Дифференциал диагнози. Сарамас касаллигини эритема, дерматит, эризипелоид, флегмона, чақалоқлар некротик флегмонаси, лимфангит, тромбофлебит ва куйдиргидан фарқлаш керак.
Давоси. Сарамас билан оғриган беморлар шифохона шароитида даволанади. Уларни алоҳида палатага изоляция қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Касалларга ётоқ режими буюрилади. Касаллик оёқ-қўлларда жойлашган бўлса, улар иммобилизацияланади. Юқори калорияли, витаминларга бой овқатлар ва кўп суюқлиқлар ичиш тавсия этилади.
Бошқа йирингли касалликларда бўлгани каби сарамасда ҳам даволаш йирингли инфекцияни даволашнинг 3 та қоидаси асосида олиб борилади. Касалликнинг эритематоз ва буллёз шакллари тўлиғича консерватив даволанади.
Касалликнинг флегмоноз ва гангреноз шаклларида даволаш янада фаолроқ ўтказилади. Беморларга бир гуруҳли қон, унинг плазмаси, антистрептококкли вакцина, гемодез, реополиглюкин, кокарбоксилаза, десенсибилизацияловчи дорилар, витаминлар, антибиотиклар ва сульфаниламид препаратлар (стрептоцид, этазол, сульфадиметоксин ва ҳ.) буюрилади. Маҳаллий томондан йирингли ўчоқлар кесилади, дренажланади ва некротик тўқималар кесиб олиб ташланади.
Лимфангит
Лимфа томирларининг яллиғланишига лимфангит дейилади.
Этиопатогенези. Касалликни асосан стафилококк, стафилококк ассоциациялари кам ҳолларда стрептококк, протей ва ичак таёқчаси чақиради. Лимфангит одатда иккиламчи бўлиб, жароҳатлардан, тери ва шиллиқ қаватларнинг йирингли-яллиғланиш касалликларидан сўнг ривожланади. Лимфангитнинг келиб чиқиши бола организми реактивлигига, бирламчи ўчоқнинг жойлашган соҳасига, микробларнинг вирулентлигига ва лимфа системасининг анатомо-физиологик хусусиятларига боғлиқ бўлади.
Классификацияси. В.И.Стручков (1984) бўйича яллиғланиш характери ва даражасига қараб: оддий (серозли) ва йирингли лимфангит; кечишига қараб: ўткир ва сурункали лимфангит; қайси томирлар зарарланишига қараб: капилляр ва стволли лимфангит фарқланади.
Клиникаси. Касаллик бирламчи ўчоқда асосий касалликнинг авж олиши ва лимфангитга хос маҳаллий ва умумий клиник белгиларнинг пайдо бўлиши билан бошланади.
Маҳаллий томондан шиш, қизариш, қичишиш, ачишиш, оғриқ ва маҳаллий ҳароратнинг кўтарилиши аниқланади. Қизариш характери яллиғланишнинг қайси томирларда жойлашишига ва касаллик шаклига қараб ҳар хил бўлади. Капиллярли лимфангитда қизариш яққол юзага чиқади, у сарамаснинг эритематоз шаклини ёки куйишнинг биринчи даражасини эслатади, лекин ушбу касалликда қизариш чегараси улардагидек аниқ бўлмайди. Стволли лимфангитда қизариш бирламчи ўчоқдан яқин атроф лимфа тугунларига қараб кетган алоҳида қизил ҳошиялар кўринишида кўзга ташланади. Бунда лимфа томирлари бўйлаб ипсимон, оғриқли ҳосила пайпасланади. Агарда яллиғланиш жараёни чуқур лимфа томирларда жойлашган бўлса, терида қизариш бўлмайди, шиш ва оғриқ сақланиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |