Курсишнинг назарий аҳамияти. Тадқиқотнинг назарий аҳамияти унинг илмий янгилиги ва тадқиқот методларининг янгилиги, ишончлилиги даражасидан келиб чиқади. Бўлажак ўқитувчилар психологик хусусиятлари ҳамда коммуникатив кўникмаларининг ўрганилиши педагогик психология ва умр даврлар психологияси соҳаларини илмий хулосалар билан бойитади, соҳалараро ва предметлараро илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, тадқиқотда қўлланилган назарий ва амалий ёндашувлардан таълим психологиясига алоқадор бошқа соҳаларни ўқитишда ҳам маълум даражада фойдаланиш имкониятини беради.
Курс ишнинг амалий аҳамияти шундаки, олинган натижалар асосида бўлажак ўқитувчилар учун таълим жараёнини шакллантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади. Бундай тавсиялар бўлажак ўқитувчилар учун таълим-тарбия жараёнида комммуникатив кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, умумлаштирилган натижалар педагогик психология тадқиқотларини янги маълумотлар билан бойитади.
Курс ишнинг тузилиши. Курс иш кириш, икки боб, тўртта параграф, учта жадвал, амалий тавсиялар, адабиётлар рўйҳати ва иловалардан иборат.
I боб. Ёш педагог ходимларида комуникатив кщникмаларни шакллантиришда психоконсултацияни ўрганишнинг методологик муаммолари
1.1. Шарқ мутафаккирларининг ўқитувчи психологияси ҳақидаги қарашлари.
Ўқитувчи мутахассисларини тайёрлаш ва ўқитувчи қандай фазилатларга эга бўлиши ҳақидаги муаммо қадим замонлардан бошлабоқ мутафаккирларнинг диққатини жалб қилиб келган.
Шарқдаги калом илмининг асосчиларидан бири Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (870-946) ҳазратлари маънавият оламида алоҳида ўрин эгаллайди. Муаллиф ёшлар руҳиятида кучли эътиқод ва тафаккурни шакллантириш учун мажбурлаш воситаси билан эмас, балки уларнинг қалбини, руҳиятини кашф қилиш орқали муқаддас эътиқодни уларда юзага келтириш ғоясини илгари сурди. Унингча, одам боласи зулмпеша бўлиб туғилмайди, нотўғри шахслараро муносабатлар, муҳит уни зулмпешага айлантириши мумкин. Шундай экан, қўлингиздан келса одам боласига тўғри йўлни кўрсатинг2, дейди аллома. У бу билан бола – вояга етган инсон муносабати уйғунлигига ишора қилади.
Шарқнинг буюк мутафаккири Абу Наср Форобий (870-950) ўқитувчи фаолияти масаласига тўхталиб, шундай деган эди: «Ўқитувчининг вазифаси доно давлат раҳбари вазифасига ўхшаб кетади. Шу сабабли ўқитувчи ҳам кўрган ва эшитганларининг барчасини яхшилаб эсда сақлаб қолишни билмоғи, ақл-фаросатга, чиройли нутқга эга бўлмоғи ва ўқувчиларга айтмоқчи бўлган фикрини тўла ва аниқ ифодалай олишни билмоғи зарур. Ўқитувчи фақат фан билангина шуғулланиб қолмай, балки ўз билимларини ўз ўқувчиларига ҳам бериши, бунда машаққатли меҳнатдан чарчаш нималигини билмаслиги лозим. Ўқитувчи май (спирт) ичимликларни истеъмол қилишдан ўзини тийиши, ҳақиқатчи бўлиб ёлғонни ва ёлғон айтганни ёмон кўриши, ғурурли бўлиши ва ўз ор-номусини қадрлаши, ўзининг ўқувчиларига нисбатан адолатли бўлиши, кўзлаган мақсадига эришишда қатъийлик кўрсата билиши лозим».
«Бундай одам, - деган эди Фаробий, инсонийликнинг юксак даражасига эга бўлади ва бахт чўққисига эришади… Бу эса ҳар қандай хатти-ҳаракатдан хабардор бўлган ва ҳаракатлар туфайли бахтга эриша оладиган одамдир».
Унинг мулоҳазасича, инсонга уни гўзал амоллар қилиш учун йўналтирадиган одат маҳсули бўлмиш етук хулқ лозим. Хулқнинг яхшилиги хатти-ҳаракатларда меъёр қай даражада сақлангани билан белгиланади. «Одоб шундай нарсаки, у орқали инсон муайян хулққа эга бўлади ёки бир хулқдан ўзига дуч келган бошқа бир хулққа ўтади, яъни у қисқа ёки давомли вақт жараёнида одоб туфайли бирор фаолиятни кўп марта такрорлайди3».
Одобни мутафаккир бадавлатнинг давлатини безайдиган ва камбағалнинг камбағаллигини ўғирлайдиган ахлоқий ижтимоий ҳодиса деб таърифлайди. Муаллиф «Фусусулмадани» рисоласида ёзишича, инсон ҳеч қачон ноқобил бўлиб туғилмайди, шунингдек, ҳеч қачон бирор ҳунар эгаси бўлиб дунёга келмайди. Бироқ ҳар бир кишида бирон бир фазилатликка ёки қабиҳликка мойил қобилият бўлади, оқибатда ёшлигидан у ёки бу соҳага мойиллик кўрсатади ва унга интилади.
Аллома Абу Райҳон Беруний (973-1048) ўзининг «Минерология», «Геодезия», «Ҳиндистон», «Ўтган авлодлар обидалари», «Руҳият ва таълим-тарбия ҳақида» номли асарларида инсон шахсининг хусусиятлари, унинг камолоти, хаёл - идроки, сабр - тоқат, камтарлик каби иродавий ва характерологик сифатларига ижтимоий-педагогик нуқтаи назардан туриб ёндашади.
Ахлоқ - одоб эгаси бўлган инсон энг аввало ўз хулқ - атвори, муомала мароми, турмуш тарзи, оилавий муҳит барқарорлиги ҳақидаги фикрлари билан оила этикаси ва педагогикаси намунасидир. Инсон ўз эҳтиросларига ҳукмрон, уларни ўзгартиришга қодир, ўз руҳи ва танасини тарбиялар экан, салбий жиҳатларни мақтагудек нарсаларга айлантиришга, уни маънавий шифокорлик билан даволашга ҳамда аста-секин, ахлоқ ҳақидаги китобларда кўрсатилган усуллар билан иллатларни бартараф этишга қодирдир4.
Ўрта Осиёлик атоқли олим Абу Али ибн Сино (980-1037) фикрича ўқитувчи матонатли, соф виждонли, ростгўй ва болани тарбиялаш методларини ҳамда ахлоқ қоидаларини яхши биладиган одам бўлмоғи лозим. Ўқитувчи ўқувчининг бутун ички ва ташқи оламини ўрганиб, унинг ақл қатламларига кира билмоғи лозим. Олим фикрича ўқувчига қаратилган ҳар бир сўзни ўқитувчи имо-ишоралар билан тўлдириб бормоғи лозим.
Абу Али ибн Синонинг таълим жараёнида турли метод ва усулларни қўллаш тўғрисидаги фикрлари муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки шундай шароитдагина ўқитувчи ҳар бир ўқувчининг қобилият ва лаёқатини аниқлаб, унинг келгусида ўз касбини танлаб олишига ёрдам бера олади.
Мутафаккирнинг фикрича ўқитувчи бу доноликдир. У ҳисоб-китоб ва яхшилик қилиш бўйича қандайдир яхши ва фойдали ишдир. «Ҳисоб-китоб бўйича нимадир қилинади, нимадир олинади: олинган нарса ҳамма вақт кўзга кўринавермайди, чунки у яхши ном, хурсандлик, оддийлик, ёки умуман хоҳлаган биронта нарса бўлиши мумкин. Қаерда алмашиниш мавжуд экан, дарҳақиқат ўша жойда ҳисоб-китоб ҳам мавжуддир. Оддий халқ тилида ҳисоб-китоб деганда ўртоқлар ўртасидаги ўзаро фикр ва нарса алмашиниш тушунилади. Мақташ, рағбатлантириш, алмашиниш предметига кирмайди. Лекин ақл-фаросатли одам ёққан ҳар қандай нарсани фойдали деб билади. Яхшилик эса мукофот ўрнини босолмаганидек, биронта хулқ-атвор ҳам бўла олмайди, балки бу яхшилик қандайдир беғаразликдан келиб чиқади. Демак, ўқитувчининг барча ҳаракатлари фақат яхшиликдир», деб жуда юқори баҳолаганлар.
У бола камолотига умуминсоний тамойилнинг қўлланилишини ёқлайди ва тарбиячи, ота-оналарга уни қаттиқ тана жазосидан фарқли ўлароқ, шахсий ибрат орқали тарбиялаш маъқуллигини уқтирган. Ибн Сино ўзининг «Тадбири манзил» асарининг катта бир бобини оила ва оилавий масалаларга бағишлаганлиги тасодифий эмас. Ибн Сино оила бошлиғи олдига катта талаблар қўяди, фарзандларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибат туйғуси орқали тарбиялаш, илиқ руҳий муҳитни яратишни уқтиради. Оиладаги нохуш тарбия фақат шу оилагагина салбий таъсир қилиб қолмасдан, балки бошқа оилаларга ҳам худди шундай таъсир қилишини оқилона тарбия оила бахтининг муҳим асоси эканлигини таъкидлайди. Ибн Сино бола ёмон ҳарактер ҳислатнинг эгаллашини кутмасдан туриб, уни ижобий фазилатлар билан таништириб, болага яхши одобни сингдириш керак5, - деб ёзади. Унинг таъкидлашича, шароит (муҳит) қандай бўлишидан қатъий назар, фарзанд камолоти ота-оналарнинг асосий вазифасидир, улар давлат бошлиғими ёки жамиятнинг оддий бир аъзосими, бари бир тарбия масаласида улар учун бир хил талаб қўйилиши керак, чунки бу ижтимоий эҳтиёждир.
Ўқитувчи олий инсоний ҳислатларга эга бўлиши зарур эканлигини Шарқ мутафаккирларидан Насриддин Туси (1201-1274) ҳам «Ўқувчиларни тарбиялаш ҳақида» номли трактатида таъкидлаб ўтган.
Насриддин Туси фикрлари ғоятда катта қизиқиш уйғотди. У ўқитувчи олдига шундай талабларни қўяди. Ўқитувчи мунозараларни олиб боришни, ўз фикрининг тўғрилигига ишониш, нутқи эса мутлақо тоза, жумлалари мантиқий ифодаланадиган бўлиши лозим. Ўқитувчи соф виждонли, ростгўй, шошмасдан, ишончли қилиб қатъий гапирадиган бўлиши лозим. «Ўқитувчи нутқи, - деб таъкидлайди Туси, - ҳеч қачон ва ҳеч қаерда заҳарҳандали, қўпол бўлиши мумкин эмас. Дарс пайтида ўқитувчининг ўзини тута олмаслиги ишни бузиши мумкин. Ўқитувчи ўз нутқида ҳаётий далилларни, мақолларни, ота-боболаримиз, қадимги аждодлармиз фикридан мисолларни келтириши лозим. Бу эса ҳар қандай ҳолатда фойдалидир».
Шунингдек, Умар Ҳайём (1048-1123) асарларида ўқувчиларнинг билимларни тўла, чуқур ва онгли равишда ўзлаштиришлари, кўникма ва малакаларни эгаллашлари ҳамда уларни мустақил билим ўзлаштиришга тайёрлаш йўллари тўғрисида кўпдан-кўп фикрларни берган. Умар Ҳайём таъкидлаб ўтадики, ўқувчилар билимларни фақат ўқитувчининг берган маълумотлари ва китоб ўқиш билангина эмас, балки ҳаётий ҳодисаларни бевосита ўрганиш жараёнида, кўникма ва малакаларни эса амалиётда, айнан битта ҳаракат ва амалларни кўп марталаб қайта-қайта такрорлаш, турли операциялар ва шу кабилар натижасида ҳам эгаллаб оладилар. Хулоса қилиб айтганда, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш зарурлиги кўрсатилади. Талабалар билимларини мустақил ўзлаштириши кераклиги айтилади. Умар Ҳайём билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга ҳудди шундай ёндошишни ҳамма вақт эслатиб, ўқувчиларни фикр юритишга рағбатлантирар эди. Шунинг учун ҳам у «Сен осонгина ўйлаяпсан», «Кўп ўйлаб мақсадга эришиш мумкин», «Бир оз ўйлагандан кейин сен тушуниб оласан», деб таъкидлар эди ва бу билан ўқувчилар руҳига таъсир қилиб уларни мустақил фикр-мулоҳаза юритишга ундар эди.
Ўқитувчи махсус қобилият, истеъдодга ҳам эга бўлиши керак. Истеъдодсиз шоирлар ўз даврида улуғ шоир А.Навоий (1441-1501) томонидан танқид қилинган эди. А.Навоий ўзининг «Мажолисун - нафоис» (1491йил) 400 дан ортиқ шоирларнинг ижодиётини адабий томондан танқидий таҳлил қилади. Алишер Навоийнинг бу асари XV асрдаги ўзбек шоирларининг адабий қобилиятни ривожлантиришда, классик шоирларнинг, замондош шоирларнинг ижодиётдаги тажрибаларини, шу билан бирга уларнинг ҳарактери, ирода кучи ва бошқаларни ўрганишда муҳим рол ўйнади.
Турмуш маданияти, одоб-ахлоқ, шахс камолоти борасидаги ўзига хос бетакрор фикрлар сохиби буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ўрни ва аҳамияти нафақат Шарқ халқлари, балки жахон илғор тараққийпарвар олимлари учун бебаходир. Унинг «Махбуб-ул-қулуб» асари буюк алломанинг таълим-тарбия, ахлоқ-одоб, маиший - турмуш муаммоларига бағишланган йирик рисоладир. Навоий бу асарида фарзанднинг ота-онаси, ота-онанинг эса фарзанди олдидаги бурчлари ва оилавий муносабатлар моҳияти юзасидан фикр юритади. Катталарнинг ўзаро ҳамда уларнинг болалари билан муносабатлари ибрат-намуна, мезон сифатида ижобий фазилатлар шаклланишига манба ва асос бўлиши таҳлил қилинади6.
Кайковус Унсурулмайони Ўрта Осиё ва умуман Шарқ фалсафаси ва педагогикасига муносиб хисса қўшган олимдир. Қобусномадаги асосий ғоя - ёшларни ота-оналарни хурмат қилишга, уларни эъзозлашга чақиришдир. Муаллифнинг бу борадаги фикрлари пандноманинг «Ота-она хаққини билмоқ зикрида» бобида баён этилган. Кайковус ота-она ўз фарзанди учун, хатто ўлимга ҳам тайёр эканлигини таъкидлаш билан бирга уларни асло ранжитмасликлари, аксинча, ширинсуханлик билан муносабатга киришишни уқтириб: «Ҳар бир фарзандки, оқил ва доно бўлса, ота-она меҳр-муҳаббатини адо этмакдин бош тортмагай», - дейди ҳамда бу фазилат ақлли ва доно фарзандга хос нарса эканлигини қайд этади. «Нима эксанг, шуни ўрасан», деган ўзбек ва тожик халқларида кенг тарқалган мақолни ишлатиб, у оилада бола тарбиясининг қўйилиши ана шу муҳим мақол асосида кўрилса, мақсадга мувофиқ иш тутилган бўлади7, деб хисоблайди.
Илғор ўзбек демократик шоирларидан З.Фурқат, М.А. Муқимий, Аваз Ўтар, Завқий каби машхур адиблар ҳам ўз асарлари билан халқ рухига кириб бориб, улар қалбидаги ички дардларни очиб ташлаб халқни маърифатга чорлаган. Маърифатпарвар одамгина ёшларни камол топишига, ҳалқни тўғри йўлга бошлашга етакчилик қила олади, деган илғор илғор фикрларни илгари суриб устозлик вазифасини бажарганлар. Бу шоирлар ўша давр домлаларини яъни ўқитувчиларини таълим-тарбия бериш жараёнини танқид қилиб, уларнинг ўта қаттиққўл, жохиллик, таъмагирлик сифатларини қоралайди. Бу маърифатпарвар шоирлар ўз асарларида ўқитувчи шахси болаларни севиши, уларни тушуниши, хушмуомала, тўғри сўз, меҳнатсевар, билимдон бўлиши зарурлигини уқтиради.
Жумладан, ёзувчи Боту ҳам ёшларни камол топишига алоҳида эътибор бериб, ўзининг қатор психологик-педагогик асарларидаги «Бола нима деганини тингланг», «Бола билан тўғри сўзлашинг», «Бола билан қўпол гапиришманг» каби фикрларини ота-она ва ўқитувчиларга қаратган. У болалар дунёсини, руҳини ва ҳарактерини теран билган ва бошқа ўқитувчиларни ҳам шунга чақирган.
Ўзбекистонда ўзининг илғор ғоялари билан кўзга кўринган А.Авлоний ўз даврида мактабда қўлланиб келинаётган таълим системаси эскирганлигини ўзбек муаллимлари ичида биринчи бўлиб яхши англади. У «Болаларга ҳарфларни овозлар ила танитмоқ, ўқилғон сўзларни ёздириб, маъносини билдирмоқ…» мушкул китобларнинг бадалига имло, иншо, ҳусни хат, илму-ҳол, хисоб, тарих, жўғрофия каби дунёвий илмларни ҳар кимнинг ўз тилида ёзилмиш китоблардан ўқитиб билдирмоқ лозим дейди.
Буюк мутаффаккир А.Авлонийнинг ижтимоий ва педагогик асарларида ахлоқий қарашлар мужассамлашган бўлиб, унинг фикрича, болаларда ахлоқий хислатларнинг таркиб топишида ижтимоий мухит, оилавий шароит ва боланинг атрофидаги кишилар, шахслараро муносабат ғоят катта аҳамият касб этади. Боланинг шахс сифатларига тўхталиб, унда оиланинг ролини таъкидлар экан, «Қуш уясида кўрганини қиладур», дейди. «Инсон жавҳари қобилдир. Агар яхши тарбия топиб, бузуқ хулқлардан сақланиб, гўзал хулқларга одатланиб катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, бахтиёр бир инсон бўлуб чиқар...». Олим оиланинг бола тарбиясидаги ролини бирламчи эканлигини таъкидлаб: «... тарбияни туғилган кундан бошламоқ лозим8», дейди.
Худди шунингдек, Махмуд Қошғарий (XI) ҳам «Девону Луғоти Турк» асарида инсонни психологиясини шакллантирувчи омиллардан таълим-тарбия ва илм фанга оид панду насихатларни берган. У «Илм ҳикмат ўрган, ўрганишда хавойи ва такаббурлик қилма, ҳеч нарса ўрганмасдан ўзини билимдон кўрсатиб, мақтанган киши имтихон вақтида уялади, ачинади9», деган фикрлар билан ёшлар психологиясига билимдонлик, камтаринлик сифатларини сингдиради.
Шунингдек, Қошғарий ўз пандномасида ёшларни билимдонлик рухида тарбиялаш учун зиёли кишиларга эътиборли бўлишини, имкониятларидан фойдаланишни, улардан олган билим ва ҳунарларини ҳаётда амалиётга тадбиқ қилиш зарурлигини уқтириб, «илмли, ақлли, одамларга яхшилик қилиб, сўзларини тингла, илмларини, хунарларини ўрганиб амалга ошир10», дейди.
Худди шу каби ғояни олим, ёзувчи Юсуф Хос Хожиб (XI) «Қутадғу билик» асарида илгари суриб, агар биров сенга бир яхшилик қилган бўлса, сен унга ўн яхшилик қил. Инсонпарвар шахс бўлишининг йўли шу эканини қуйидаги «Кишилик қилишга киши бўл, мудом чин инсон бўлишга шу хил йўл бўлур11», деган сўзларидан билишимиз мумкин.
XI асрда илгари сурилган бу ғоя айни хозирги бизнинг мустақиллик шароитида ҳам ғоят зарур аҳамият касб этади. Юсуф Хос Хожиб «Қутадғу билик» асарида инсонни меҳр-оқибатли, сахий, камтар, хушёр, дадил, эҳтиёткор, кечиримли, ҳунарли, билимли бўлишга чорлайди. Умуман, бу асар инсон психологияси муаммоси масаласида ҳамма учун дарс бера олади.
Инсоннинг ички дунёсини Муҳаммад Авфий (1176-1233) «Жавомео ул хикоёт ва лавозимео ур ривоёт», «Хикоятлар тўплами ва ривоятлар зиёси» асарида ёритишга ҳаракат қилган. унда хаё, тавозе, юмшоқлик, одоб саховат, лутфу карам, сабру тоқат, шижоат, меҳру-вафо каби инсоний хислатлар улуғланган.
Ушбу хислатларнинг акси бўлган, хирсу хасад, таъма ва ёлғончилик, бахиллигу зиқналик, золимлик, хиёнаткорлик каби иллатлар хажв қилинган. Бундан ташқари бу асарда аёллар зийраклиги, ақлу заковати уларнинг хушахлоқлиги ва бадахлоқи ҳақидаги хикоятлар берилган. Бу китоб инсон табиатини ижобий томонган ўзгартиришга мўлжалланган бўлиб, унда хақчил ахлоқий меъёрлар мавжуд. Шунинг учун бу асар ўз даври учунгина илғор бўлиб қолмай, то хозирги кунгача тарбиявий аҳамиятини йўқотмаган.
Ёзувчи Муҳаммад Авфий ялқов, танбал, ношут кишиларни хаётда боридан йўғи афзал деган фикрини қуйидаги ривоятидан анлашимиз мумкин.
«Хусрав I нинг вазири Бузургмеҳрдан инсон учун энг зарур нарса нима, деб сўраган эканлар, у:
- Туғма зеҳн, - деб жавоб берибди.
- Туғма зеҳн бўлмаса-чи? - деб сўрасалар:
- Одоб ва илм ўргансин, - дебди.
- Ўргана олмаса-чи? - деб сўрасалар:
- Мол давлат, зеру зевар орттирсин, бу ҳам кўп айбларни
беркитади, - дебди.
- Эплолмаса-чи?
- Унда сер тавозе ва сер илтифот бўлсин, бу ҳам одамнинг зийнати.
- Бу ҳам қўлидан келмаса-чи?
- Унда бунақа тирикликдан ўлган афзалроқ, ҳам одамлар ундан қутилади, ҳам ўзи ўзидан қутилади12». Бу ривоят ўзининг содда, тушунарли, ҳаётийлиги билан ўқиган ҳар бир инсоннинг психологиясига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Йирик давлат арбоби, қонуншунос, талантли меъмор Амир Темур (1336-1405) кишилар психологиясини яхши билган. У «илми қиёфа» - қиёфага қараб баҳо бериш ва олдиндан тақдирни башорат этиш илмини мукаммал эгаллаган буюк шахс. «Амир Темур ўгитлари» соҳибқироннинг ибратли панд-насихатлари, ўгитларидан ҳам, унинг эл юрт ва фуқаронинг ташвиши ривоятпарварлиги, меҳр-мурувватлигини, мард ва қаҳрамонлигини англаш мумкин. Амир Темур ўзидаги бу олижаноб инсоний сифатларни ҳаётдаги ҳар бир кишида мужассам бўлишини истайди.
Буюк бобомиз Ватани ва миллати билан фахрланиб, «Биз ким - Мулки Турон Амири Туркистонмиз. Биз ким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз13», деб у ўз халқини руҳан тетикликка ва мағрурликка ундайди. Бобомизнинг бу ўгити бизга, айниқса, ҳозирги мустақиллик шароитимизда маънавий ва руҳий мададдир. Амир Темур ўз муомаласи билан ўзгалар психологиясига таъсир қила олганлигини «Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди14», деган фикридан билишимиз мумкин.
ХI асрнинг буюк мутафаккири ва шоири Юсуф Хос Хожиб ўзининг «Қутадғу билиг» - «Саодатга бошловчи билим» - китобида ва ундан кейинги қатор асарларида ўзининг этика ва оилавий хаётга оид қарашларини баён этади. У оиладаги одоб-ахлоқ нормаларига катта қизиқиш билан қаради: катталарни хурмат қилиш кичикларнинг бурчи эканлигини, ўз навбатида, катталар ҳам кичикларни эъзозлаши ҳамма учун бурч, инсоний қадр-қиммат белгиси, деб билди. Бу шахснинг ижтимоий турмушдаги мавқеи ва бажариши лозим бўлган роли тўғрисида фикрлар мажмуасидир. У инсон фақат жамиятдагина камолотга етиши мумкин, мулоқот ва ижтимоий-фойдали меҳнат уни ривожланишининг ва яшашининг мезонидир, деб ҳисоблайди: «Одам ким бўлишидан қатъи назар (шохми, гадоми) аввало инсоний бўлиши керак, чунки дунёда ўлмас бўлиб, фақат инсонийлик қолади. Яхши ахлоқий фазилатларга эга киши - ҳар қандай қимматбахо дурлардан ҳам қимматлидир».
Шоирнинг фикрича, фарзанд кўриш ва унга тарбия бериш ҳар бир инсон учун буюк бахтдир, уларсиз хаётнинг маъноси йўқ. Лекин бу нарса ота-онага жуда катта масъулият юклайдики, унинг уддасидан чиқмоқ, ҳар бир ота-она учун ҳам фарз, ҳам қарздир. У оилавий муҳитни шахс ахлоқий тараққиётининг асоси, деб хисоблаган: «Агар боланинг хулқи ёмон бўлса, бунда боланинг айби йўқ, ҳамма айб - отасида». Ижтимоий аттитюд таъсир туфайли ва унга асосланиб, шахс жамият қонунлари, турмуш мезонлари, оммавий хулқ-атвор намуналари орқали ижтимоийлашиб боради. Худди шунингдек, тил ҳақида Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарида «Тил ақл ва билимнинг таржимонидир15»,- дейди.
Шундай қилиб, Шарқ азалдан маънавият ва ахлоқий тарбия юзасидан илмий-амалий фикрлар яратган алломалар юрти бўлиб келган ва буни Ғарб ҳам тан олган. Юқоридаги қисқача таҳлил мукаммал ва тўла бўлмаса-да, лекин бизга ўқитувчи фаолияти мисолида халқимиз меросининг бойлигини ва бу бойлик қадрият, ижтимоий феномен сифатида асрлар оша маънавиятимизда муҳрланиб келаётганлигини кўрсатади. Яқин ва Ўрта Шарқ мутафаккирлари, шоирларининг бой илмий-бадиий меросини ўрганишимиз ва ўқитувчи, унинг касб сифатлари ҳақидаги фикрларни таҳлил қилишимиз жараёнида биз шундай хулосага келдик: ўқитувчи шахси асрлар давомида инсон томонидан улуғланиб ва доно маслаҳатчи деб қаралган, унинг вазифаси доно давлат раҳбари вазифасига қиёсланган, мутафаккирлар томонидан ўқитувчи қуйидаги касб сифатларига эга бўлиши муҳим эканлиги белгиланган. Ўқитувчи кучли хотира, ирода ва тафаккурга, ақл-фаросатга, чиройли нутқга эга бўлиши, кўзлаган мақсади йўлида қатъийлик кўрсата олиши, болаларни ички дунёсига кира билиш, виждонли, ахлоқли бўлиш зарурлигини таъкидлашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |