Омфалит Киндик чуқурчаси ва унинг атроф тўқималари билан биргаликда яллиғланишига омфалит дейилади.
Этиопатогенези.Касалликни асосан стафилококк, стафилококк ассоциациялари, кам ҳолларда стрептококк ва ичак таёқчалари чақиради. Инфекция киндикдан атроф тўқималарга, киндик томирларига ва қонга тарқалиши мумкин. Бунда киндик артериялари зарарланганда тромбоартериит, веналари зарарланганда эса тромбофлебит клиникаси юзага чиқади.
Клиникаси. А.И.Ленюшкин бўйича омфалитнинг кечишига қараб: оддий, флегмоноз ва некротик шакллари тафовут қилинади.
Омфалитнинг оддий шакли киндик қолдиғи тушгандан сўнг киндик жароҳатининг узоқ вақт битмай юриши билан характерланади. Киндикдан серозли ёки сероз-йирингли ажралма келиб туради. Баъзан ажралма тўхтагандай бўлиб кўринади ва киндик қобиқ билан қопланади. Қобиқ олиб ташланганда йирингли-геморрагик ажралма келади.
Касалликнинг флегмоноз шакли йирингли жараённинг атроф тўқималарга тарқалиши билан кечади. Бунда киндик чуқурчаси қизаради, шишади ва қорин олдинги деворидан бўртиб туради. Пайпаслаганда ўша соҳа зич ва оғриқли бўлади. Киндик тери ҳалқаси билан ўралган, фибриноз қоплама билан ёпилган ярани эслатади. Киндик атрофи босиб кўрилганда киндикдан йирингли ажралма келади
Омфалитнинг некротик шаклиодатда нимжон, иммунитети паст ва паратрофик бўлиб туғилган чақалоқларда учрайди. Касаллик флегмоноз шаклига ўхшаш бўлиб бошланади. Аммо бунда маҳаллий жараён нафақат атрофга, балки чуқурда жойлашган тўқималарга тезликда тарқалиши билан характерланади.
Омфалит кўпинча сепсис, перитонит, жигар ва ўпка абсцесслари, гематоген остеомиелит, мастит каби асоратларни келтириб чиқаради.
Дифференциал диагнози. Омфалитнинг оддий шакли киндикнинг туғма оқмалари билан, некротик шакли эса чақалоқлар некротик флегмонаси билан таққосланади. Киндикнинг туғма нотўлиқ оқмаларини инкор этиш мақсадида оқма зондланади ва фистулография қўлланилади.
Давоси. Омфалит билан оғриган беморларни даволаш касалликнинг қайси шаклда кечишидан, унинг оғирлик даражасидан ва маҳаллий жараён характеридан келиб чиққан ҳолда олиб борилади.
Касалликнинг оддий шаклида беморлар консерватив йўл билан даволанади..
Омфалитнинг флегмоноз ва некротик шаклларида даволаш йирингли инфекцияни даволашнинг 3 та қоидаси асосида комплекс равишда амалга оширилади. Беморларга кенг спектрли антибиотиклар буюрилади ва улар антибиотикограмма асосида ўзгартирилиб турилади.
Флегмоноз шаклида киндик атрофидаги шиш устидан кесилади ва йирингли бўшлиқлар дренажланади.
Касалликнинг некротик шаклида эса атроф соғлом тўқималари билан биргаликда кўп сонли кесмачалар (насечки) қилинади
Мастопатия Сут безининг физиологик равишда бўртишига мастопатия дейилади.
Мастопатия одатда ҳомиладорлик даврида она қонидаги эстроген гармонларнинг плацента орқали ҳомилага ўтиши ҳисобига ривожланади.
Чақалоқ туғилгандан сўнг (3-8 кунлари) сут бези катталашганлиги кўзга ташланади. Кўпинча иккала сут бези ва кам ҳолларда ўнг ёки чап сут бези катталашади.
Давоси. Мастопатияда махсус даво чоралари қўлланилмайди. Сут безига инфекция туширмасликка, яъни гигиена қоидаларига риоя қилишга асосий эътибор қаратилади. Сут безини массаж қилиш ёки сиқиш қатъиян ман этилади. Сут бези 2-3 ҳафтадан сўнг ўз ҳолатига қайтади.