олтин, нефтъ, газ, кўмир, рангли металлар, стратегия хом ашёлари, энергетика, темир йўл, автомобил йўллари унинг қўлида, улар умумий мақсад йўлида ишга солиниши лозим. Ушбу давлат корхоналари ва улар тармоқларидаги ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни паст даражадаги ёки ишлаб чиқариш харажатларига яқин бўлган (таннархга) баҳоларда сотиш лозим, бу билан аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари давлат хусусий, жамоа, ширкат, фермер ва бошқа тоифадаги корхоналардан товарлар сотиб олиши (бундай ҳолат хусусан айрим товарлар маҳсулотларга талаб паст бўлиб, нархлар пасайган пайтларда катта аҳамият касб этади), нархлар стабиллашиб, ушбу товарларга талаб ўсиб бориши жараёнида, бозорларда нарх бирдан ошиб кетмаслиги учун ушбу сотиб олинган товарларни ва маҳсулотларни сотишга чиқаради, бу эса нархларнинг ҳаддан ошиб кетишига имкон бермайди, аҳолини зарар кўриши олдини олишга имкон яратади.
Давлатнинг бундай тадбири иқтисодиётни тетиклантиради деб таъкидлаган эди инглиз иқтисодчиси Жон Кейнс.
XX асрнинг 70-йилларига кели,иқтисодий назариянинг монетаризм ва унинг “рейгономика” , тэтчеризм каби кўринишларида давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш ғояси олға сурилди.Бу давр талаби эди.Иқтисодиёт анча жонланди.Лекин бозорнинг ўз-ўзини бошқаришдаги камчиликлар натижасида 2008 йилда бошлаган жаҳон молиявий иқтисодий инқирози бу муоммога бошқача кўз билан қарашга мажбур қилди.Лондон шахрида 2 апрел куни бўлиб ўтган жаҳоннинг эгнг ривожланган 20 та мамлакати раҳбарларнинг саммитида бир овоздан давлат иқтисодиётга аралашуви керак дэган фикр ўз тасдиқини топди.
Do'stlaringiz bilan baham: |